ОК-2024 (U-23) САРАЛАШИ. «Е» ГУРУҲИ. Қатарга 100 фоизли натижа билан!

ОК-2024 (U-23) САРАЛАШИ. «Е» ГУРУҲИ.   Қатарга 100 фоизли натижа билан!

Қатарда бўлиб ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогининг саралаш баҳслари «Е» квартетининг охирги ўйинида Ўзбекистон термаси эронликларга қарши майдонга тушди.

Тошкентдаги «Жар» стадионида бўлиб ўтган баҳсда вакилларимиз кичик - 1:0 ҳисобида ғалабага эришишди.

Ўйиннинг 47-дақиқасида ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусанов идеал узатмаси билан Аббосбек Файзуллаевни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди, тўпни ажойиб тарзда тўхтатиб олган Аббосбек ўйинда ягоналигини сақлаб қолган гол муаллифи бўлди.

Шу тариқа, Тимур Копадзе шогирдлари 3та ўйинда 3та ғалаба қайд этиб, 9 очко билан Қатарда ўтказиладиган Осиё Кубоги-2024 финал раундига йўл олишди. Бу дегани - Париж-2024 Олимпиадаси сари яна бир қадам яқинлашдик. Эрон эса 6 очко билан гуруҳда иккинчи бўлганига қарамай, тўплар нисбати ва бошка критериялар яхшилиги ҳисобига улар ҳам Қатарга борадиган бўлишди.

Пойтахтимиздаги «Локомотив» стадионида ўтказилган гуруҳдаги иккинчи ўйинда икки аутсайдер - Гонконг ва Афғонистон терма жамоалари нурсиз дуранг қайд этишди.

12 сентябрь

ГОНКОНГ - АФҒОНИСТОН - 0:0

Тошкент. «Локомотив» стадиони.

Бош ҳакам: Суманта Датта (Ҳиндистон).

ЎЗБЕКИСТОН - ЭРОН - 1:0 (0:0)

Тошкент. «Жар» стадиони. 7891 томошабин.

Бош ҳакам: Ҳанна Ҳаттоб (Сурия).

Гол: Аббос Файзуллаев (47)

Ўзбекистон: Владимир Назаров, Абдуқодир Ҳусанов, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Алибек Давронов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Умарали Раҳмоналиев, Абдурауф Бўриев, Жасур Жалолиддинов, Аббос Файзуллаев (Саидазамат Мирсаидов, 90+3), Улуғбек Ҳошимов (Алишер Одилов, 59), Ҳусайн Норчаев (Руслан 

Жиянов, 90+3).

Эрон: Муҳаммадризо Ҳалотбари, Ҳусайн Гударзи, Амин Ҳазбави, Муҳаммадризо Бордбар, Саман Турниан (Муҳаммадҳусайн Исломи, 84), Жавод Ҳусайннажод, Ёсин Салмони (Ариа Юсуфи, 84), Амир Жаъфари (Муҳаммадмаҳди Аҳмади, 84), Муҳаммад Гурбани, Али Пур Дара, Аллоҳёр Сайёдманеш.

Огоҳлантиришлар: Улуғбек Ҳошимов (41), Абдуқодир Ҳусанов (90), Руслан Жиянов (90+5) - Амин Ҳазбави (45+3), Ёсин Салмони (55), Муҳаммадризо Бордбар (80).

1. ЎЗБЕКИСТОН   3      3      0        0        19-1    9

2. ЭРОН               3      2      0        1        7-1      6

3. АФҒОНИСТОН  3      0      1        2        1-12    1

4. ГОНКОНГ     3          0          1          2          0-13      1

Ризо Инояти (Эрон терма жамоаси бош мураббийи): - Ўзбекистон терма жамоасини табриклайман. Рақиб ўз имкониятидан фойдаланди. Бизнинг эса режаларимизнинг баъзилари ўхшади, лекин асосийси ўхшамади. Бугун дуранг бўлганида иккала жамоа учун ҳам яхши бўларди. Афсуски, рақиб устунроқ чиқди. Бу футбол. Барча режаларимиз амалга ошмади. Аслида ҳамма максимал формада майдонга тушганди. Аммо кўрсатмаларни тўлиқ бажара олишмади. Энди Осиё ўйинларида ўйин амалиёти камроқ тақдим этилган ўйинчиларга имконият бермоқчимиз. Шунингдек, ушбу таркибга киритилмаган бошқа ўйинчиларга ҳам имкон берамиз. Хитойга максимал тайёргарлик билан борамиз. Бу турнирда таркибимизга 23 ёшдан катта бўлган уч нафар футболчини чақириш имкониятимиз бор. Бироқ Эрон чемпионатидаги тиғиз тақвим сабабли 23 ёшдан катта футболчилардан иккитасини таркибга чақирамиз.

Тимур Кападзе (Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи): - Аввало, барчани ғалаба билан табриклайман. Стадионга ташриф буюрган мухлисларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, телевизор орқали ҳам минглаб мухлис бизни қўллаб-қувватлашди. Буни сездик. Ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Афғонистон ва Гонгконгни осонлик билан мағлуб этдик, бироқ Эрон кучли эканлигини билардик. Бу жамоа билан биринчи ўрин учун курашдик. Рақибга деярли имконият бермадик. Ўйинга эртароқ нуқта қўйсак бўларди. Ўйлашимча, шогирдларим ҳар бир позицияда рақибга имконият бермади. Яқинлашиб келаётган Осиё ўйинларида ҳам имконият бўлса, ушбу таркибдан фойдалансак яхши бўларди. Бироқ мусобақа ФИФА кунларига тўғри келмагани сабабли легионерлар хизматидан деярли фойдалана олмаймиз. Ҳусайнда ва Русланни чақира оламиз, қолганлар билан эса бироз муаммо мавжуд. ОЧЛда иштирок этадиган жамоалар мураббийлари Рўзиқул Бердиев ва Максим Шацкихлар билан гаплашдик. Уларда етарли ўйинчилар бор. Қандай бўлмасин, турнирга энг кучли таркиб билан боришга ҳаракат қиламиз. Терма жамоа олдига ҳар қандай мусобақада юқори мақсад қўйилади. Жамоа ихтиёрида 23 ёшдан катта бўлган уч нафар футболчи олиш имкониятидан фойдаланмаймиз. Чунки биз бир йил аввал рўйхат шакллантирганмиз. Шу боис, ҳатто ёш ўйинчиларни ҳам жалб қилолмадик. Осиё ўйинлари учун кенг қамровли рўйхат шакллантирилган. Шу боис, ёши катталар тугул, кейинчалик зўр ўйин кўрсатган ёшлардан ҳам фойдалана олмаймиз. Вазият шундай.

мукофотлар ўз эгаларида

«Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра, бир қатор футболчиларимиз тақдирланганидан хабарингиз бор. Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармонига кўра «Келажак Бунёдкори» медалига лойиқ кўрилган ёшлар ва олимпия терма жамоаси аъзолари Аббос Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов ҳамда Умарали Раҳмоналиевларга Эронга қарши учрашувдан сўнг ушбу мукофотлар ЎФА раҳбари Абдусалом Азизов томонидан топширилди.