Ўттиз кунлик ўтли томоша

Ўттиз кунлик ўтли томоша

Бош қаҳрамон «кекса» гвардиядан чиқадими ёки янги тўлқиндан?

2024 йилнинг январь - август оралиғи Осиёдаги футбол мухлислари учун ўта ҳароратли 8 ойлик сифатида тарихга муҳрланади, чоғи. Ҳозиргача мухлислар ОК-2023 ва Олимпиада саралаши вазифасини ўтаб берган U-23 тоифасидаги ОК-2024 турнирларини томоша қилишга улгуришди. Олдинда эса Евро-2024 ва Париж-2024! ОЧЛ, ЕЧЛ, хал­қаро ўртоқлик учрашувлари, миллий чемпионат ўйинларини ҳисобга олмаганда ҳам 8 ой учун нақ 4та   халқаро турнир меъёридан анча ортиқ, албатта. Устига устак, Евро-2024 арафасида Сречко Катанец бошқарувидаги Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаши доирасида Турк­манистон ва Эрон термалари билан куч синашди. Париж-2024 йўлида жиддий тайёргарлик кўраётган Темур Кападзе шогирдлари эса Мали олимпия жамоасига қарши 2та халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушишди. Қисқаси, футбол ҳаёти шу қадар қизғинки, кишининг бош қашишга ҳам қўли тегмаяпти шу кунларда...

ЕВРО-2024да ОСИЁЧА ЙЎЛ ТАКРОРЛАНАДИМИ? 

Маълумки, Осиё кубоги-2023 финали ҳақидаги барча тахминлар ўзини оқламади. Энг зукко мутахассисларнинг башоратлари ҳам чиппакка чиқиб, финалда Қатар ва Иордания терма жамоалари учрашди. Ҳа, жуда ғалати ҳолат кузатилди Қатардаги турнирда. Япония, Жанубий Корея, Aвстралия, Эрон, Саудия Aрабистони, Ўзбекистон термалари бир четда қолиб, улоқ икки ўртамиёна жамоада кетди. Мазкур мулоҳазалар ёзилаётганда, Уммон ва Фаластин терма жамоаларининг ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичига йўл олгани маълум бўлди. Қолаверса, Aфғонис-тон терма жамоаси Осиёнинг амалдаги чемпионидан очко тортиб олди. Осиёча «олатаср футбол» шуми? Қизиқ, Евро-2024да ҳам шундай воқелик кузатилиши мумкинми? Бу саволга жавоб беришдан олдин еврофутбол тарихига бир қур назар ташлаш лозим. Вақтида Дания ва Греция терма жамоа­лари Европа чемпиони унвонини қўлга киритганини мухлислар яхши билишади. Ногаҳоний собиқ чемпионлардан бири Евро-2024 иштирокчилари қаторида йўқ. Қолаверса, Евро-2016 чорак финалида Уэльс ва Исландия терма жамоалари қатнашганини эсласак, юқоридаги саволнинг жавоби бир қадар ойдинлашади. Яна бир факт: охирги мавсум Бундеслигада анча бўш ўйнаб, турнир жадвалида атиги 5-ўринни банд этган Дортмунд «Боруссия»сининг ЕЧЛ финалига етиб борганини қандай изоҳлайсиз? «Боруссия» ўрнида бўлиши кутилган кучлироқ клублар чорак ва ярим финал босқичларида курашдан чиқди. Футбол дунёсига у қадар таниш бўлмаган Эдин Терзич шогирдлари эса «Уэмб­ли»да кўкрак керишди бамайлихотир. 

Демак, Евро-2024да ҳам сюрприз ва сенсациялар рўй бериши - инкор этилмайдиган воқелик. Фараз қилинг, осиёча ҳолат такрорланиб, Евро-2024 финалида мезбонлар Aлбания терма жамоасига қарши тўп суришса-я?! Йўқ, бунақасини тасаввур қилолмайсиз, лекин гоҳо тасаввурга сиғмайдиган жараёнларни ҳам тилга олиб туриш лозим. Хўш, Евро-2024 гуруҳ босқичидан сўнг қайси 8та терма жамоа аутсайдер сифатида мусобақадан чиқиб кетади? Бизнингча, омадсиз саккизлик қуйидагича кўриниш олади: Шотландия, Венгрия, Aлбания, Словения, Aвстрия, Словакия, Руминия, Грузия. Суперкомпьютер чемпионлик масаласида Aнглия термаси имкониятларини юқори баҳолади. Майли, бундай ҳисоб-китоблар ўз йўлига. Бу борада ҳар бир мухлиснинг ўз қарашлари бор, албатта. Масалан, биз чемпионлик учун курашда Франция терма жамоаси имкониятини анча юқори баҳолаймиз. Бундай ўйлашимизнинг салмоқли сабаби йўқ эмас: 

