АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Килиан Мбаппе «ПСЖ» билан хайрлашиб, узоқ давом этган сериалга нуқта қўйди, охир-оқибат. Шу тариқа ЧЛда ишлари сира юришмаётган Париж гранди олдида яна бир катта вазифа кўндаланг бўлди - клуб тарихидаги энг яхши тўпурар ўрнига дарҳол муносиб издош топиш. Тушунарлики, Килиан Мбаппенинг кетиши улкан йўқотиш ва голеадор ҳужумчи ўрнини бирданига тўлдириш осон эмас. Лекин «ПСЖ» қиёфаси ўзгариши аниқ. Қолаверса, клуб спорт директори Луиш Кампуш ўтган йилнинг ёзидаёқ бу йўналиш бўйича иш бошлаганди.
Экспертларнинг хулосаларига кўра, «ПСЖ» сафига 2021 йили бирров қўшилган, кейин клубда кўриниш бермай қўйган футболчи бош дебютант мақомига эга бўлиши мумкин. Гап якунланган мавсум «РБ Лейпциг»да ижара муддатини ўтаган 21 ёшли Хави Симонс ҳақида кетмоқда. Нидерландия миллий жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Евро-2024дан кейин Парижга қайтиши ва қайтадан шаклланадиган жамоада ўз ўрнини топишга уриниб кўриш имкониятига эга. Иқтидорли плеймейкернинг фаолияти воқеаларга бой, ҳар ҳолда, энди 21 ёшни қарши олган йигитча анчадан буён ОАВ диққат марказида. Мана, қисқача маълумот: Амстердамда туғилган Хави Симонс 3 ёшида оиласи билан Испанияга кўчиб ўтган. 7 ёшидан эса «Барселона» академиясида таҳсил олган. Айтишларича, каталониялик тажрибали мутахассислар илк учрашувдаёқ болакай салоҳиятига тан бериб, қойил қолишган. Хави айни ўша давр Роналдиньо ва Неймар билан бирга реклама роликларида суратга тушиб, мухлисларни ҳам ром этишга улгурганди. Бироқ тақдир тақозоси билан йигитчага Каталониянинг бош жамоаси таркибида тўп суриш насиб этмади. Ваҳоланки, Симонс 12 ёшида «Челси»дан аниқ таклиф олган, аммо клуб уни қўйиб юборишни истамаган, футболчининг ўзи ҳам Каталонияда қолишни маъқул кўрганди. 2019 йили эса Хави марҳум уддабуро агент Мино Райола аралашуви билан Каталониядан кетди, барибир. Ҳолбуки, «кўк-анорранглилар» унга U-19 жамоаси сардорлик боғичини ваъда қилишганди аванс тариқасида.
Қисқаси, бутун Европага донғи кетган Симонсни «ПСЖ» ўз тизими домига тортди якунда. Айрим маълумотларга қараганда, Хави 16 ёшида йилига 1 млн. евро миқдорида маош олган. Таққослаш учун, «Барса» 2019 йили дунёнинг энг ноёб иқтидорлари қаторида эътироф этилган тарбияланувчисига бор-йўғи 130 минг евро берарди. Масаланинг иккинчи томони шуки, йигитча Парижда ҳам етарли ўйин амалиётига эга бўлмади. Тўғрироғи, у аввалига 19 ёшлилар жамоасидан жой олди. Айтиш керак, бу тажриба навқирон футболчи учун айни муддао эди. Зеро, Хавига ниҳоят, кўпчилик назаридан четда ўз маҳоратини хотиржам ошириш имконияти тақдим этилди. «ПСЖ» Килиан Мбаппе ва Неймар ўртасида етакчилик ролига оид «олишув»ни ҳал этиш чораларини излаган вақт нидерландиялик йигитча бамайлихотир фаолиятини давом эттирди. Ниҳоят, жамоанинг 2020 йилги мавсумолди тайёргарлик йиғинига Симонс ҳам жалб этилди ва август ойида ўртоқлик ўйинида қатнашиш асносида норасмий дебютини нишонлади. Бироқ 2021 йили вингер чуқур захирага тушиб қолди. Тўғри, февраль ойида юлдузли таркибнинг расмий ўйинида майдонга тушди. Ёзда ҳам Хави тўғри йўлдан бораётган ва яқин орада асосий таркибдан муқим жой оладигандек кўринган эди. Инчунин, Маурисио Почеттино унинг зиммасига алоҳида вазифа юклади. Амалда ёш вингер мавсумнинг асосий қисмида ўз вақтини кутиб ўтирди, яъни майдонда жами 300 дақиқагина тўп сурди.
