Давралар оралиғида: "Навбаҳор" дан "Шўртан" гача

Давралар оралиғида:  "Навбаҳор" дан "Шўртан" гача

«Навбаҳор»: таътил тугади. Суперлига турнир жадвали пешқадами бўлиб турган «Навбаҳор» қисқа таътилдан қайтиб, ёзги йиғинга киришди.

 «Лочинлар» 5 кунлик ҳордиқдан сўнг Наманганда йиғилиб, иккинчи давра баҳсларига тайёргарлик жараёнини бошлашди. Жамоа мураббийлари ҳамда футболчилари илк машғулот олдидан куни кеча туғилган кунларини нишонлашган ҳимоя­чи Рустам Ашурматов ва «Навбаҳор»нинг янги аъзоси Диёр Туроповни ўзига хос йўлакча ҳосил қилган ҳолда табриклашди. Самвел Бабаян бошчилигидаги биринчи машғулот «Марказий» стадиони захира майдонида ўтказилди. Унда жумладан, Диёр Туропов ҳам иштирок этди. Жамоа легионерлари ва айрим футболчилар машғулотларга тез кунларда қўшилишади», - дея хабар берди «Навбаҳор» матбуот хизмати. Маълумот учун, давралар оралиғида «Навбаҳор» таркибига қўшилган ярим ҳимоячи Диёр Туропов 1994 йилнинг 9 июль куни Олмалиқ шаҳрида туғилган. У куни кеча 28 ёшни қарши олди. Катта футболдаги фаолиятини 2013 йили АГМКда бошлаган Туропов мавсум-2017да «Локомотив»га ўтганди. У 5,5 мавсум давомида «темирйўлчилар» таркибида миллий чемпионатимизнинг 111та ўйинида майдонга тушди. Футболчи жорий мавсумнинг биринчи ярмида Суперлига доирасидаги 9та ўйинда қатнашиб, 2та гол урди.

«Навбаҳор» матбуот хизмати шунингдек, тожикистонлик 23 ёшли ярим ҳимоячи Эҳсони Паншанбе жамоадан кетганини расман тасдиқлади. Фаолиятини Эроннинг «Зоб-Аҳан» клубида давом эттиришга қарор қилган тожикистонлик футболчи «Навбаҳор» сафини 2020 йилги мавсумнинг иккинчи ярмида тўлдирганди. Душанбенинг «Истиқлол» клубидан таклиф этилган ярим ҳимоячи ортда қолган вақт давомида Ўзбекистон Суперлигасида жами 43та ўйин ўтказди: 2723 дақиқада 2та гол ва 2та самарали узатма. Эҳсони жорий мавсум 7та ўйинда атиги 75 дақиқа ҳаракатланди.

 

«НАСАФ»: САИТОВГА ПОЛЬША  КЛУБИ ХАРИДОР

Айрим хабарларга қараганда, «Насаф» ўнг қанот ҳимоячиси Дилшод Саитов Хойниценинг «Хойничанка» клуби эътиборида турибди. Бу жамоа айни пайт Польша чемпионати биринчи лигасида иштирок этмоқда. Таъкидланишича, Польша жамоаси раҳбарияти Саитовни тўлиқ сотиб олиш вариантини кўриб чиқмоқда. Ҳар ҳолда, 23 ёшли футболчи «Хойничанка» шорт-варақасидан жой олган. Тўғри, «Насаф» ҳозирча бу хабарга муносабат билдиргани йўқ.

 

«СЎҒДИЁНА»: МАШҒУЛОТЛАР СТАРТ ОЛДИ

«Сўғдиёна» матбуот хизмати хабарига қараганда, Улуғбек Бақоев шогирдлари 12 июль куни қисқа муддатли таътилдан қайтиб, машғулотларга киришишди. Айни пайт селекция ишлари қизғин давом этмоқда. «Сўғдиёна» сафига Ҳусниддин Ғофуров қўшилгани ва Марат Бикмаев жамоадан кетгани ҳақида олдинроқ хабар берилганди. Кутилишича, яқин орада яна ўзгаришлар бўлади.

Машғулотлар давомида бир қатор назорат учрашувлари ўтказиш ҳам режалаштирилган. 

 

АГМК: «АНДИЖОН»ДАН УСТУНЛИК

Миржалол Қосимов жамоаси 11 июль куни Про лига пешқадамларидан бири «Андижон»га қарши назорат ўйинида майдонга тушди. Унда Хуршид Ғиёсов ва Зафар Полвонов урган голлар олмалиқликларга ғалаба келтирди - 2:1.

АГМК - «Андижон» - 2:1

Голлар: Хуршид Ғиёсов (пен.), Зафар Полвонов - Маликшоҳ Расулов. 

 

«БУНЁДКОР»: ТАРКИБДА  ЎЗГАРИШ ЙЎҚ

Виктор Карпенко бошқарувидаги «Бунёдкор» тайёргарлик жараёнига 8 июль куни киришди. Шу куни клуб базасида йиғилган футболчилар аввало, тиббий кўрикдан ўтишди ва тушдан ке­йин машғулотларни бошлашди. Ҳозирча таркибда йўқотиш ҳам йўқ, янги футболчилар ҳам йўқ. Йиғин 12 июль куни Беларусь пойтахти Минска кўчирилди. «Қалдирғочлар» у ерда 26 июлга қадар шуғулланиб, 4та назорат ўйинида майдонга тушишлари керак.

 

«ЛОКОМОТИВ»: МЎМИН МЕЛИЕВ  КЕЛАДИМИ?

Суперлига биринчи даврасидан сўнг «Қўқон-1912»дан кетган Мўмин Мелиевнинг «Локомотив» сафига қўшилиши эҳтимоли катта. Ҳарқалай, ижтимоий тармоқларда бу борада хабарлар чиқди. Марказий ҳужумчи биринчи давранинг 13та ўйинида майдонга тушиб, 2та голга ассистентлик қилганини қўшимча қилиш жоиз. Мелиев шунингдек, кубок турнирида «Қўқон-1912»нинг 1та ўйинида 1та гол урди. 

 

«МЕТАЛЛУРГ»: ҒОФУРОВ БИЛАН  ШАРТНОМА

Бекобод клуби ёзги йиғинни кеча (13 июль) бошлади. Олдин хабар берилганидек, «Нефтчи»дан таклиф этилган ярим ҳимоячи Анвар Ғофуров билан расман шартнома тузилди. «Металлург» ҳозирча бошқа трансферни амалга оширгани йўқ. Шунингдек, Шоҳназар Норбековдан бошқа ҳеч ким жамоадан кетмади. Табиийки, йиғин давомида назорат ўйинлари ҳам ташкиллаштирилади. Хусусан, 20 июль куни «Андижон»га қарши ўйин ўтказилиши тасдиқланган.

 

«ҚЎҚОН-1912»: МАШҒУЛОТЛАР  ЖОЙИ - ДЎРМОН

Даврон Файзиев бошчилигидаги «Қўқон-1912» ҳам Суперлига иккинчи даврасига қаратилган тайёргарлик жараёнини бошлаб юборди. Футболчилар Дўрмонда кунига икки маҳал машғулот ўтамоқдалар. Мураббийлар мазкур йиғинга ўринбосарлар таркибидан бир қатор иқтидорли ёшларни ҳам жалб этишган. Таркибда ҳозирча ўзгариш йўқ, лекин селекция ишлари бардавом. Яъни яқин кунларда жамоага янги футболчилар қўшилишлари мумкин. Қўқонликлар Дўрмон йиғин давомида бир нечта ўртоқлик ўйини ташкиллаштиришни ҳам режалаштиришган. 

 

«НЕФТЧИ»: МАШҒУЛОТЛАРДА  «СУРХОН» ФУТБОЛЧИСИ

«Нефтчи» ўқув-машғулотлари давомида таркибга янги футболчилар ҳам қўшилишмоқда. Жумладан, Виталий Левченко жамоаси йиғинида тожикистонлик ҳимоячи Зоир Жўрабоев кўрикдан ўтмоқда. Бу футболчи Суперлига биринчи даврасида «Сурхон» шарафини ҳимоя қилди - 9та ўйинда 1та гол. Янги бош мураббий ҳимоя чизиғидаги муаммоларни инобатга олган ҳолда, 23 ёшли футболчини жалб этган. Агар Зоирнинг ўйинлари мураббийга маъқул келса, у жамоада қолиши мумкин. Эслатма, Тожикистон миллий жамоа­си аъзоси 2022 йилнинг бошида Душанбенинг «Истиқлол» клубидан «Сурхон»га ўтди. «Нефтчи» шунингдек, «Қўқон-1912»нинг универсал футболчиси Санъат Шиховга ҳам қизиқмоқда. Маълумот учун, хоразмлик ярим ҳимоячи мавсумнинг дастлабки қисмида 15та расмий учрашувда майдонга тушиб, 2та гол урди. 

