«Унион» ҳақиқати: ЕЧЛдан Бундеслигада жон сақлашгача

«Унион» ҳақиқати: ЕЧЛдан Бундеслигада жон сақлашгача

ЕЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги турида «Унион» клубининг чехиялик ярим ҳимоячиси Алекс Крал 85-дақиқада «Реал» дарвозасини ишғол этиб, мувозанатни тиклаганди ва...

Ва стадиондаги 70 000дан ортиқ мухлисларда нуфузли турнирдаги илк ғалабага умид уйғонганди. Бироқ Дани Себальоснинг 89-дақиқадаги голи меҳмонлар ғалабасини таъминлади.
union-1.jpg

«Олимпиаштадион»ни тўлдириб ўтирган мухлислар севимли жамоалари 6та ўйинда атиги 2 очко олганидан ранжиган бўлсаларда, ўйинчилар ва мураббийларни танқид қилмадилар. Тўғри, еврокубоклар турнирини барвақт тарк этиш - футболнинг бир бўлаги. Лекин у аввалги мавсумни 4-ўринда якунлаган ва янада юксак марраларни кўзлаётган «Унион»да қандайдир ғайритабиий ўзгаришлар юз берганидан далолат беради. Атиги 6 ой аввал шиддатли парвознинг, жумладан, бош мураббий Урс Фишернинг тўсатдан ғойиб бўлиши ўта ажабланарли ҳодиса эди. Бироқ стартдаги 14 ўйинли ғалабасиз серия, қаторасига 12та мағлубият мураббийнинг истеъфоси ташқари, жамоа келажагини ҳам шубҳа остида қолдирганди.

«Унион»нинг 2-дивизион вакили мақомидан Бундеслиганинг қудратли жамоасига айланиши Фишер бош қаҳрамон ролини ўйнаганди. Швейцария­лик мутахассис Берлин клубига ақлли прессинг ва вертикал ҳужумга асосланган ўзига хос услубни сингдирганди. Лекин сентябрда бўй кўрсата бошлаган хавотирли пасайиш даврида мураббий жамоага ўзига бўлган ишончни қайтара олмайдигандек туюлди. Айни паллада Робин Гозенс ва Леонардо Бонуччининг трансферлари «Унион»нинг иштаҳасига мой қуйди. Энди жамоа 5 йил аввалги аутсайдерга умуман ўхшамасди. Қишда немис матбуоти саҳифалари «Унион»нинг Искога харидор бўлганлиги ҳақидаги хабарларга тўлиб кетди. «Реал»нинг собиқ ўйинчиси ҳатто Берлинга учиб келган бўлсада, томонлар бир тўхтамга кела олишмади. Шунга қарамасдан, «Унион» таниқли ўйинчилар ортидан қувишни давом эттирди, Бонуччи, Гозенс каби бир қатор ўйинчиларнинг келиши уни 5 йил ичида иззатталаб жамоа­лар сафига олиб чиқди. Шу тариқа шарқий Берлин клуби янги даврга қадам қўйди.

Бироқ янги босқичда жамоани навбатдаги ёрқин парвоз эмас, 2018 йилда бошланган Фишер даврининг аянчли интиҳоси қарши олди. Ноябр­да мураббий жамоани тарк этгач, маълум муддат Раулга умид боғлашди. Бироқ «Реал» афсонаси ёшлар жамоасида ишлашни афзал кўрди. Берлинликлар эса Ненад Бьелица номзодига қизиқишди.

52 ёшли хорватиялик мутахассис немис футболи учун бегона эмас: 2000-йилларда у 3 мавсум «Кайзерслаутерн»да тўп сурди. Мураббийлик фаолиятини эса «Вольфсберг» клубида бошлаб, ке­йин «Аустрия»ни бошқарди. Кейинчалик мураббий Италияда «Специя», Польшада «Лех» клубларида ишлади. Шундан кейин ўз ватанига қайтиб, Хорватиянинг энг нуфузли клуби - Загреб «Динамо»сини ўз тасарруфига олди. Бьелица пойтахт клуби билан 2 марта шоҳсупани забт этди. Бундан ташқари, унинг «Динамо»си халқаро аренада ҳам рисоладагидек ўйин кўрсатди. Кейинчалик мураббий Туркиянинг «Трабзонспор» клубини қабул қилди. Лекин 6 ойдан кейин жамоани тарк этди.

