Хотира: Пеле кетди, унинг натижалари қолди

Хотира: Пеле кетди, унинг натижалари қолди

29 декабрь куни футбол олами оғир жудоликка учради - афсонавий Пеле бу ёруғ олам билан видолашди.

 Оддий айтганда, футбол ўз қиролини йўқотди. Нафақат Бразилия, балки бутун дунё футболининг чин фахри анчадан буён йўғон ичак саратонига қарши курашиб келаётганди. Бразилия қаҳрамони 2021 йил сентябрь ойида саратон туфайли жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказганди. Сўнгги вақтлар кимётерапия ҳам ёрдам бермаётгани, унинг аҳволи ёмонлашаётгани  ҳақида хабарлар тарқалди. Охир-оқибат, жаҳоннинг уч карра чемпиони (футболчи сифатида бошқа ҳеч ким бундай натижа қайд этмаган) 82 ёшида омонатини топширди.

*** 

1940 йилнинг 23 октябрь санаси Бразилиянинг Трес-Корасойнс мавзесида Эдсон Арантис ду Насименту дунёга келган. Кейинчалик у жаҳонга Пеле лақаби билан танилди. Пеле ЖЧда 3 марта ғалаба нашидасини (1958, 1962 ва 1970 йиллар) сурган тарихдаги ягона футболчи ҳисобланади. Унинг Бразилия миллий жамоасидаги статистикаси шунчаки, зўр: 92та ўйинда 77та гол! Табийки, ҳозир бутун Бразилия мотамсаро ҳолатда. ФИФА эса 2 ҳафта давомида барча ўйинларни Пеле хотирасига 1 дақиқа сукут сақлаш билан бошлашни тавсия этди. Sky News хабарига кўра, бу борада ташкилотга аъзо барча 211та миллий ассоциацияга мурожаат юборилди. «ФИФА барча мусобақа ташкилотчиларини шу ҳафта охири ва кейингиси давомида ҳар бир ўйин олдидан 1 дақиқа сукут сақлашга чақиради», - дейилади ташкилот баёнотида. Бразилиянинг ўзида афсонавий футболчи вафоти муносабати билан 3 кунлик мотам эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Жаир Болсонару тегишли фармонга имзо чекди.

*** 

Афсонавий футболчининг қадрдон клуби - «Сантос» расмий сайтида ёзилишича, марҳум 3 январь куни (бугун) дафн этилади: «Пеленинг жасади 2 январь куни шифохонадан Сантос шаҳридаги «Вила Бельмиро» стадионига олиб борилади. Собиқ футболчи билан хайрлашув маросими маҳаллий вақт билан эрталаб соат 10да бошланади ва роппа-роса бир сутка давом этади. Маросим ҳамма учун очиқ, лекин одамларнинг тобутга яқинлашишлари тақиқланади. Шундан сўнг кортеж Сантос кўчалари бўйлаб ўтиб, Пеле дафн этиладиган Экуменик некропол ёдгорлигига йўл олади. Дафн маросимининг ўзида фақат футболчининг оила аъзолари ва яқин дўстлари учун жой ажратилади». Ҳа, Пеле жасади  «Сантос» клубининг тарихий стадиони - «Вила-Бельмиро» ҳудудига қўйилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокими буйруғи эълон қилинди. Сантос шаҳри аҳолиси эса 7 кун давомида мотам тутади. Бинобарин, футбол қироли фаолиятининг катта қисмини шу клубда ўтказган.

***

Пеле болалигини асосан Бауру шаҳарчасида ўтказган. У профессионал фаолиятини шу номдаги маҳаллий клубда бошлайди. Камбағал оилада улғайган Пеленинг сўзларига кўра, у «Сантос»га ўтишдан олдин ҳеч қачон очиқ океанни кўрмаган ва унинг суви шўрлигини фақат гап-сўзлардан биларди. «Сув ҳақиқатан ҳам, шўрми ёки йўқлигини текшириш учун либосим ва пойабзалим билан океанга тушдим. Ҳа, у худди айтганларидек эди...», - деганди Пеле 2006 йили.

***

Пеле деярли бутун фаолиятини «Сантос»га бағишлайди. Жумладан, клубнинг 3та расмий ўйинида ўзини дарвозабон сифатида ҳам синаб кўради. Эътиборлиси, уларнинг барчасида «Сантос» ғалаба қозонади. 1969 йилнинг ноябрь ойида «Ботафого»га қарши кечган баҳс­да Пеле ҳаттоки, дарвозани дахлсиз сақлаб, 3:0 ҳисобидаги ғалабага катта ҳисса қўшади. 

***

Жаҳоннинг бўлажак 3 карра чемпиони болалигида Баурудаги станцияда пойабзал тозаловчи бўлиб ишлаган. Унинг биринчи тўпи - қоғоз билан тўлдирилган, устига арқон боғланган пайпоқ эди. Орадан маълум вақт ўтгач, Пеле маҳаллий пойабзал фабрикасида иш бошлайди. Эҳтимол, «Сан-Паулу» ва «Фламенго» клублари собиқ ҳужумчиси Вальдемар де Брито «Баури» ёшлар жамоаси бошқарувини қўлга олмаганида, Пеле кашф этилмасмиди? У 10 ёшли Эдсон Арантис ду Насименту истеъдодини вақтида пайқайди ва «Сантос»га юборади. 

