Атиги 3 дақиқада «хет-трик»

Атиги 3 дақиқада «хет-трик»

ЕВРОКУБОКЛАР ТАРИХИДАГИ ЭНГ ТЕЗКОР «ХЕТ-ТРИК».

Эрлинг Холанд ижросидаги «пента-трик»дан сўнг «Гент» вакили ҳам катта саҳнага чиқди. Бельгия клубининг нигериялик 20 ёшли ҳужумчиси Гифт Орбан КЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Истанбул»га қарши сафар ўйини биринчи бўлимидаёқ туркларни 3 марта ранжитди. Йўқ, бутун биринчи бўлим эмас, атиги 3 дақиқа оралиғида 3та гол урди.

***31-дақиқа - турклар марказда тўпни йўқотишди ва меҳмонлар тезкор қарши ҳужумга ўтишди. Якунда ярим ҳимоячи Хон Хен Сок жарима майдони ичида тўпни эгаллаб, ортидан келаётган Орбанни зарба йўлига чорлади ва «Истанбул»нинг тажрибали кипери Волкан Бабажан ожиз қолди.

***32-дақиқа - Хон Хен Сок бу сафар Гифт билан «девор» услубида ўйнаб, уни яна бир бора қулай вазиятга чиқарди. Нигериялик иқтидор якунда ҳимоячини алдаб ўтиб, узоқ мавофадан дарвозанинг «тўққиз»лигини нишонга олди.

***34-дақиқа - Орбан жарима майдонида тўпни рақиблар таъқибисиз бемалол эгаллаб олди ва яна бир аниқ зарба!

Қисқаси, Гифт 3та гол учун атиги 3 дақиқа 24 сония сарфлади - бу еврокубоклар тарихидаги рекорд! Бунга қадар энг юқори натижа «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳга тегишли эди: мисрлик жорий мавсум «Рейнжерс» билан ўйинда 6 дақиқа 12 сонияда 3та гол урди.

Хўш, «маҳлуқ» сифатига эга Эрлинг Холанддан-да «йиртқич»роқ кўринган Гифт Орбан қандай футболчи? Гап Нигериянинг «Бисон» клуби тарбияланувчиси ҳақида кетмоқда. У футбол агенти Эмефи Анеке-Атта ёрдами билан евромайдонларга бош суқди. Ушбу агент асли Нигериядан, лекин Норвегияда яшайди, унинг еврофутболга тортган мижозлари орасида Кот-д~ивуарлик Дэвид Фофана («Челси»)ни ажратиб кўрсатиш мумкин. Одион Игало ва Чидера Эжуке ҳам айнан Анеке-Атта билан ҳамкорлик қилишади. Орбанга қайтсак, у Бельгияга чемпионатига Норвегия орқали қадам ташлади. Аниқроғи, агент нигериялик йигитчани ўтган йилнинг август ойида «Стабек» (Иккинчи дивизион иштирокчиси) таркибига жойлаштириб қўйди. Гифт эса Норвегияда биринчи ўйинданоқ эффект бера бошлади ва қисқа вақтда анча жиддий статистика тўплади: 22та учрашувда 19та гол, 7та ассист. Шу тариқа «Гент» назарига тушди ва Бельгия клуби қишда трансфери учун норвегияликларга 3 миллион евро тўлади ортиқса савдолашмасдан. 

Гифтнинг Бельгия футболидаги старти эса - космос! Диққат қилинг, Орбан барча мусобақалар доирасидаги дастлабки 9та ўйинда 12та гол урди. У айниқса, март ойида ўзгача «қутурди». Дейлик, «Истанбул»га қарши кечган 1Ғ8 финали босқичи жавоб ўйинидан 3 кун олдин Юпилер- лигада «Цульте Варегем» киперини 4 марта ожиз қолдирганди - «покер». Хуллас, 2та ўйинда 7та гол. Фантастик тезлик. Ҳушёр торт, Эрлинг!

Агар жорий аср Европанинг кучли 5та лигасида қайд этилган тезкор «хет-трик»лар рўйхатига қарасак, Садио Мане олдинда. Сенегаллик ҳужумчи 2014|2015 йиллар мавсуми «Ливерпуль» либосида атиги 3 дақиқада 3та гол урганди.