ТРАНСФЕРЛАР: Текинга тушган топилмалар

ТРАНСФЕРЛАР: Текинга тушган топилмалар

Футбол олами, жумладан, трансфер бозори ҳам ажабтовур воқеаларга бой.

Қайсидир футбол юлдузи учун миллионлар сарф қилинса, айрим иқтидор соҳибларини жамоалар сув-текинга ўз сафларига қўшиб оладилар. Бу галги ҳикоямиз шу мавзуда.

Алехандро Гримальдо («Байер», 28 ёшда, латераль)

Испаниялик футболчи «Бенфика»даги узоқ йиллик фаолиятдан сўнг эркин агент мақомида «Байер»га ўтди. Ёздаги мазкур трансфер «доришунослар»нинг натижалари ва Алонсонинг тактикасига шунчалик кучли таъсир ўтказишини ҳеч ким кутмаганди. Хаби илк учрашувдаёқ ватандошининг нималарга қодир эканлигини ҳис этди ва латераль бош ролни ўйнайдиган 3-4-3 тактик схемасини қўллаш пайти келганлигини тушунди. Бироқ Фримпонг анчадан бери жамоада бўлган ва услубга аллақачон мослашиб олган бўлса, Гримальдо бир кўришда нотаниш устозининг ғояларини уқиб олди. Алехандро жорий мавсумда фақат Бундеслиганинг ўзида 8та гол ва 9та самарали узатмани расмийлаштирди, жумладан, «Бавария» дарвозасини забт этди, бир неча йилдан бери етакчи бешликдаги ҳимоячилар орасида энг сермаҳсул ҳимоячилар сафида бормоқда.

Иско Аларкон («Бетис», 31 ёшда, плеймейкер)

Гарчи бу футболчи жароҳат туфайли бир ойдан бери майдонга тушмаган бўлсада, фаолиятидаги паузадан кейин «Бетис»да ўз маҳоратини намойиш этишга улгурди. Ўз вақтида «Малага»да муваффақиятли тўп сурган, «Реал»да совринларга эришган плеймейкер руҳиятига жароҳат салбий таъсирини ўтказганди. Шу сабабли Иско Мадридда ўз иқтидорини тўлиқ намойиш эта олмади. Лекин янги мавсумга тайёргарлик жараёнида ортиқча вазндан фориғ бўлгач, «Бетис» раҳбариятининг ишончини қозонди. Энди Искони Саудия­га таклиф этишмоқда. Яъни, севильяликлар клуби фахрий футболчи билан хайрлашиш арафасида мўмай даромадга эга бўлиши мумкин. Ҳозирча, унинг голлари ва ассистларидан баҳраманд бўлмоқда.

Милан Шкриньяр («ПСЖ», 29 ёшда, марказий ҳимоячи)

Йил бошида олган жароҳати туфайли «ПСЖ»даги ўйинларни ўтказиб юбормоқда. Лекин словакиялик футболчи «Интер»ни тарк этганидан кейин Францияда 20га яқин беллашувларда майдонга тушган. 50 млн. еврога баҳоланган ҳимоячини парижликлар эркин агент сифатида ўз сафларига қўшиб олишди. Албатта, Милан янада ишонч­лироқ ўйин кўрсатиши мумкин эди. Бироқ жамоадаги мураббийлар қўнимсизлиги бунга имкон бермади. Шунингдек, жамоанинг таянч ҳудуди ва қанот ҳимоячиси чизиғи талаб даражасида эмас. Доннарумма Милан билан бир хил тилда гаплашсада, Маркиньос билан ишончли ҳимоя жуфтлигини шакллантира олмади. ҳозирча, шундай вазият ҳукмрон. Бу ёғига, ҳимоя чизиғи мукаммал ўйин кўрсатиши шарт. Ахир олдинда ЕЧЛнинг плей-офф босқичи кутмоқда. Шкриньяр яна бир финални кўриш иштиёқида ва албатта, асосий таркибда. «Интер»даги ўйинни у захира ўриндиғида кузатганди.

