"Реал Мадрид" ва "Барселона" клублари Валенсиядаги сув тошқини муносабати билан табиий офатдан жабр кўрганларга ҳамдардлик билдирди.
Испаниянинг жануби-шарқидаги Валенсия провинциясида кучли ёғингарчилик туфайли кенг кўламли сув тошқинлари юзага келди. хабарларда айтилишича ходиса натижасида камида 62 киши ҳалок бўлди. Валенсиянинг айрим ҳудудлари сув остида қолган йўллар тўсилиб, электр ва алоқада узилишлар юзага келган, кўприклар вайрон бўлган.
Шу сабабли, ушбу ҳафта бўлиб ўтиши керак бўлган "Валенсия" ва "Леванте"нинг Испания кубогидаги баҳслари қолдирилди. “Валенсия” ҳам Ла Лигада "Реал"га қарши кечадиган ўйинни бошқа муддатга қолдиришни сўради. Ўз навбатида Мадрид клуби бунга қарши эмас.
Шунингдек, кўплаб нуфузли ташкилотлар ва футбол кишилари мазкур офат туфайли жабр кўрган Валенсия аҳолисига ўз ҳамдардликларини билдиришмоқда.
“Бизнинг фикрларимиз ва бутун Европа футбол ҳамжамиятининг фикрлари Испания жануби-шарқий аҳолиси ва минтақадаги вайронкор сув тошқинидан жабрланганларнинг барчаси билан”, деди УЕФА.
“Реал Мадрид” клуби, клуб президенти ва директорлар кенгаши мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида, хусусан, Валенсия ва Албасете провинцияларида содир бўлган бўрон оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради. Биз чуқур қайғудамиз ва ушбу офатдан жабр кўрган барча одамлар билан бирдамлигимизни, уларни тўлиқ қўллаб-қувватлашимиз ва ҳамдардлигимизни билдирамиз”, - дейилади “Реал Мадрид” баёнотида.
"Барселона" ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради ва кучли ёмғирдан жабрланган Валенсия, шунингдек Албасете ва Андалусия туманлари билан бирдамлик билдиради", - дейилади “Барселона” баёнотида.
“Ҳаммага куч!”, - деб ёзди мадридликлар вингери Винисиус Жуниор.
"Валенсиянинг барча аҳолисига улар ва уларнинг оилалари учун жуда оғир дамларда ҳамдардлик билдирамиз", деди "Атлетико" бош мураббийи Диего Симеоне матбуот анжуманида.