***

Пеле ҳамиша муваффақиятга фақат меҳнат ва яхши таълим ёрдамида эришиш мумкинлиги ҳақида гапирарди: «Алифбо, алифбо! Ҳар бир бола ўқиш ва ёзишни билиши шарт». Аммо Бразилияда таълим дастури суст бўлиб, кўпчилик мактаб учун вақт ажратолмасди - овқат учун елиб-югуриш... Лекин Пеле ҳарбий соҳада мутахассисликка эга эди - 18 ёшида 6 ой давомида футбол ва хизматни бирлаштирган. 1970 йилларда эса жисмоний маданият соҳасида олий маълумотга эга бўлган.

***

Пеле 1958 йили Швеция мезбонлик қилган ЖЧда аслида кимлигини кўрсатиб қўяди. 17 ёшли бразилиялик Франция термасига қарши ўйинда «хет-трик»ка эришгач, бутун Европада овоза бўлганди. Пеле ўша мундиалдан кейин жаҳон чемпионида яна 2 марта зафар қучади. Афсона 1971 йили Югославия термасига қарши ўртоқлик ўйинида миллий жамоа билан хайрлашади. Яна 3 йилдан кейин эса «Сантос»дан кетади. Пеленинг сўнгги клуби - «Нью-Йорк Космос» (АҚШ). Афсона 1977 йили айнан шу клуб ва «Сантос» ўртасидаги шоу-ўйинидан сўнг бутсаларини расман михга илади. 1981 йили журналистлар Пелени аср спортчиси сифатида тан олишади. 2000 йили эса ФИФА уни ХХ асрнинг энг яхши футболчиси мақомига муносиб кўради.

*** 

Пеле ҳеч қачон ўзининг буюклигига шубҳаланмаган ва бу борада кўп бора баёнот ҳам берган. «Ҳеч қачон бошқа Пеле келмайди, мен бетакрор ва такрорланмасман» - бу марҳум афсонанинг энг машҳур иқтибосларидан бири. Умуман, Пеле буюклик мезонини анча олдин белгилаб қўйганди: «Футболда минглаб гол урганман ва бу борада ўзиб кетадиган одам топилмагунича, мендан яхшироқ футболчи борлигини тан олмайман. Қачон топилса, шунда гаплашамиз». Лекин унинг 1957-1977 йиллар оралиғида «Сантос»даги голларидан 757таси расман тан олинган. Клуб эса Пеленинг жами голлари 1000тага яқинлашганини таъкидлайди. 

***

Пеленинг охирги марта шифохонага ётқизилишига умумий шиш ва юрак етишмовчилиги сабаб бўлди. Муҳими, у сўнгги кунларгача руҳини чўқтирмади. «Табиатан кучлиман, умидим катта ва одатдагидек даволаниш жараёнини кузатиб боряпман. Ғамхўрлик учун шифокор ва ҳамшираларга раҳмат. Худога ишонаман ва бутун дунё бўйлаб келган ҳар бир хабар куч бағишлайди», - деганди у ижтимоий тармоқлар орқали. 

***

ФАКТЛАР

- Пеленинг жами 1363та ўйинда 1283та гол ургани ҳақида маълумотлар бор. Бироқ 500та голи норасмий ўйинлар маҳсулидир. 

- Пеле терма жамоадаги фаолиятини «Маракана»да тўпланган 135 минг мухлис қаршисида якунлаган. 

- Пеле ўғли - Эдиньо гиёҳванд моддалар савдоси туфайли 33 йилга озодликдан маҳрум этилганини ёқлаб чиққан.

- Пеле фаолиятидаги 1000-голини 1969 йилнинг 19 ноябрида нишонлаган. Шундан буён «Сантос» бу санани «Пеле куни» сифатида нишонлайди. Юбилей гол «Васко де Гама» дарвозасига пенальтидан урилган.

- Пеле 1964 йили «Сантос»нинг «Ботафого»га қарши ўйинида 8та гол урган.

- Пеле фаолияти чўққисида 100 метр масофани 10 сонияда босиб ўтган. 

- Пеленинг 7 нафар фарзанди бор. Эътиборлиси, у «7»ни омад келтирувчи рақам сифатида таърифлаган.

- Пеле фаолияти давомида 92 марта «хет-трик» қайд этган.

ПЕЛЕНИНГ ОНАСИ ҲАЛИ ҲАЁТ

Пеленинг онаси Селеста Арантис хоним ҳаёт, аммо ўғлининг ҳаётдан кўз юмганини билмайди. «Онамиз билан гаплашамиз, аммо у вазиятни билмайди. Онам ўз дунёсида яшайди. Ҳар сафар унга «Биз акам учун дуо қилишимиз керак», деганимда кўзини очади. Аммо аслида нимани назарда тутаётганимни англамайди», — деди Пеленинг синглиси Мария. Селеста Арантис хоним ноябрь ойида 100 ёшни қаршилади.