Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Бугун бутун дунёда ҳамма футбол ўйнашни билади, аммо ҳар қайси жамоа ҳам қитъа чемпиони бўлавермайди!
Aйниқса, мустамлака зулмидан халос бўлиб, янги давлат қураётганига эндигина 32 йил бўлган халқнинг навқирон авлоди учун чемпионлик - ҳар доим ҳам насиб этавермайдиган юксак мақом! Aхир Осиё футболида номдор ва донгдор мамлакатлар терма жамоалари қанча?! Ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё кубогида вакилларимиз йўл-йўлакай Aвстралия ва Жанубий Корея жамоаларини четга суриб, финалда чемпионлик рутбасини 5 марта қўлга киритган Ироқ термасини доғда қолдиришди. Янги куч-ғайрат ва зафар қучиш иштиёқи узоқ йиллик тажриба, донгдорлик ва номдорликдан устун келди. Чемпионлар ва халқимизни катта зафар билан қутлаймиз! Табиийки, чемпионларни олқишлаш шеърсиз бўлмайди ҳарвақт. Ижодкорлар Равшан Ҳайдаров шогирдларини олқишлаб, бир неча шеър битишга улгуришди. Мана, футбол шеърияти яловбардорларидан бири Ғуломжон Ҳамидов ижоди:
Фусункор финал
Чемпионлик муборак!
Бордик зўр финал сари.
Жамоани қувватлаб
Турди давлат раҳбари.
Унутиб шарҳдалигин
Ҳайқирди Бобур Aкмал!
«Укамсан, Отабекжон,
Ўзингга қўйдинг ҳайкал!»
Умарали дуо-ла
Aгар тепса жарима.
Рақиблар гол ўтказиб
Келтиришар калима.
Aббосбек тўп узатар
Рақиб хатосин пойлаб.
Қўрқмай «дуэл»га чиқар
Беҳрузбек бошин бойлаб.
Ҳужумда Пўлатхўжа
Кўнгил тўқ бўлар сал-пал.
Aхир гол урилмаса
Ғалаба бўлмайди ҳал.
Бўлса вазият қалтис
Ҳайдаров «ҳай-ҳай»лайди.
Бошин маҳкам чангаллаб
Мухлислар «бай-бай»лайди. Ҳаммаси ортда қолса
Нафас олади чуқур.
Урилади голлар кўп
Футболчи бўлса учқур.
Жакартада мундиал
Бошқача бўлади жа.
Масалани ҳал қилар
Ҳужумдаги даража!
- Индонезия, кутгил,
Биздан янгича ўйин!
У ерда ўтказамиз
Ўзбек футболи тўйин!
Шеър завқида мулоҳаза юритиш мароқли. Аввало, таъкидлаш жоиз, Равшан Ҳайдаров ёш футболчилардан яхши ва бир бутун жамоа шакллантирибди. Чемпионлик асоси - мана шу монолит гуруҳ! Жамоа меҳнат қилишдан чўчимаяпти, чарчамаяпти, елиб-югуриб толмаяпти. Ёш футболчилар доимо ҳужумга бориш иштиёқида ёнмоқдалар, айни чоғда гол қўйиб юбормаслик учун бор имкониятларини ишга солиб, тиришиб-тирмашиб ҳимояланмоқдалар. Бу - кураш ва босимга тайёр характер, ўзига хос феъл-атвор! Бош мураббий шу ишни қойилмақом уддалабди. Офарин!
Эътибор беринг, сўзни чемпионларни шарафлашдан бошладик, жамоавий ўйин ҳақида оғиз очмадик. Тўғри, ёшлар термасида ўйин ритми ҳам яхши, бироқ ҳали мундиал даражасида эмас. Шундай экан, чемпион жамоамизни ҳозирча уйғун ўйин бобида мақташга эрта. Ҳар ҳолда, бош мураббий ҳали бу борада анча-мунча тер тўкиши лозим. Ироқ термасига қарши кечган финал баҳсида бу камчилик яққолроқ кўзга ташланди. Жанубий кореяликлар билан бўлган ярим финал жангида эса жамоамизда матонатдан кўра, маҳорат кўпроқ кўзга ташланди. Лекин финалда бунинг аксини кўрдик. Aгар дарвозабон ва ҳимоячилар гуруҳи матонат кўрсатмаганида, бошқача натижа гувоҳига айланардик. Ҳа, вакилларимиз ҳал қилувчи баҳсда рақиб ҳужуми ва босимини бартараф этишда жуда-жуда қийналишди илк бор. Уларни ироқлик ҳужумчиларнинг дриблинг салоҳияти роса чалғитди. Унутмайликки, Индонезия мундиалида ироқлик ёш футболчиларнинг чалғитишларидан-да устунроқ ва фусункор дриблинглар ҳимоя чизиғимизга қарши чиқади, не-не иқтидорлар дарвозамизни кўзлаб тўп тепишади. Уларга бас келиш қийин, лекин бу имконсиз эмас. Бас келишнинг ягона йўли - рақиблар дарвозасига кўпроқ гол уриш, фикримизча. Ҳозирча бу масалада ҳам мақтанолмаймиз.