Бьелица таниқли тактик мураббийлари тоифасидан эмас, лекин ўзига хос услубдаги малакаси билан ном қозонган. Хорватиялик мутахассис ўз шогирдларининг ўйинга бўлган қизиқишларини ошириб, йўқотиб қўйган ишончларини қайтара олади. Фишер фаолиятининг охирги кунларида «Унион»дан нафақат тактика бобидаги муаммолар, балки футболчилардаги умидсизлик иллатига қарши курашиш ҳам талаб этиларди. Ҳатто жамоанинг энг садоқатли мухлислари ҳам суюкли жамоаларига туртки бера олмадилар. «Унион» натижа бобида ҳам, ўйин савияси бўйича ҳам ўта аянчли ҳолатга тушиб қолди.

Бьелица жамоа бошқарувини ўз измига олганидан кейин, ундан шогирдларини «Брага»га қарши ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги беллашувга тайёрлаш талаб этиларди. Боз устига, «Унион»нинг «Бавария»га қарши ички чемпионатдаги учрашуви кучли қор ёғиши муносабати билан кечиктирилганди. Португалия клуби билан бўлган ўйинда янги мураббий ўтмишдошининг 3-5-2 тактик схемасидан воз кечиб, 4 нафар ҳимоячини майдонга туширди. Бонуччи эса захира ўриндиғидан жой олди. Таркибда сезиларли ўзгаришлар амалга оширилганига қарамасдан, жамоа мазкур ўйинда ғайрат,шижоат билан тўп сурди, дея олмаймиз. Ҳатто португалияликлар ҳимоячиси Сику Ниакате қизил карточка олиб майдонни тарк этган, Гозенс эса гол уриб, «Унион»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлсада, жамоа руҳияти кўтарилмади ва танаффусдан кейин жамоа ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. 

Чўка бошлаган жамоани ғарқ бўлишдан сақлаб қола оладиган халоскор айнан Бьелица бўлиши мумкинлиги хусусидаги аломат «Унион» «Брага»га қарши учрашувдан қайтиб келганидан бир неча кун кейин юз берди. Ўшанда жамоа барча турнирлардаги 16та мағлубиятдан кейин илк бор Менхенгладбахнинг «Боруссия»сини 3:1 ҳисобида маҳв этганди. Мазкур учрашув ҳужумчи Бенедикт Холлербах учун ҳам муҳим аҳамият касб этган, «Висбаден»­дан олий дивизионга кўтарилган футболчи илк голини нишонлаганди.

«Реал» билан жанговар дурангга имзо чекиш жамоага кўтаринки кайфиятни ҳадя этиши аниқ эди. Бироқ Мадрид грандидан қабул қилинган мағлубиятдан кейин, жамоа бундеслига доирасида «Бохум»га ҳам йирик ҳисобдаги ғалабани совға қилди. Тўғри, 16-турда Холлербах «Кёльн» дарвозасига ҳам гол урди, «Унион» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва аутсайдерлар гуруҳини тарк этди. Бироқ берлинликлар мавсумнинг шу зайлда ўтишини хаёлларига ҳам келтиришмаганди. Мухлислар ва клуб мутасаддилари Фишердан узоқ ва самарали фаолиятни кутишганди. Афсуски, «Унион»нинг пастга шўнғиши элитага кўтарилишга нисбатан жуда тез ва оғриқли бўлди. Энди Бьелица олдида тезроқ очколарни жамғариш ва хавфли ҳудуддан имкон қадар узоқлашиш вазифаси турибди.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади