Шомуродов трансфери арзонлашди, Абдухолиқовники қимматлашди...

Шомуродов трансфери арзонлашди, Абдухолиқовники қимматлашди...

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ФУТБОЛЧИЛАРНИНГ ТРАНСФЕР БАҲОСИГА БОҒЛИҚ ЎЗГАРИШЛАР.

Championat.аsia сайти transfermarkt портали маълумотлари асосида 2022 йил якунини футболчилар трансфери бўйича сарҳисоб қилди. Яъни бир йил давомида қайси футболчиларимизнинг бозор баҳоси ошганию, кимлар бу борада орқага кетишганини кўриб чиқди. Бунда transfermarkt порталининг русийзабон ҳудудлар бўйича муҳаррири Георгий Лекарев ёрдамига таянилди.

ТРАНСФЕР БАҲОСИ ЭНГ  ҚИММАТЛАШГАН ФУТБОЛЧИЛАР

2022 йил давомида трансфер баҳоси бўйича энг катта ўсишга эришган ўзбекистонлик футболчи - бу Бобур Абдухолиқов. Беларусда ўйнаган ҳужумчининг трансфер баҳоси 2021 йилнинг декабрида 600 минг еврога тенг эди, энди сумма 1 млн. еврога етди. Бобур бундай ўсишга ўзига ишонч ва самарали ўйини туфайли эришди. Дейлик, у 2007 йилдан буён Беларусь чемпионатида 20та гол маррасидан ошган биринчи футболчига айланди. Бундан ташқари, Бобур Европа клублари, хусусан, Польша ва Венгрия жамоалари назарига тушди. Тушунарлики, агар Абдухолиқов шундай самарадорликни кучлироқ чемпионатда қайд этганида, ҳозир янада юқорироқ бозор баҳосига эга бўларди. Иккинчи юқори натижа Жамшид Искандеровда. «Навбаҳор» ярим ҳимоячиси клубнинг 33та ўйинида «Гол}пас» тизими бўйича «11}7» натижасини қайд этди - ажойиб мавсум. У шу аснода йил давомида ўзининг бозор баҳосига 225 минг евро қўшди.

Бирданига 3 нафар футболчи 200 минг евродан қимматлашди: Ҳусайн Норчаев (700дан 900 минг евро), Ҳусниддин Алиқулов (650дан 850 минг евро) ва Жамшид Болтабоев (350дан 550 минг евро). Норчаев «Насаф»да чакки мавсум ўтказмади, унга Европадан ҳам қизиқиш мавжуд. Асосийси, Ҳусайн атиги 20 ёшда, бу эса унинг трансфер нархи шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Алиқулов «Насаф» мудофаасида етакчига айланди ва Ўзбекистон терма жамоа­си асосий таркибида ўз ўрнини топди. Болтабоев эса 9та самарали узатма (ишланган пенальти ҳам ассист билан тенглаштирилади) билан Суперлига-2022нинг энг яхши ассистент­лари қаторидан жой олди.

Яна 4 нафар футболчининг трансфер суммасига 150 минг евродан қўшилди: Рустам Ашурматов (700дан 850 минг евро), Ойбек Бозоров (600дан 750 минг евро), Акмал Мозговой (500дан 650 минг евро) ва Шаҳбоз Жўрабеков (400дан 550 минг евро). Ашурматов Суперлигада ўз позициясининг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлди ва 2023 йилни «Рубин»да бошлайди. Бозоров мавсумнинг илк ярмида анча яхши ҳаракатланди ва янада қимматлашиши мумкин эди, аммо ўз муваффақиятини ривожлантиролмади. Мозговой Суперлиганинг энг яхши таянч ярим ҳимоячилари орасида топ-5да, унга ҳам Европадан қизиқиш бор. Жўрабековга келсак, ўнг қанот ҳимоя­чиси учун яхши натижа кўрсатди - 36та ўйинда 4та гол ва 5та ассист. Энг қимматлашган ўзбекистонлик футболчилар ўнлигини «Пари НН» ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев якунлаб беради. У РПЛнинг дастлабки 6 турида 2та гол ва 1та ассист қайд этди, шундан сўнг бироз сустлашди. Агар мавсум бошидаги самарадорликни сақлаб қолганида, катта эҳтимол, бозор нархига кўпроқ қўшган бўларди.

 

ТРАНСФЕР БАҲОСИ ЭНГ АРЗОНЛАШГАН ФУТБОЛЧИЛАР

Элдор Шомуродов йил давомида трансфер баҳоси бўйича нақ 5 млн. евро (12дан 7 млн. евро) йўқотди. Чунки «Рома» асосий таркибига кириш уёқда турсин, майдонга жуда кам тушди ва атиги 3та гол урди. Эҳтимол, бошқа клубга ўтса ва кўпроқ ўйин амалиёти олса, фаолияти ҳам, бозор баҳоси ҳам яна юқорига кетиши мумкин. Энг арзонлашганлар рўйхатида 2-ўринни «Фотиҳ Қорагюмрюк» хавбеки Отабек Шукуров эгаллади. БААдан Туркияга йўл олган футболчининг фаолияти юқорилаган бўлсада, трансфер суммаси бир йўла 1,5 млн. евро даражасида қулади. «Бунга биринчи навбатда, «Фотиҳ Қорагюмрюк»ка ўтишдаги паст товон пули таъсир кўрсатди. Чунки сумма бизнинг баҳомизга нисбатан деярли 10 баравар паст бўлди (transfermarkt маълумотига кўра, 420 минг евро). Иккинчидан, жамоанинг даражаси ҳам ўз сўзини айтди: «Фотиҳ» мавсумнинг биринчи ярмида Туркия чемпионатида қолиш учун курашди, жамоа Шукуров билан атиги 1та ғалабага эришди. Боз устига, Отабек жамоанинг бошқа етакчиларидан бироз қимматроқ эди, шу сабаб унинг баҳосини шунчаки, бошқаларники билан тенг­лаштирдик. Масалан, Маттео Риччида ҳам худди шундай ҳолат», - дея тушунтирди transfermarkt порталининг русийзабон ҳудудлар бўйича муҳаррири.

Жалолиддин Машарипов (2,8дан 2,5 млн. евро) ва Игорь Сергеев (1,7дан 1,4 млн. евро) 300 минг евродан йўқотишди. Машарипов деярли ярим йилни жароҳат туфайли ўтказиб юборди, Сергеевда эса самарадорлик бироз пасайди. Бундан ташқари, Жалолиддин ва Игорь 2023 йили 30 ёшни қарши олишади - футболчилар бу ёшда кўпинча бозор баҳоси бўйича йўқотишни бошлашади. 3 нафар футболчи 100 минг евро даражасида арзонлашди: Темурхўжа Абдухолиқов (750дан 650 минг евро), Достон Турсунов (700дан 600 минг евро) ва Фаррух Сайфиев (700дан 600 минг евро). Абдухолиқов ва Сайфиев ҳолатида асосий сабаб - уларнинг ёши (иккиси ҳам 31 ёшда). Турсунов эса 2022 йилги мавсумда умумий ҳисобда 8та ўйинда иштирок этди, бунга жароҳатдан кейинги тикланиш жараёни сабабдир. Достон Ҳамдамов (900дан 850 минг евро) ва Ҳожиакбар Алижонов (800дан 750 минг евро)нинг  50 мингдан йўқотишгани уларга бозор талаби пасайгани билан боғлиқ. 
uzbe-transf.jpg