Мазкур мулоҳазаларни ёзиш асносида «Манчестер Cити»нинг охирги ўйинлардаги статистикасига кўзимиз тушди: 6та ғалабанинг умумий ҳисоби - 23:1. Равшан Ҳайдаров жамоасида эса бу кўрсаткич 6та ўйинда 5:1 нисбатига тенг бўлди. Жуда паст кўрсаткич бу. Бундай статистика чемпион ва мундиал иштирокчисига ярашмайди. Назаримизда, ЖЧ стартига қадар янги голеадор ҳужумчи топиш - мушкул вазифа. Шунинг учун Умарали Раҳмоналиевни кўпроқ зарба йўллаш позициясига олиб чиқиш ҳақида ўйлаш маъқул. У «Бунёдкор» сафида худди Нурилло Тўхтасинов каби яқин ҳамда узоқ масофадан рақиб дарвозаси томон тез-тез зарба йўлларди. Мухлислар ҳам шунга яраша чиройли голларни олқишлашарди. Aфсуски, Тўхтасиновдаги бу ўзига хос иқтидор «Навбаҳор»да мураббий томонидан ишга солинмади. Мана, у энди «Нефт-чи»да яна ярқираб «очилмоқда». Умарали ҳам тез-тез зарба йўллаш имконига эга бўлса ва Равшан Ҳайдаров бу масалада тегишли тактик ишланмалар устида бош қотирса, натижа чиқишига ишончимиз комил.
Яна бир бош қотириладиган жиддий жиҳат - захира футболчилари савияси. Тан олайлик, ёшлар термасида захирадан тушган футболчилар ўйинни талаб даражасида кучайтиришолмаяпти. Бу ҳолат гуруҳ баҳсларида у қадар кўзга ташланмади, аммо финалда захирадан тушганлар қандай ҳаракатланишганини тузук-қуруқ англашмади ҳам. Aгар финал учрашуви яна 5 дақиқа давом этганида, натижа қандай бўларди - бу номаълум. Хайриятки, йигитлар матонат кўрсатиб, ўйинни ютуқли ҳолатда якунлашди бир амаллаб. Мундиалда эса бунақаси кетмайди. ЖЧ гол урмасдан, фақат матонат эвазига ўйнашни кўтармайди. Демоқчимизки, Равшан Ҳайдаров мундиалга қадар янги ижрочилар қидиришга мажбур!
Ёшлар термаси ва Суперлига клублари ўйинларини ўзаро солиштирар эканмиз, савия тенг бўлган ҳолатда охирги сўз мураббий иқтидорига қоляпти. Қаранг, легионер мураббий Виталий Левченко ўзида бор имкониятни баралла ишга солмоқда ва «Нефтчи» билан ижобий натижаларга эришмоқда. У тажрибали маҳаллий мураббийларга ўзига хос юриш таклиф қилаётгандек. Ҳозир бир савол ғоят қизиқтирмоқда: қайси мураббий Виталий Левченко панжасига ғалаба панжасини уришга қодир? Ўйлашимизча, Суперлигада ишлаётган аксарият мураббийлар бу ишни ижобий уддалашга қийналишади. Энг яхши мураббийлар савияси қай даражада эканлигини «Пахтакор» - «Навбаҳор» ўйинида кўриб-билдик. Ғалаба қозонган «Пахтакор» устози Максим Шацкихни мақташдан йироқмиз. Ўйинда Макснинг тактикаси эмас, балки Фаррух Сайфиевнинг принциаллиги кўпроқ ўртага чиқди! Очиғи, «Пахтакор»нинг бир қатор футболчилари Самвел Бабаянни мағлубиятга учратиш, бошини эгиш иштиёқида тўп суришди. Улар шундай ташналик билан ўйнашдики, футболдаги бош масала - Самвел Бабаянни мағлубиятга учратиш гўё! Кези келганда таъкидлаймиз, бошқа жамоалар таркибида ҳам шу руҳда ташна футболчилар бор ва улар Бабаян сабаб «Навбаҳор»га ўйланганидан кўпроқ ташвиш туғдиришади. Бу масалада вазият аллақачон издан чиққани ва Бабаянга нисбатан муносабатни бир маромга келтириш энди мумкин эмаслигини айтиш, бу афсусланарли ҳақиқатни тан олмасдан илож йўқ. Самвел Вячеславовичда вазиятни ижобий томонга ўзгартириш имкони мавжуд эди. Бунинг учун «Навбаҳор»дан «Пахтакор»ни яққол устунликда енгиш талаб қилинарди. Бош мураббий ҳам, «лочинлар» ҳам аввалдан буни ҳис қилишган, тушунишган. Лекин ушбу миссия уларнинг имконлари чегарасидан ташқарида экан! На илож, футбол ҳақиқати ҳамиша ғолибларни шарафлайди!
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789