Тараддуд: Назората баҳслари давом этмоқда

Тараддуд: Назората баҳслари давом этмоқда

«Пахтакор» матбуот хизмати жамоа янги мавсумда қайси бренд либосларидан фойдаланишини маълум эълон қилди

Демак, «шерлар» узоқ йиллик ҳамкорлари - «Адидас» экипировкаларига содиқ қолишади. Формаларнинг дастлабки тўплами Германиядан тўғри Туркияга етказиб берилди. Яқин орада тўлиқ тўплам Тошкентга олиб келинади. Айтганча, ўтган мавсум якунида «Пахтакор»дан эркин агент мақомида кетган ҳимоячи Достон Турсунов яна легионерга айланди. Нарзулла Сайдуллаевнинг «Телеграм»даги каналида хабар беришича, Саудия Арабистони клуби билан шартнома тузди. Лекин жамоа номи ҳам, келишув шартлари ҳам ҳозирча маълум эмас. Айтиш керак, Турсунов фаолияти давомида бунга қадар Япония ва Ж.Корея клубларида фаолият олиб борган. Максим Шацких жамоаси машғулотларига келсак, сешанба куни Киев «Динамо»сига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Унда Украинанинг донгдор жамоаси яққол устунлик қилди - 1:5.

«Пахтакор» - «Динамо» К. (Украина) - 1:5 (1:3)

Голлар: Умар Адҳамзода (41) - Ванат (12-пен., 36), Бенито (45), Царенко (47), Бражко (82).

«Пахтакор»: Павел Павлюченко, Дилшод Саитов, Диёр Ортиқбоев, Муҳриддин Пазилдинов, Умар Адҳамзода, Беҳруз Асқаров, Шаҳзод Раҳматуллаев, Достон Ҳамдамов, Саидумар Саиднуруллаев, Пўлатхўжа Холдорхонов, Драган Черан.

Захира: Никита Шевченко, Максим Муркаев, Дилшод Абдуллаев, Ислом Анваров, Суннат Поёнов, Кирилл Тодоров, Нурлан Ибраимов, Муҳаммадали Усмонов, Нодир Ҳабибуллаев, Сардор Собирхўжаев, Шаҳзод Имомов, Аббос Эргашбоев, Рустам Турдимуродов.

«НАВБАҲОР»

Катта янгилик: Фаррух Сайфиев ва Одил Ҳамробеков «Навбаҳор»да. Ҳа, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси ҳамда ярим ҳимоячиси Наманган клуби билан шартнома тузишди. Буни «Навбаҳор» матбуот хизмати эълон қилди. Сайфиев 1991 йилнинг 17 январь куни Самарқандда туғилган. Футболчилик фаолияти давомида «Насаф» (2012-2017 йиллар) ва «Пахтакор» (2018-2023 йиллар) жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Миллий жамоамиз ҳимоячиси ўтган мавсум «шерлар» таркибида барча мусобақаларда жами 31та ўйинда майдонга тушиб, 2та гол урди ва 8та ассист қайд этди. Фаррух 2014 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Ҳамробеков эса фаолияти давомида «Насаф» (2013-2018 йиллар), «Пахтакор» (2019-2021 йилнинг 2-давраси - 2023 йиллар), «Шабаб Ал-Аҳли» (БАА, 2021 йилнинг 1-давраси) жамоаларида ўйнаган. Одил  аввалги мавсум «Пахтакор» таркибида жами 30та ўйинда майдонга тушиб, 2та гол урган, 1та ассист қайд этган. Ярим ҳимоячи 2017 йилдан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ва айни пайтда Осиё кубоги-2023да муносиб иштирок этмоқда. «Навбаҳор» шунингдек, Иордания миллий жамоаси сардорига қизиқмоқда. Бу ҳақда championat.asia сайти хабар берди. Гап айни пайт Осиё кубогида иштирок этгаётган ўнг қанот ҳимоячиси Эҳсон Ҳаддод ҳақида кетмоқда. «Ал Файсали» клубининг 29 ёшли вакили жумладан, қитъа чемпионати нимчорак финалидан ўрин олган Ироқ термасига қарши ўйинда иорданияликларнинг иродали ғалаба қайд этишларига ҳисса қўшди.
Ўртоқлик учрашуви. Туркия
«НАВБАҲОР» - «ТРАКТОРСОЗИ» - 3:0
Голлар: Тома Табатадзе, Гиорги Никабадзе, Йован Жокич
«Навбаҳор»: Александр Лобанов, Филип Иванович, Достонбек Абдулҳаев, Алижон Алижонов, Иброҳим Йўлдошев, Азимжон Аҳмедов, Сиёвуш Ҳақназарий, Тома Табатадзе, Йован Жокич,  Асадбек Собиржонов, Русланбек Жиянов.
Захирадан майдонга тушганлар: Гиорги Никабадзе, Озодбек Ўктамов.

ОКМК

Ярим ҳимоячи Мурод Тошматов «Динамо»даги ярим йиллик фаолиятидан кейин расман Олмалиққа қайтди. Яъни у ОКМК билан 1 йиллик битимни расмийлаштирди. Маълумот учун, Тошматов аввалги мавсумнинг иккинчи ярмида «Динамо» сафига қўшилган ва Про лига доирасидаги 6та ўйинда майдонга тушганди.

«АНДИЖОН»

«Андижон»нинг ўтган мавсумдаги тўпурари Рубин Хебай фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттиради. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълумот тақдим этди: «Ўтган вақт мобайнида албаниялик ҳужумчига қизиқишлар бўлди. Футболчи «Андижон» билан 2 йиллик шартнома тузган ва муддатнинг ярми қолганди. Хебай хизматига қизиққан клублар орасида Саудия Арабистонининг «Ал-Оруба»си жиддий таклиф билан чиқди. Якунда музокара жараёнидан сўнг «Андижон» раҳбарияти Хебайни «Ал-Оруба»га трансфер қилди. Аслида жамоа Рубинни сотиш ниятида эмасди. Бироқ Хебайнинг хоҳиш ва истагидан келиб чиққан ҳолда, мазкур трансферга розилик берилди». Маълумот учун, «Ал-Оруба» Саудия Арабистони чемпионати Биринчи дивизионида иштирок этмоқда. Айни пайт жамоа турнир жадвалида 31 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди. Рубин Саудияга жўнаб кетди ва тиббий кўрикдан ўтгач, шартнома тузади. Албаниялик ҳужумчи ўтган мавсум «Андижон»нинг жами 27та ўйинда иштирок этиб, майдонда 2138 дақиқа ҳаракатланган ва 14та гол ҳамда 3та самарали узатма расмийлаштирган эди. У шу тариқа «Андижон»нинг энг яхши тўпурарига айланди. Суперлига тўпурарлари пойгасида эса иккинчи бўлди. Мавсум якунида Хебай Суперлиганинг энг яхши футболчиси бўлгани ва йил рамзий терма жамоасидан жой олганини ҳам айтиш жоиз. Иаълум бўлишича, «Андижон» Хебай трансфери ортидан 200 минг доллардан кўпроқ (чамаси 2,5 миллиард сўм) олади. Эътиборлиси, олдинроқ ОКМК ҳам албаниялик учун шунча тўлашга тайёрлиги ҳақида хабарлар чиққанди. Хебайнинг ўзи кетишидан олдин клуб матбуот хизмати орқали жамоа билан илиқ хайрлашди: «Йил жуда яхши ўтди. Бу ерда ўзимни ниҳоятда ажойиб ҳис қилдим. Бундай муҳитни ташлаб кетиш қийин, осон эмас. «Андижон» мен учун Албаниядаги жамоамдан кейин энг яхши клуб бўлиб қолади. Айниқса, жамоа мухлисларига нисбатан ҳурматим баланд. Мени қўллаб-қувватлаган ва салоҳиятимга ишонган барча-барчага раҳмат. Бу хайрлашув, лекин бутунлай эмас. Трансфер учун клубдан миннатдорман. Умид қиламанки, «Андижон» йилдан-йилга яхши натижа кўрсатади. Бу - келажагим ҳамда фаолиятим учун яхши имконият ва танлов. Янги клубимга ёрдам бериб, унинг келгуси мавсум Саудия Про лигада иштирок этишига ҳисса қўшмоқчиман. Янги жамоада катта юлдузларга қарши ўйнашни истардим».

