Унинг трансфери бонус сифатида 35 миллион ва 25 миллион еврога тушди. Ёш бўлишига қарамай, Эндрикнинг орқасида улкан тажриба, ёшлар ва профессионал тоифаларидаги рекордлар мавжуд. У «Реал»га «Палмейрас» асосий жамоаси таркибидаги 82 ўйин ва 21 гол, Бразилия терма жамоаси таркибидаги 12 ўйин ва 3 голи билан йўл олмоқда. Куни-кеча Эндрик L’Йquipe нашрига катта интервью берди ва унда ёш ҳужумчи катталар ва етук инсон каби фикр юритди: болалиги, биринчи профессионал шартномаси ва ҳақиқатга айланадиган орзуси ҳақида гапирди.
Болалиги ҳақида
- Мен пойтахт Бразилиа яқинидаги Тагуатингда туғилиб-ўсганман. Болалигимда вақтимни асосан уйимиз олдида футбол ўйнашга сарфлардим. У ерда чалкаш кўча буларди ва кўпинча пастликка кетиб қолган тўпни олиб келишга тўғри келарди. Дарвозани сандалдан ўрнатардик ва уч кишидан иборат жамоаларда ўйнардик. Агар мен гол урсам, рақиб жамоадагилар тўпни олиб келиш учун анча масофа босишига тўғри келарди, чунки кўча жуда тик эди. Аммо мўлжалда адашсам, тўп орқасидан ўзим югуришим керак эди... биз буни Quem shoota busca деб атардик (тўп орқасидан қийшиқ тепган киши боради). Эҳтимол, шунинг учун сонларим бу қадар каттадир. Ахир, бу қияликни бир неча марта забт этишга тўғри келарди-да. (кулади) Ота-онам бизни боқиш учун жуда кўп ишлашарди. Мен эса буни билмасдим. Отам ҳафта бўйи ишларди, дам олиш кунлари эса қўшимча пул ишлаш учун футбол ўйнашга борарди. Мен ҳам унинг ортидан юрдим ва бу менга ёқиб қолди. Бир куни у мени унутдими ёки ухлаб қолди, деб ўйладими билмайману, лекин мен ғазабландим. Кейинги ҳафта ундан эртароқ уйғониб, яна мени унутмаслиги учун мотоциклда ўтириб кутдим (кулади). Отам таянч ярим ҳимоячи бўлган. У бошқалардан кўра кўпроқ югурар ва тўпни моҳирлик билан бошқарарди, лекин моҳирлиги менчалик бўлмаган (кулади).
Ваъдаси ҳақида
- Ишлар яхши кетмаётганини тушундим. Бир куни, бувимнинг диванида ўтирганим, отам ғамгин ва хавотирли кўринди ва мен унга ташвишланмаслигини айтдим. Ўшанда 10 ёшда эдим ва уларга бу вазиятдан чиқиш учун профессионал футболчи бўлишга ваъда бердим. Худога шукур, ваъдамни бажардим ва оиламга ёрдам бера олдим. Энди биз хоҳлаган нарсани ея оламиз. Ота-онам менга керакли ҳамма нарсани бериш учун бор кучлари билан курашдилар ва мен улардан жуда миннатдорман. Буларнинг барчаси учун менга берилган совғадан қарздорман. Бу совғани менга Худо берди. Шунинг учун уни ҳимоя қилишим ва сақлашим керак. Уни исроф қилишга ҳаққим йўқ. Бундай сахийлигига миннатдорчилик билдириш учун ҳам яхши ишларни қилишим керак.
Биринчи шартнома
ҳақида
- Copinha 2022 - бу иқтидорим, кучимни исботлай олган турнирдир. Мени турнирнинг энг яхши ўйинчиси, деб топишди ва энг чиройли гол учун ҳам совринни қўлга киритдим. «Палмейрас» ёшлар жамоаларида мен ҳамма нарсани ютдим ва жуда кўп голлар урдим (169 ўйинда 165та гол). 16 ёшга тўлганимда эса клуб биринчи профессионал шартномани имзолашга мажбур қилди. Бу тадбир одатда отам тозалайдиган (у клубда ишлаган) конференциялар залида уюштирилди. Жуда ҳиссиётли лаҳзалар эди. Ўша куни отам кўп йиғлади. Бу бутун оиламизнинг орзуси эди.