«Нефтчи» матбуот хизмати алоҳида сурат воситасида клубнинг янги логотипи белгилари нимани англатиши ҳақида маълумот берди. 

 

«ТУРОН»: 2 НАФАР ЯНГИ  ЛЕГИОНЕРЛАР

Анвар Бердиев бошқарувидаги Яйпан клуби айни кунларда Тожикистонда йиғин олиб бормоқда. Машғулотларда 3 нафар янги футболчи кўрикдан ўтмоқда. Булар - ҳимоячилар Сергей Морозов (Россия) ва Денис Островский (Украина) ҳамда  ярим ҳимоячи ва Арислан Юсупбаев («Арал Самали»). Уларнинг «Турон» билан шартнома тузиш-тузмасликлар айнан Тожикистондаги машғулотларда ўзларини қандай кўрсатишларига боғлиқ, албатта.

 

«АНДИЖОН»: СУҲРОБ БЕРДИЕВ  САФГА ҚЎШИЛДИ

Виктор Кумиков бошқарувидаги «Андижон» ёзги йиғинни режа бўйича давом эттирмоқда. Машғулотлар баробарида селекция ишларига ҳам эътибор катта. Жумладан, таркибдаги рақобатни янада кучайтириш мақсадида ҳужумкор ярим ҳимоячи Суҳроб Бердиев таклиф этилди. Маълумот учун, фаолияти давомида АГМК, «Сўғдиёна», Шўртан», «Пахтакор», «Қўқон-1912» каби клубларда ўйнаган Бердиев жорий мавсумни «Янгиер»да бошланганди. У про лиганинг дастлабки қисмида 13та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 3та гол урди. Шунингдек, Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқидаги 3та ўйинда 1та гол муаллифига айланди. 

«Андижон» ёзги ўқув-машғулотлар доирасидаги дастлабки назорат учрашувини Олмалиқда АГМКга қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Жамоанинг ягона голи Маликшоҳ Расулов ҳисобига ёзилди. 

АГМК - «Андижон» - 2:1

Голлар: Хуршид Ғиёсов (пен.), Зафар Полвонов - Маликшоҳ Расулов. 

«Андижон»: Элдор Адҳамов, Абдувохид Ғуломов, Ислом Маматказин, Аҳмад Анваров, Илҳом Алижонов, Горан Милойко, Аҳрор Иноятов, Муҳаммадкарим Тоиров, Фарҳод Соҳибжонов, Суҳроб Бердиев, Шаҳбоз Эркинов.

Захирадан тушганлар: Хуршид Хўжаев, Алишер Жўрабоев, Илдар Маматказин, Владимир Бубанья, Абдураҳмон Комилов, Иззатилло Абдулҳақов, Маликшоҳ Расулов, Миржалол Мирзаев, Саидумар Содиқов, Богдан Милич, Асилбек Айсаров, Оятилло Обиджонов, Шерзод Эсанов, Иброҳим Мухторов. 

 

 «ШЎРТАН»: БИР ҚАТОР  ФУТБОЛЧИЛАР БИЛАН ХАЙРЛАШУВ

Ғузор клуби ҳам иккинчи давра ўйинларига пухта ҳозирлик кўрмоқда. Маълумотларга кўра, жамоа Даврон Исоқов, Абдухолиқ Қурбонов, Нодир Нурматов, Шоҳруҳ Бойқўзиев, Нодир Неъматхонов, Элдор Эргашев ва бир қатор ёшлар билан хайрлашди. Мураббийлар штаби кетганлар ўрнини ёшлар билан тўлдириш ҳаракатида.