Медаллар ҳисоби қандай ёхуд ЎЗБЕКИСТОН ЧЕМПИОНАТИ ЭЛИТ ЛИГАСИ СОВРИНДОРЛАРИ

Медаллар ҳисоби қандай ёхуд ЎЗБЕКИСТОН ЧЕМПИОНАТИ ЭЛИТ ЛИГАСИ СОВРИНДОРЛАРИ

Газетамизнинг аввалги сонларида навбати билан миллий чемпионатимиз тарихидаги голеадорлар, гвардиячилар, шунингдек, «покер» ва «хет-трик»­лар сони бўйича етакчи футболчилар ҳақида туркум статистик маълумотлар тақдим этгандик.

Табиийки, мухлисларни элит лига медаллари (олтин - 1-ўрин, кумуш - 2-ўрин ва бронза - 3-ўрин)га доир ҳисобот ҳам қизиқтиради. Демак, бугун Ўзбекистон чемпионати медалларини бирров санаб кўрамиз...

МЕДАЛЛАР ТАҚСИМОТИ

Аввало, айтиш керак, мавжуд қоидаларга мувофиқ, муайян даврий чемпионатда сов­риндор бўлган жамоа футболчисидан медаль олиш учун турнирнинг камида 50 фоиз ўйинида қатнашиш талаб этилади. Бир қарашда, мусобақа доирасидаги учрашувларнинг ярмида майдонга тушиш осондек туюлади, лекин амалда бундай натижага эришиш анча қийин. Айниқса, футболда. Дейлик, камдан-кам ҳолатда жамоа таркибидаги футболчилардан ярмига медаль олиш насиб этади. Тўғри, одатга кўра, совриндор жамоага 20-25та медаль ажратилади. Бироқ унутмаслик керакки, бунда жамоа мураббийлари ва бош­қа ёрдамчи ходимларнинг улушлари ҳам бўлади. 

 

«ОЛТИН» САНОҒИ

Энди асосий масалага ўтамиз. Демак, Ўзбекистон чемпионати элит лигасининг ортда қолган 30 мавсумида мавжуд қоидалар бўйи­ча турли жамоаларнинг жами 217 нафар футболчисига олтин медаль берилган. 

Ўзбекистон чемпионати олтин медали эгалари 

116 нафар футболчи - 1 мартадан

39 нафар футболчи - 2 мартадан

30 нафар футболчи - 3 мартадан 

21 нафар футболчи - 4 мартадан 

6 нафар футболчи - 5 мартадан 

1 нафар футболчи - 6 марта

1 нафар футболчи - 9 марта

1 нафар футболчи - 10 марта

2 нафар футболчи - 11 мартадан 

Чемпионлик медали сони бўйича кучли бешталикни грузиялик легионер Кахи Махарадзе очиб беради. У «Пахтакор» ва «Локомотив» сафида 3 мартадан чемпионлик маррасига етган - жами 6та олтин медаль. Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси Сервер Жепаров миллий чемпионатимизнинг олий пробали медалига 9 марта сазовор бўлган. Ўзбекистон терма жамоаси собиқ сардори шунча «олтин»ни 3та клуб - «Пахтакор», «Бун­ёдкор» ва «Локомотив» либосида тўплаган. Собиқ ҳужумчи Анвар Солиев эса «Пахтакор» ва «Бунёдкор»даги фаолияти давомида нақ 10 марта бўйнига олтин медаль таққан. Ўзбекистон чемпионати элит лигасида энг кўп ғалаба нашидасини сурган футболчилар рўйхатини эса икки киши бошқариб турибди - Темур Кападзе ва Игнатий Нестеров. «Олимпик» бош мураббий ҳам, «Қизилқум»нинг амалдаги дарвозабони ҳам 11та «олтин»ни «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» билан қўлга киритган. Демак, Нестеровда бу борада мутлақ рекордчи бўлиш имконияти йўқ эмас. Тўғри, бунинг учун «Қизилқум» янада далиллаши талаб этилади. Ўз ўрнида битта қизиқарли факт: миллий жамоамиз собиқ ярим ҳимоячиси Абдуқаҳҳор Маъруфалиев ўз бисотидаги 3та олтин медални 3та жамоа (1992 йили «Пахтакор», 1996 йили «Навбаҳор» ва 2000 йили «Дўстлик»)да расмийлаштирган.

