Футбол атрофида: Гондор ва Саурон армияси жанги жойида...

Футбол атрофида: Гондор ва Саурон армияси жанги жойида...

АЖИБ ГЎЗАЛЛИК

Янги Зеландияда, ажойиб жойда ажойиб футбол майдони яратилди. 20 июль - 20 август оралиғида Австралия ва Янги Зеландия аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бўлажак турнир шарафига Янги Зеландиянинг энг баланд нуқтаси - Аораки тоғлари (чўққиси 3724 метр) атрофида ажойиб футбол майдони барпо этилди.

«Маунт-Кук» миллий боғи ҳам шу ҳудудда жойлашган. Умуман, Аораки тоғлари Янги Зеландиянинг энг хушманзара нуқтаси ҳисобланади ва бу ерга ҳар йили бир неча миллион сайёҳ ташриф буюради. Қолаверса, таниқли режиссёр Питер Жексон ўзининг машҳур трилогияси - «Узуклар ҳукмдори»нинг маълум қисмини шу атрофда суратга олган. Аниқроғи, Гондор ва Рохан қўшинларининг Саурон армиясига қарши жанги саҳнасини. Бу ҳудуд яна Пеленнор майдонларидаги жанг маркази сифатида ҳам машҳур.

«Маунт-Кук» миллий боғи эса ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мерослари рўйхатига киритилган, шунинг учун футбол майдони яратишда атроф-муҳит муҳофазаси бў­йича қатъий қоидаларга тўлиқ риоя қилинди. Мисол учун, майдон чизиқлари махсус, экологик тоза бўёқ билан тортилди. Жаҳон чемпионати бошланишига 1 ой вақт қолган паллада Янги зеландиялик ёш қизлар янги майдонда ўртоқлик учрашуви ўтказишди. Таъкидланишича, ноёб футбол майдони турнир якунига қадар мамлакатнинг янги диққатга сазовор нуқтаси бўлиб қолади.