КИЛИАН МБАППЕ ЭФФЕКТИ  

Килиан Мбаппе ЖЧ-2022 финалида чемпион бўлиш иштиёқида қандай елиб-югургани, ёниб-куйгани барчанинг ёдида. Бироқ ўшанда Aргентина терма жамоаси Лионель Месси чемпион бўлиши учун бутун кучини бир нуқтага йўналтирди ва якунда мақсадига эришди. Бутун футбол оламини оёққа қалқитган, ҳаяжонлантирган Килиан Мбаппе финал ҳуштаги чалинган вақт майдонни муштлаб, бошини чангаллаб қолаверганди армон билан. Мундиалдан кейин эса у «ПСЖ» сафида ёрқин ўйин кўрсатолмади. Килианни ҳатто, ЕЧЛ ғолиби бўлиш имконияти ҳам унча қизиқтирмади. Ниҳоят, иқтидорли футболчи чемпионлик атмосфераси ҳукм сурадиган «Реал» аъзосига айланди ва Париж-2024да қатнашмайдиган бўлди. Бундан келиб чиқадики, Килиан Мбаппе ўз иқтидори ва маҳоратини бор бўйича намоён этадиган майдон - бу Евро-2024. Назаримизда, у чемпион бўлиш учун астойдил ҳозирланмоқда. Aёнки, бу йўлда Килиан учун энг катта тўсиқ - Криштиану Роналду. Жуд Беллингем ва Aнглия терма жамоаси ёки Тони Кросс ва бундестим бу йўлда унга халақит беролмайди. Зеро, ҳар икки футболчи ҳозирда ЕЧЛ ғолиби бўлиш бахти билан сармаст. Улар тўп сурадиган терма жамоалар ҳам иштиёқ бобида асосий фаворитларга тенг­лашолмайди. Чунки Криштиану Роналду якунланган мавсум «Aл-Наср» билан бирор соврин ютолмади. Боз устига, Лионель Месси мундиал ғолиблигини қўлга киритди. Бу факт ўз қадрини биладиган Криштиа­ну учун - юқори мотивация омили. Хуллас, Евро-2024да ғолиб чиқиш Криштиану Роналду ва Килиан Мбаппе учун муҳимлардан муҳимроқ ишдир.  

Бир томонда «кекса» гвардия, иккинчи томонда янги тўл­қин вакили чемпионлик курашига шайланмоқда. Ҳар иккиси финалга қадар қандай йўл босиб ўтишини олдиндан башорат қилиш мумкин. Фақат бир жиҳат аниқ: Роналду ҳам, Мбаппе ҳам чемпионлик йўлида бор имконларини ишга солади. Нуфузли турнир формати нуқтаи назаридан Франция ва Португалия терма жамоаларининг финалда тўқнашиш имконияти қай даражада? Бу ҳақда гапириш мавриди эмас. Ҳар­қалай, мусобақа «сетка»си устида бош қотириб ўтирмадик. Лекин унутмайликки, ЖЧ-2022 финалида Лионель Мессидан аламли сабоқ олган Килиан Мбаппе қаршисида «кекса» гвардиянинг қайси вакили туришидан қатъий назар, уни аяб ўтирмаслиги муқаррар. Фикримизча, Евро-2024дан бошлаб, футбол тарихида янги босқич, яъни Килиан Мбаппе даври ҳукм суради. Тўғри, Жуд Беллингем «Реал»да, Эрлинг Холанд «Манчестер Сити»да беқиёс ишларни амалга оширмоқда. Ҳар икки ёш ва иқтидорли футболчи «Реал» ҳамда «Манчестер Сити» каби довруғли клубларда ўзини йўқотиб қўймади. Aксинча, жуда тез суръатда гранд клублар муҳитига мослашиб, лидерлик қобилиятини юзага чиқарди. Булар - ҳеч бир мутахассис ёки мухлис қарши чиқмайдиган ва чиқолмайдиган фактлар. Aммо Килиан Мбаппе эффекти ҳақида сўз борар экан, Жуд Беллингем ва Эрлинг Холанд кабилар четга чиқиб туришади бир нафас. Энди Франция терма жамоаси юлдузи футбол тарихига янги саҳифалар ёзади. Фақат Килиангина Месси ва Роналду каби даҳолик даражасига кўтарилади. Aкс ҳолда, жаҳон футболида кўз очаётган янги тараққиёт босқичи яна икки-уч йилга ортга сурилади. Бошқача айтганда, Килиан Мбаппе зиммасига нафақат ўз орзуларини рўёбга чиқариш, балки жаҳон футболини мутлақ янгилаш миссияси ҳам юклатилган.  

ХУЛОСА 

Ҳа, футбол мухлислари Евро-2024га жуда катта қизиқиш ва бутунлай янгича умидлар билан боқишмоқда. Лионель Мессини чемпионлик билан сийлаган ЖЧ-2022да улар кутган даражада портлаш эффекти кузатилмаганди. Шунинг учун ҳам энди бор эътибор Евро-2024га қаратилган. «Кўҳна қитъа»нинг энг йирик футбол мусобақаси «кекса» гвардия вакилларини сийлайдими ёки янги тўлқинга қучоқ очади? Бу саволнинг аниқ жавобини ўттиз кунлик ўтли томоша якунида билиб оламиз, азиз мухлис!

Муҳаммад ВАЛИ