 

«КУМУШ» САНОҒИ

Иккинчи пробали медаль ҳисоботига келсак, уни 30 мавсум якуни бўйича жами 252 нафар футболчи олган. Бу борада ҳам етакчилар гуруҳи шаклланган, албатта.   

Ўзбекистон чемпионати кумуш медали эгалари 

174 нафар футболчи - 1 мартадан

42 нафар футболчи - 2 мартадан 

13 нафар футболчи - 3 мартадан 

12 нафар футболчи - 4 мартадан 

6 нафар футболчи - 5 мартадан 

3 нафар футболчи - 6 мартадан 

1 нафар футболчи - 7 марта

1 нафар футболчи - 8 марта

«Кумуш» бўйича кучли бешталикда «Нефт­чи» вакиллари яққол устунлар. Дейлик, Умид Исоқов, Сергей Лебедев ва Равшан Маталиев Фарғона жамоаси билан 6 мартадан шоҳсупанинг 2-қаторига кўтарилишган. Бу кумуш медаль рейтингида 3-яхши натижадир. «Нефтчи»нинг собиқ дарвозабони Георгий Забиров ҳисобида эса 7та «кумуш» бор. Бу борада мутлақ пешқадам саналган Акмал Холматов (8та) ҳам асосан Фарғона жамоасида иккинчи рақамли совриндор бўлган. Унда яна «Локомотив» билан ютилган «кумуш» ҳам йўқ эмас. Қизиқарли факт ва ўзига хос рекорд эса Павел Бугалога боғлиқ. Диққат қилинг, миллий жамоамиз собиқ дарвозабони 3та кумуш медалидан дастлабкисини 1993 йили «Пахтакор» билан нишонлаган бўлса, иккинчиси мавсум-2007 якунида «Бунёдкор» футболчиси сифатида олган. Бугало ҳисобидаги 3-кумуш медаль 2013 йилги мавсумга тўғри келади. Дарвозабон ўшанда «Локомотив» шарафини ҳимоя қилганди. Хуллас, унинг иккинчи пробали медаллари оралиғида нақ 20 йиллик фарқ бор! 

 

«БРОНЗА» САНОҒИ

Ўзбекистон чемпионатида бронза медали эгалари сафи «олтин» ва «кумуш»никидан кенгроқ. Яъни элит лигамиз тарихида жами 266 нафар футболчи 3-ўрин соҳиби ўлароқ, учинчи пробали медаль ютган.   

Ўзбекистон чемпионати бронза медали эгалари 

180 нафар футболчи - 1 мартадан

49 нафар футболчи - 2 мартадан 

18 нафар футболчи - 3 мартадан 

12 нафар футболчи - 4 мартадан 

2 нафар футболчи - 5 мартадан 

4 нафар футболчи - 6 мартадан 

1 нафар футболчи - 7 марта

Бронза медали совриндорларининг кучли бешталигида рақобат анча жиддий. Хусусан, Вали Келдиев, Мақсуд Каримов, Тоҳир Мадраҳимов ва Сайдулло Турсунов ўз фаолиятлари давомида 6 мартадан 3-ўрин соҳибига айланишган. Пешқадам - Ботир Қораев ҳисобида эса «Насаф» ва «Машъал» сафида ютилган 7та «бронза» бор.

ЭНГ СОВРИНДОР ФУТБОЛЧИЛАР

3 хил медални бирлаштирсак, чемпионатимизнинг ортда қолган 30 мавсумидаги энг совриндор футболчилар рўйхати шаклланади. Демак, ҳозирги ҳолатда бу рейтингни амалдаги футболчи Игнатий Нестеров бошқариб турибди - жами 15та медаль!

Футболчи

«Олтин»

«Кумуш»

Бронза»

Жами

1. Игнатий Нестеров

11

4

-

15

2. Анвар Солиев

10

1

3

14

3. Темур Кападзе

11

1

-

12

4. Сергей Лебедев

4

6

1

11

5. Сервер Жепаров

9

-

-

9

6. Акмал Холматов

1

8

-

9

7. Георгий Забиров

1

7

-

8

8. Ботир Қораев

-

1

7

8

9. Кахи Махарадзе

6

-

1

7

10. Умид Исоқов

1

6

-

7

11. Тоҳир Мадраҳимов

1

-

6

7

12. Сайдулло Турсунов

1

-

6

7

13. Мақсуд Каримов

-

1

6

7

Сергей КНЯЗЕВ