Профессионал даражадаги дебюти ҳақида
- Биринчи профессионал ўйинимни ўтказдим (2022 йилнинг 6 октабрида «Коритиба»га қарши ўйин, 4:0) ва ҳаммаси ўзгариб кетди. Лекин мен қўрқмадим, аксинча хурсанд бўлдим. Бу лаҳзалардан завқландим. Шунингдек, биринчи голларимни урдим (2022 йилнинг 25 октабрида «Атлетико Паранаэнсе»га қарши ўйинда) ва биринчи совринимни ҳам (Бразилия чемпионати) қўлга киритдим. Бундай стартдан кейин менга бошқача қарай бошлашди, яъни рақиблар, жамоадошлар, оммавий ахборот воситалари... Бу қизиқ эди. Мен ҳар доим майдонни кўнгилочар парк деб билганман, у ерда сиз дам олиш, бахтли бўлиш ҳуқуқига эгасиз. Менинг энг яхши ўйиним кейинчалик «Ботафого»га қарши бўлди (2023 йилнинг 1 ноябрида жамоа 0:3 ҳисобини йўққа чиқарганди). Биз елдик-юшурдик, курашдик ва мен фаолиятимдаги ҳозирча энг чиройли голимни урдим. Шу туфайли биз кетма-кет иккинчи чемпионлик унвонини қўлга киритгандик.
Терма жамоа ҳақида
- Мен биринчи марта терма жамоага 2023 йил ноябрь ойида (Колумбия ва Аргентина термаларига қарши) чақирилдим. Улар мени ҳамманинг олдида қўшиқ айтишга мажбурлашди. Лекин мен уддаладим. Кейин Доривал қўл остида мен машҳур «Уэмбли»да гол урдим. Жуда таъсирчан онлар эди. Мен рамзларни яхши кўраман, футбол тарихини яхши кўраман ва Бразилия терма жамоаси либосида ушбу «футбол ибодатхонаси»га «имзо» қўйганим менга жуда таъсир қилди. Ўзим ҳам ҳайратда эдим.
Биринчи танқид ҳақида
- Ўтган йил бошида мухлислар ва оммавий ахборот воситалари мени танқид қила бошлашди. Илгари кўплаб махсус дастурларни томоша қилардим, спорт газеталарини ўқирдим, лекин охир-оқибат ижтимоий тармоқлар каби уларни ҳам тўхтатдим. Булар футболчи учун зарарлидир. Мен Роналдо каби фахрийлар билан мулоқот қилишни яхши кўраман. У мени уйига таклиф қилди ва фаолияти ҳақида: ютуқлари ва тўсиқлар ҳақида гапириб берди. Босимни қандай енгиш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берди. Менга эса бу жуда ёқди. Машғулотлар марказига келиб, менга ташқи шовқиндан узоқроқ туриш ва фақат ўзимга эътибор қаратишимни маслаҳат берган Габриэл Жезус билан ҳам худди шундай. Отам ҳам мени танқид қилади ва фақат ҳақиқатни айтади, ҳатто баъзида зерикарли бўлса ҳам (кулади).
Мбаппа ҳақида
- Мбаппе келиши билан «Реал» видео ўйинлар жамоасига ўхшаб кетяпти. «FIFA»даги жамоамни ҳам Мбаппе ҳеч қачон тарк этмайди. У ўйиндаги энг яхшиси. Ким ҳам уни ўз жамоасида кўришдан хурсанд бўлмайди? Менга унинг тезлиги, техникаси, ўнг оёғи билан зарба бериши ёқади, чунки у «замах»га тайёрланаётгандек кўринади, лекин охирги сонияда фикрини ўзгартиради. Ҳимоячилар ҳам буни билишади, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Умид қиламизки, биз дўстлашиб кетамиз. Мбаппе тезлиги, Вини дриблинги, Родриго истеъдоди, Беллингем илҳоми, Модрич техникаси мавжуд бўлганда майдонда нималар рўй беришини тасаввуримга сиғдиролмайман... Бу мукаммал комбинация. Мен бу клубда тарих яратишга умид қиламан.
МУҲАММАДХОН тайёрлади