«ОЛИМПИК»

Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин олиб бораётган «Олимпик» 28 январь куни навбатдаги назорат ўйинини «Динамо» (Махачқалъа) жамоасига қарши ўтказди. Бу учрашувда Темур Кападзе шогирдлари 2:4 ҳисобида имкониятни бой беришди. Жамоа  голларига Улуғбек Ҳошимов ва Жалолиддин Содиқов муаллифлик қилишди.

«Олимпик» — «Динамо» (Махачқалъа, Россия) - 2:4

Голлар: Улуғбек Ҳошимов, Жалолиддин Содиқов.

«Олимпик» (майдонга тушган барча футболчилар): Шукрон Йўлдошев, Муҳаммадазиз Иброҳимов, Улуғбек Ҳошимов, Акбар Абдурасулов, Пўлатхўжа Холдорхонов, Саидафзал Аҳроров, Беҳруз Асқаров, Руслан Жиянов, Жалолиддин Содиқов, Даврон Олимжонов, Мустафо Абдуманнопов, Аҳмадулло Муқимжонов, Суннатиллоҳ Ҳамиджонов, Рустам Жаҳонов, Эдем Неманов.

«ҚИЗИЛҚУМ»

Фаолияти давомида «Металлург» ва «Турон» жамоаларида ўйнаган «Бунёдкор» академияси тарбияланувчиси Ҳумоюншоҳ Сайётов янги мавсумни «Қизилқум»да бошлайдиган бўлди. Тошкентда ўтказилган U-20 тоифасидаги Осиё чемпионати ғолиби саналган умидли дарвозабон Навоий клуби билан 1 йиллик шартнома тузди. 2003 йили Бухорода туғилган Ҳумоюншоҳ маълум муддат «Насаф» тизимида ҳам шуғулланганини айтиш ўринли. «Қизилқум» шунингдек, «Бухоро»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Файзулло Жуманқўзиевни ҳам ўз сафига қўшиб олди. Бунга қадар «Бухоро»дан ташқари, «Истиқлол» ва «Турон»да тўп сурган футболчи ҳам 1 йиллик шартнома остига имзо чекди. 25 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсум «Турон»нинг жами 27та ўйи­нида майдонга тушиб, 2та гол ва 1та ассист қайд этганди.

«БУХОРО»

Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клуби собиқ ҳимоячиси «Бухоро» сафини тўлдириши мумкин. 25 ёшли футболчи жамоа билан шартнома тузишга яқин. Ярослав асосан ҳимоянинг чап қанотида ҳаракатланади. У ўтган мавсум «Энергетик-БГУ» либосида жами 30та расмий ўйинда майдонга тушган.

«АРАЛ»

«Навбаҳор» ва «Нефтчи»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Аъзам Алиев «Арал» билан шарт­нома тузди. Бу ҳақда Нукус клуби матбуот хизмати хабар тарқатди. Алиев ўтган мавсум «Турон»нинг 18та ўйинида майдонга тушганди. 32 ёшли футболчи бунга қадар «Навбаҳор», «Нефтчи» ва «Сурхон» клубларда фаолият олиб борган. Умуман, Алиев Суперлигада жами 165та ўйин ўтказган.

«ҒИЖДУВОН»

Бухоро вилояти жамоасининг Ғиждувондаги йиғини якунига етди. Бир ҳафта давом этган ушбу ўқув-машғулотларда асосан тикланиш ишлари олиб борилди. Ҳаким Фузайлов бошқарувидаги клубнинг навбатдаги йиғини 1 февраль (бугун) Тошкентда бошланади. Пойтахтда таркибга бир қатор янги футболчилар таклиф этилади. Ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиш ҳам режалаштирилган.