Гап бундан 17 йил муқаддам кузатилган воқелик ҳақида кетмоқда. Қизиқ, уни Америка кубогидек жиддий турнир ярим финалида Месси билан зимдан келишиб иш тутганини тан олишга нима мажбур қилди? Ушбу иқрор ортида виждон азоби турибдими ёки машҳурликка интилиш? Тўғри, адолат юзасидан айтиш керак, Чандия ва Лионель ўртасидаги «сирли келишув» ўша ўйин натижасига таъсир қилмаган. Қолаверса, Аргентина миллий жамоаси етакчиси финалда ҳам айтарли каромат кўрсатолмаган.
Демак, Карлос Чандия 2007 йилги Америка кубоги ярим финалидан ўрин олган Аргентина ва Мексика термалари ўртасидаги баҳсни бошқариб боради. 3:0 ҳисобида аргентиналиклар ғалабаси билан якунланган учрашувнинг охирги дақиқаларида эса чилилик реферида Лионель Месси билан келишиш имконияти юзага келади ва у бундан ўз ўрнида фойдаланиб қолади. «Месси тезликда тўпга интилиб, тўсатдан қўли билан ўйнади. Бу вазият майдон марказида кузатилди. Яъни Мексика термаси учун қандайдир хавфли ҳужум ёки гол хавфи йўқ эди. Шунга қарамай, Месси ёнига яқинлашиб, бор гапни очиқ айтдим: «Ҳаракатинг аслида сариқ карточкага тортади, бундан кўз юмишим эса сенга битта футболкага тушади». Якунда уни огоҳлантирмадим. Ўйин якунланишига атиги 2,5 дақиқа қолган ва ҳисоб 3:0 эди. Агар Леога сариқ карточка кўрсатганимда, унинг Америка кубоги финалини ўтказиб юборишига тўғри келарди. Месси охир-оқибат, кийиниш хонасида футболкасини тортиқ этди. Аслида Лео формасини майдондаёқ қўлимга тутқазмоқчи эди, лекин уни вақтида тўхтатиб қолдим: «Йўқ, йўқ, йўқ, яхшиси, футболкангни кийиниш хонасига олиб бор». Хуллас, Месси ҳакамлар хонасига футболка билан кириб, уни менга қолдирганди», — дея воқеа тафсилотини баён этди Карлос Чандия ESPN телеканалининг FShow кўрсатувида.
Ўз ўрнида айтиш керак, Аргентина миллий жамоаси Америка кубоги-2007 финалида Бразилия термаси билан куч синашган ва 0:3 ҳисобида енгилган. Жумладан, ҳакамнинг марҳамати билан ҳал қилувчи ўйинда қатнашолмаслик хавфидан қутулган Месси ҳам майдонда ҳеч нима қилолмаганди. Демак, Чан-диянинг футбол даҳочаси формасини олиш илинжида унга сариқ карточка кўрсатмаганидан ҳеч кимга ортиқча зиён етган эмас.
Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади