Легионерларимизда нима гаплар ёхуд Яхшибоев – Молдова чемпиони!

Легионерларимизда нима гаплар ёхуд Яхшибоев – Молдова чемпиони!

Молдова. «Шериф» мамлакат чемпионати 26-турида «Динамо-Авто»ни қабул қилиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозониш асносида муддатидан олдин (финишга 2 тур қолган паллада) навбатдаги олтин медални ўз номига расмийлаштирди

Айтиш ўринли, Тирасполь клуби ўз тарихида 20-марта, қаторасига 5-марта Молдова чемпиони бўлди. Жамоа ҳужумчиси Жасур Яхшибоев чемпионлик ўйинида қайд­номага киритилмади. Қўшимча маълумот: Яхшибоев ва «Шериф» ўртасидаги шартнома жорий мавсум якунида ўз кучини йўқотади. 

Россия. «Уфа» РПЛ 27-турида «Химки» меҳмони бўлиб, ортга 1 очко билан қайтди - 1:1. Жамоа ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов ушбу учрашувда тўлиқ вақт ҳаракатланди ва сўнгги дақиқаларда сариқ карточка олди. Metaratings хабарига қараганда, ҳуқуқий жиҳатдан ҳамон «Спартак»ка тегишли легионеримиз жорий мавсум якунида «Уфа» билан хайрлашади. Қайд этилишича, ижара шартномаси жараёнида томонлар кейинчалик Ўрунов трансферини тўлиқ сотиб олиш борасида оғзаки келишувга эришган бўлсаларда, «Уфа» раҳбарияти айни пайт бу масаласини кўриб чиқмаяпти. «Ўрунов ортга қайтса, «Спартак» уни трансферга қўяди», - дейилади хабарда. Иброҳимхалил Йўлдошевнинг жамоаси - «Нижний Новгород» эса тур ўйинини кеча Тулада «Арсенал»га қарши ўтказди.

Қозоғистон. ҚПР 9-туридан ўрин олган «Атирау» - «Ордабаси» ўйини 2:1 ҳисобида якунига етди. Меҳмон жамоа ҳимоячиси Одил Абдумажидов бу сафар ҳам майдонда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. «Ордабаси» ҳафта ўртасида Жасур Жалолиддиновнинг клуби - «Қайрат»ни 2:1 ҳисобида енгганида ҳам Абдумажидов тўлиқ вақт ўйнаган, ёш ярим ҳимоячимиз эса захирада қолганди. 8-тур ўйинида «Тобол» ҳужумчиси Игорь Сергеев «Астана» дарвозасига белгиланган пенальтидан фойдаланолмади, қолаверса, унинг иккинчи бўлимда урган голи ҳисобга олинмади. Ўйин эса 1:1 ҳисобида якунлади.

Қатар. «Ал-Сайлия» мамлакат кубоги чорак финалида «Месаймер» билан куч синашиб, пенальтилар серияси натижасига кўра, курашдан четга чиқди. Эътиборли томони, мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Достон Ҳамдамов учрашувнинг 90+5-дақиқасида ҳисоб 2:2 бўлишини таъминлади. Бироқ пенальтилар сериясида омад «Ал-Сайлия»дан юз ўгирди ва жамоа ярим финал остонасида тўхтади.

Италия. «Рома» КЛ ярим финали дастлабки учрашувида «Лестер» меҳмони бўлиб, 1:1 ҳисобини қайд этди. Жозе Моуриньо Англиядаги ўйинда ҳамюртимиз Элдор Шомуродов хизматига эҳтиёж сезмади. «Бўрилар» «А» серия 35-турида «Болонья»ни қабул қилиб, яна дуранг натижага рози бўлишди - 0:0. Ҳамюртимиз бунисида ўйинга 77-дақиқада қўшилди. Дарвоқе, «Ростов»да Элдор билан бирга ўйнаган «Сочи» ярим ҳимоячиси Артур Юсупов ўз интервьюсида ҳамюртимизни «жумбоқ» футболчи сифатида таърифлади: «Шомуродов мен учун «жумбоқ». У 2017 йилнинг ёзида «Ростов» билан шартнома тузган вақт жамоа сафида эдим. Аввалига оддийгина Элдордек туюлди. Октябрда жиддий жароҳатландим ва ярим йилдан кейин умуман бошқа, мукаммал Шомуродовни кўрдим. Бундан ҳайратландим - умуман бошқа футболчига айланганди! Югуради, узатма беради ва гол уради. Қисқаси, 6 ой ичида оддий ўйинчидан сифатли ҳужумчига айланди».