Ареналардан бири ер сатҳидан 350 метр баландликда қурилади. Янги стадион мамлакат шимоли-ғарбида, ҳали бунёд этилмаган Неом шаҳрида қад ростлайди. Лойиҳага кўра, арена ҳудудига фақат юқори тезликда ҳаракатланувчи лифтлар ёки ҳайдовчисиз ҳаракатланувчи транспорт воситалари ёрдамида чиқиш мумкин бўлади...
Янги стадион ҳам Саудия Арабистони қироллиги иқтисодиёти нефть йўналишига қарам бўлиб қолмаслигини таъминлашга қаратилган улкан The Line дастурининг бир бўлакчаси ҳисобланади. Агар лойиҳа амалга ошса, ер сатҳидан 350 метр баландликдаги арена ЖЧ-2034 чорак финал ўйинига ўз бағрини очади. Саудия Арабистони 2034 йилги мундиал мезбонлигига ягона даъвогар сифатида аслида ўз режаларини октябрь ойигача тақдим этиши керак эди. Араблар эса муддатидан олдин 11та янги стадион лойиҳаси билан таништиришди.
Умуман, Саудия Арабистони 48та терма жамоа иштирок этадиган ЖЧ-2034 ўйинларини 5та шаҳарда ўтказмоқчи. Ар-Риёд асосий мезбон-шаҳар ҳисобланади - 8та стадион. Жумладан, очилиш маросими ва финал ўйинига мўлжалланаётган «Қирол Салмон» стадиони ҳам Ар-Риёдда қурилади ва 92760 томошабинни ўз бағрига олади. Жидда эса мундиал-2034да 4та стадион билан қатнашади. Шунингдек, Ал-Хобар, Абха ва Неом шаҳарлари 1тадан стадионга эга бўлади. Эслатма, Саудия Арабистони 11 декабрь кунига белгиланган ФИФА Конгрессида ЖЧ-2034 мезбони сифатида расман тасдиқланиши керак.