Табиийки, бундай вазиятда Симонс янги чорловга муҳтож эди. Йигитчага хотиржам ўйнаш масаласида иккинчи имконият ПСВ томонидан тақдим этилди. Асосийси, нидерландиялик иқтидор бунисидан ҳам самарали фойдаланди - Эйндховенда Коди Гакпо билан жуфтликда тўп сурган ҳолда, 22та гол ва 12та ассист расмийлаштирди. Якунда ПСВ Эредивизион маррасига 2-ўринда етди, Хави эса яна катта жамоалар нигоҳини ўз томонига бурди. Жумладан, Симонснинг юксак спорт формаси Нидерландия терма жамоаси мураббийлар штаби эътиборидан ҳам четда қолмади. Шунингдек, Англия ва Германия клублари ҳам унга алоҳида қизиқиш билан қарай бошлади. Шу орада Симонснинг Парижга қайтиши маълум бўлди. Чунончи, йигитча «ПСЖ»дан эркин агент мақомида кетган бўлсада, келишувда клуб уни хоҳлаган вақтда қайта харид қилиш ҳуқуқига эгалиги хусусида банд бор эди. Хуллас, шундан фойдаланган парижликлар Хавини қандайдир 6 млн. евро эвазига «Парк де Пренс»га қайтаришди.
Ҳа, ўтган йил ёзда Килиан Мбаппе ҳамон «ПСЖ» ихтиёрида эди, аммо Лионель Месси ва Неймар билан хайрлашган клуб ҳужум чизиғини кучайтириш вариантларини излаётганди. Имконият борлигини ҳисобга олган Симонс эса бирданига 4 йиллик келишув остига имзо чекди. Аммо клуб уни дарҳол ижара келишуви асосида «РБ Лейпциг» ихтиёрига юборди. Асосийси, ёш вингер Марко Розе бошқарувидаги жамоада янада самаралироқ ижрочига айланди, Бундеслиганинг энг сара футболчилари қаторига қўшилди. Хусусан, «РБ Лейпциг»да самарали узатмалар сони бўйича яққол етакчи бўлди. Энди Хавининг Парижга қайтиши эҳтимоли юқори. Мураббийлар штабида ПСВ ва «РБ Лейпциг»га бебаҳо хизмат кўрсатган 21 ёшли вингер иш кўламини кенгайтириб, уни универсал жангчига айлантириш имконияти йўқ эмас. Мбаппенинг кетгани «ПСЖ» ҳужум чизиғида бўшлиқ юзага келтириши, шубҳасиз. Эҳтимол, Симонс бу фикрга қарши чиқар ҳали... Ҳар ҳолда, унда ўйин ритми зўр, иштиёқи ҳам етарли.
Умуман, Париж гранди трансферлар бозорида миллионлаб евро сарфлаш одатидан қайтганича йўқ. Фақат фарқли жиҳат шуки, эндиликда асосий эътибор тайёр юлдузлар эмас, навқирон иқтидорларга қаратилмоқда. Мисол учун, охирги 12та трансферга қарасак, сотиб олинган 6 нафар футболчининг ёши 25дан ошмаган ҳали. Дейлик, январда «Коринтианс»дан харид қилинган Габриэль Москардо энди 18 ёшни қарши олди. Албатта, янги футболчилар кўплигидан «ПСЖ» ҳаётида парвоз ва пасайишлар кузатилиши мумкин. Факт шуки, Луис Энрикенинг навқирон таркиб шакллантираётгани порлоқ келажакка умид уйғотади. Кутилишича, янги мавсумда Уоррен Заир-Эмери марказий чизиқда, Рандаль Коло-Муани, Гонсалу Рамуш ва Бредли Баркола ҳужумда муҳим ижрочиларга айланишади. Симонс эса шу гуруҳ саркори ролига танланиши мумкин. Тўғри, Хави аввало, муҳим топшириққа жавоб бера олишини исботлаши, Луис Энрикени бунга ишонтириши керак. Якунда яна экспертлар хулосаларини келтирамиз: «Ортда Заир-Эмери, олдинда Коло-Муанидек иқтидорлар, майдон четида эса Луис Энрикедек тажрибали мураббий бор жойда Хави ишончни оқлай олади». Хуллас, Килиан Мбаппесиз келажак унча ваҳимали кўринмаяпти. Ҳозирча шундай.
Содиқ СОБИР тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789