Дейли Блинд («Жирона», 33 ёшда, марказий ҳимоячи)

Яқинда Анчелотти Карвахалдан латераль учун «Жирона»га қарши баҳсда ҳимоя чизиғи марказида тўп суриш қулайроқми ёки қанотларда, деб сўраганди. Унга фарқи йўқ эканлигини таъкидлаган Дани ўша куни чап қанот марказий ҳимоячи позициясида ўта самарали тўп сурди. «Реал» ўзи учун рекорд учрашувда тўп ўтказиб юбормади, «Жирона»га эса айнан тўпсиз ҳаракатлари билан хавфсизликни таъминлайдиган тажрибали Блинд етишмади. Мичел тўхтатиб бўлмайдиган ҳужумкор жамоани шакллантирган. Дейли эса хатоликлардан холи эмас - Мадриддаги беллашувни сариқ карточкалари кўпайиб кетганлиги туфайли ўтказиб юборди. Лекин юрагидаги жиддий хасталикни енгиб ўтган 33 ёшли нидерландиялик ҳимоячи ёзги трансфер мавсумининг энг омадли келишувларидан бири эканлиги аниқ. «Бавария»нинг собиқ футболчисини ўз жамоасига қўшиб олишда Гвардиоланинг укаси ўта пухта иш юритди.

Илкай Гюндоган («Барселона», 33 ёшда, хавбек)

Гримальдодан фарқли равишда, германиялик футболчининг янги жамоаси билан чемпионликка эришиш имконияти жуда оз. Ўтган мавсумда «Барселона» Ла Лигада зафар қучганди, ҳозир ҳамма мавсум якунида жамоани тарк этишини тахмин қилмоқда. Лекин ундан аввал жамоани «Наполи»га қарши ўйин кутмоқда. Демак, мавсум ниҳоясига етгани йўқ. Илкай янги жамоадаги дебютини рисоладагидек ўтказди. Лекин ёши улғайиб қолгани баъзан сезилиб қолмоқда. жамоадаги муаммолар эса шунчалик кўпки, уларни бартараф этишга бир нафар футболчининг кучи етмайди. Нима бўлганда ҳам, Гюндоган баҳор босқичини самарали ўтказишга уриниб кўради. Ахир Евро-2024да томошабин бўлиб қолмаслик учун Бундес­тимдан чорлов олиши керак. Шунингдек, «Барса» билан имзолаган шартномани ҳам унутмаслиги керак. Келишув муддати «Манчестер Сити»дагидан анча узунроқ, Илкай яқин йиллар ичида футбол билан хайрлашмоқчи эмас.

Маркус Тюрам («Интер», 26 ёшда, ҳужумчи)

ЕЧЛда «Астон Вилла»га ёрдам бера оладиган Тилеманс бор - бельгиялик хавбек захирадан майдонга тушади. «Атлетико»да ротация ва халоскор голлар учун Депай бор, у бошланғич таркибда. Асенсио эса «ПСЖ»га ҳужум чизиғидаги ротацияга шай. Тюрам эса мавсумлар оралиғида эркин агентга айланган футболчилар орасидаги улкан омад тимсоли. Симоне Инзаги универсал ҳужумчини «Интер»да Лаутаро Мартинес билан ёнма-ён тўп суришига ишонтирди. Аргентиналик ҳужумчининг Италиядан кетиш ниятида эмаслиги ҳам франциялик касбдошига далда бўлди. Натижада энг сермаҳсул ҳужумчилар дуэти шаклланди. Жорий мавсумда Тюрам 9та гол ва 7та ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди, Мартинеснинг кўрсаткичлари янада юқорироқ. Шу сабабли «Интер» «А» сериясининг етакчиси, 2-ўриндаги «Ювентус»дан 7 очкога олдинда бормоқда. Қизиғи шундаки, мазкур тафовут 23-тур натижаларидан кейин юзага келди, буюк ҳимоячи Лилиан Тюрам «Ювентус» билан шоҳсупани забт этган бўлса, Маркус «Интер» билан чўққи сари дадил парвоз қилмоқда. Молиявий муаммолар туфайли «Интер» Лаутародан воз кечган тақдирда ҳам, Маркус ҳеч қаёққа кетмайди.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ёздаги эркин агентлардан Бензема, Канте ва Фирминолар Саудияга йўл олишди. Месси миллиард евродан воз кечиб, АҚШда тўп сурмоқда. Анхель Ди Мария ўзи учун бегона бўлмаган «Бенфика»га қайтди, Серхио Рамос яна қадрдон клуби - «Севилья»да тўп сурмоқда. Бироқ гап топ,лигалардаги муваффақиятлар хусусида кетганда, юқорида зикр этилган қаҳрамонларимиз устунроқлар.

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади