Футзал мундиалининг асосий даромади – мерос

Футзал мундиалининг асосий даромади – мерос

Савол: футзал бўйича ЖЧ Ўзбекистонга даромад келтирадими? Чемпионатга қанча сарфлагангани ва қанча пул тушгани ҳақида маълумот борми?

Аввало, айтиш керак, бу ерда асосийси пул эмас, лекин барчаси ҳам оғриқли, ҳам қизиқарли. Менда қанча сарфлангани ва даромад миқдори ҳақида маълумот йўқ. Бу ташкилий қўмита раҳбариятига тегишли масала. Фақат айтишим мумкинки, катта пул ишлаш имкони йўқ эди, чунки даромад манбалари кўп эмасди. Ўйинлар куни чипталар, атрибутлар, озиқ-овқат ва ичимликлар сотуви. Бундан ташқари, маҳаллий ҳомийлардан тушган маблағнинг бир қисми. Яна жамоалар ва сайёҳларга хизмат кўрсатган меҳмонхоналар, авиакомпаниялар пул ишлади.

*** 

Чемпионат атрофида ишбилармон доираларимизга хос бир қанча воқеалар кузатилди. Баъзи меҳмонхоналар пул ишлаб қолишни шунчалик қаттиқ хоҳладики, нархларни бир неча баробар кўтарди. Стадионлардан бирида эса озиқ-овқат ва ичимликлар билан савдо қилувчилар ўз маҳсулотларини сурбетларча юқори нархларда сотишди. Муҳими, бундай турнирларни ўтказишдан асосий манфаат - бу мерос. Нафақат инфратузилма (Андижон ва Бухорода 2та залнинг қурилиши узоқ вақт талаб қилди ва айнан ЖЧ туфайли фойдаланишга топширилди), балки инсон ресурслари нуқтаи назаридан ҳам. Андижонда 3 ҳафта ишлаб, ўрганишга, касбий ривожланишга иштиёқи баланд ташкилий қўмита ходимлари ва волонтёрлар билан учрашдим. ЖЧ уларга шундай имконият берди. Агар энди футбол тадбирларида бошқа ишламасалар ҳам, ФИФА ходимлари ва фрилансерлари билан ҳамкорлик тажрибаси келажак фаолиятларида роса асқотади.

Охирги 7 йилдан бери Ўзбекистонда футбол мутахассислари йўқлиги ҳақидаги фикр жамоатчилик миясига қуйилди. Айни шу шиор остида муҳим лавозимларга лаёқатсиз, аммо қулай одамлар олиб келинди, энди улардан қутулиш иложсиз. Шу билан бирга ҳақиқий мутахассислар четда қолишмоқда. Биздаги жасур ОАВ эса ўша келгинди қаҳрамонлар доирасидан ташқарида мутахассислар йўқлиги ҳақида картина яратишга ёрдам беради. Энг оддий мисол - Юлия Тарасова. У жаҳон кубогида ҳакамлар фитнес-инс­труктори сифатида ишлади. Бу Юлия учун биринчи жаҳон чемпионати эмасди. Уни ФИФАдаги ҳамкасбларим билан таништирганда, албатта, қўшиб қўйдим: «3та Олимпиа­да иштирокчиси, Осиё чемпио­нати ва Осиё ўйинлари ғолибаси». Ваҳоланки, Юлия билан шу йил сентябрга қадар таниш эмасдик. Лекин маҳаллий ОАВда Тарасова ҳақида қанча ёзилган? Шу аснода «ФИФА таркибига кириш арзимас иш» қабилида миф яратилган. Баъзи ўқувчилар тез-тез ёзишади: «Жаҳон чемпионатларида ишлаганингиз майли, яхшиси, Ўзбекистон футболи учун нима қилганингизни айтиб беринг». Мана, Юлия Тарасова Ўзбекистон футболи учун амалда ҳеч иш қилгани йўқ, лекин унинг профессионал фазилатлари ва билими туфайли Ўзбекистонда шундай малакали мутахассислар борлигини бутун дунёдан келган ҳакамлар билишди. Аммо Ўзбекистон ичида бу ҳақда маълумот жуда кам. 

Андижонда мени ҳайратга солган яна бир жиҳат: инглиз тилини билиш даражаси. Нафақат хориж тиллари талабалари орасида. Ўрганиш, дунё­ни билишни хоҳлайдиган ёшларни кўрдим. Улар ке­йинчалик қандай ўқиш бўйича маслаҳат сўрашди. Қизлар яна кўплаб саволлар беришди. Бунга жавобан ҳозир ОФКда фаолият юритаётган ва Доминикан Республикасида бўладиган 17 ёшли қизлар ўртасидаги ЖЧга ФИФА ўйинлари координатори сифатида тайинланган Азиза Татлимурадова ҳақида гапириб бердим. ОАВда бу ҳақда ҳам ҳеч нима йўқ, гарчи Азизанинг мисоли ғоят мотивацион бўлсада. Айтганча, жу жойда 15 йил аввал Озарбайжон футбол ассосиациясида инглиз тилини билмайдиган ходимларни бошқарма бошлиғи ва юқори лавозимларга тайинлаш тақиқлангани эсимга тушди. Футзал бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ҳам шундай қарор чиқарилишига туртки бериши мумкин. Ишонинг, мамлакатимизда мутахассислар етарли. 

*** 

Савол: «Андижон» кейинги мавсум ОЧЛ-2да ўйнайди. Андижондаги аэропорт турнир бошланишига қадар таъмирдан чиқмаса, жамоага уй ўйинларини ўз майдонида ўтказишига рухсат берилармикан?» Аэропорт йўқлиги «Андижон» стадионининг ОЧЛ-2 учун рўйхатга олинмаслигига сабаб бўлмайди. Чунки яқин атрофда Фарғона ва Наманган аэропортлари бор. Андижонда ўйнаган футзал бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳам шу йўналишда парвоз қилди. Тўғри, дейлик, Фарғона аэропорти, масалан, Испаниядан чартер рейс қабул қилолмади ва Испания термаси ортга ҳам тўғридан-тўғри эмас, балки Тошкент орқали учиб кетди.

***

Мураббий Хосе Венансио Лопеснинг ишдан бўшатилишига қандай қарайман? Уни қолдириш керакмиди? Истеъфо бир неча сабабларга кўра, кутилган эди:

1. Мураккаб бўлмаган гуруҳда охирги ўрин кутилган натижа эмас.

2. Футзал бўйича Ўзбекистон термаси учун навбатдаги йирик турнир - 1,5 йилдан кейин бўладиган Осиё кубоги. Бундай қимматбаҳо мураббийни шунча вақт мотивациясиз ушлаб туриш пулни беҳуда сарфлашдир.

3. Жаҳон чемпионатидан кейин Ўзбекистон терма жамоаси раҳбарияти ўзгаради. Билишимча, Жаҳонгир Усмонов терма жамоа бошқарувидан кетади. Янги раҳбариятда эса ўзига хос устуворликлар бор.

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»