Хоҳиши – «олтин тўп», кумири – ЛеБрон...

Хоҳиши – «олтин тўп», кумири – ЛеБрон...

Килиан Мбаппе The New York Times газетасига катта интервью берди

Килиан Мбаппе - футбол оламида сўнгги кунларнинг бош қаҳрамонларидан бири. У «Ювентус»га қарши ўйинда «дубль» қайд этиб, ЧЛда 35та гол маррасига энг тез етган футболчи бўлди. Ўйин вақти 23 ёшу 260 кунлик бўлган франциялик голеадор бу борада Лионель Месси рекорди (23 ёшу 307 кун)ни янгилади. Килиан The New York Times журналистлари билан суҳбат давомида кўп мавзулар юзасидан гапирди - «Реал»га трансфери амалга ошмагани, «Олтин тўп» бўйича режалари ва ҳаттоки, Франция президенти Эммануэль Макронга муносабати...

15 ёшида ўз суратини Times журнали муқовасига жойлаштирди, 4 йилдан кейин бу реал воқеликка айланди. 2014 йили Мбаппе «Монако» академиясида шуғулланаётган пайт мураббийлар у ва тенгдошларидан ўз сиймоларини қайсидир журнал муқовасида акс эттиришларини сўрашади. Шунда Килиан «Осилсанг, баланд дорга осил» қабилида иш тутиб, ўз тасвири учун машҳур Times журнали муқовасини танлайди. Камига ёш ҳужумчи сурат остига «Маэстро» ёзуви билан имзо чекади ва бир неча сарлавҳа ҳам ўйлаб топади. Йигитча фантазиясига қаранг: «Жозе Моуриньо тез орада порлашимни, Дидье Дешам эса Франция миллий жамоасига чақирмоқчи эканлигини айтди». Шу воқеадан атиги 4 йил ўтгач, Мбаппенинг сурати реалликда Times журнали муқовасини безади. «Бунга ишониш қийин - ақл бовар қилмайди, - деди Килиан. - 15 ёшимда барча болалар каби беҳисоб орзулар оғушида юрардим. Қарангки, қисқа вақтда ҳаммаси рўёбга чиқди. Бу шунчаки, зўр».

Эмерига шарт - ёмон ўйин­лардан кейин ҳам захирага «михламаслик». Мбаппе 2017 йили ижара келишуви асосида «ПСЖ» сафига қўшилганида, ўша вақтдаги бош мураббий Унаи Эмери олдига муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг уни дарҳол захирага ўтказмаслик ҳақида шарт қўйганди. Тўғри, агар кетма-кет бир неча ўйин­да гол уролмаган тақдирда захирада ўтиришга эътироз билдирмаслигини ҳам айтган. «Унда ўша пайтдаёқ фаолиятига доир аниқ режаси бор эди. Дейлик, «ПСЖ» билан аввалига 5 йиллик шартнома тузиши, шу муддатдан сўнг навбатдаги қадами ҳақида алоҳида ўйлашини айтганди», - дея Эмери сўзларини келтирди The New York Times. 

Хайрия ишлари ва Леброндан ўрнак олиш. Килиан аллақачон шахсий хайрия жамғармасини ишга туширган. Футболчи шунинг воситасида Париж ва унинг атрофидаги камбағал оилалар фарзандларига ёрдам қўлини чўзади. Қолаверса, Мбаппе бошқа футболчиларни ҳам шу хайрли ишга чорлайди. Мисол учун, пандемия пайти Британияда болалар ва камбағаллар учун бир неча хайрия тадбирларини ташкиллаштирган Маркус Рэшфордни алоҳида олқишлади. Килиан хайрия, шунингдек, бизнес ишларида америкалик баскетболчи Леброн Жеймсдан ҳам ўрнак олади. Иккиси 4 йилча олдин Nike компанияси тадбирида танишганди. «Леброн мени ўзгача илҳомлантиради, унга ҳамиша доно маслаҳатчи сифатида қарайман», - деди Килиан.

Айтишича, Парижда пул учун қолмади. Мбаппе «Реал» таклифини пул туфайли рад этмаганини алоҳида таъкидлади: «Тушунинг, қайси клубга борсам ҳам, пул оламан, барибир». Килиан шунинг баробарида келажакда Мадридда ўйнаши эҳтимолини инкор этмади: «Нима бўлишини ҳеч қачон олдиндан билмайсан. Ҳали «Реал»да ўйнаган эмасман, лекин бу клуб худди уйимдек кўринади».

«ПСЖ» билан шартномаси муддатини Макрон туфайли ҳам узайтирди. Мбаппе Франция президенти унинг «ПСЖ»да қолиш қарорига таъсир қилганини тан олди: «Ҳеч қачон Франция президенти билан келажагим ҳақида гаплашишни хаёлимга келтирмагандим. Бу одамни ақлдан оздирадиган ҳолат. Президент менга дангалини айтди: «Францияда қолишингни хоҳлайман. Ҳозир кетишингни мавриди эмас, мамлакат учун жуда муҳимсан. «Реал»га ўтиш учун ҳали вақт бор, ҳозир шу ерда қол». Албатта, бундай эътирофни мамлакат президентидан эшитганингда, уларни эътиборсиз қолдиролмайсан».

Матбуот айбловларига жавоб. Килианнинг айтишича, «ПСЖ» билан янги шартнома тузаётган пайт кўплаб имтиёзлар талаб қилгани ҳақидаги гап-сўзларда мутлақо асос йўқ. Масалан, у бош мураббий номзоди муҳокамасида ҳам, қайси футболчилар харид қилиниши масаласида ҳам овозга эга бўлмаган. «Булар менинг ваколатимга кирмайди, - деди Мбаппе. - Умуман, бу каби ишларга аралашишни истамайман, чунки тажрибам йўқ. Ҳозир майдонда кучлиман, унинг ташқарисидаги жараёнлар эса менинг ишим эмас. Буларни мендан яхшироқ эплайдиганлар кўп».

Месси ва Роналдудан ке­йин «Олтин тўп»лар тўплашни хоҳлайди. «ПСЖ» билан ЧЛда ғалаба қозониш - Килианнинг асосий мақсади. У шунинг баробарида «Олтин тўп»га ҳам даъвогар, албатта. Айтишича, бу борада Криштиану Роналду ва Лионель Месси вориси бўлишга тайёр: «Ўйлайманки, яқин орада уни қўлга киритаман. Ҳар доим барчасини орзу қилишимни айтганман. Орзунинг чегараси йўқ. Эртами-кеч янги авлод келади. Роналду ва Месси эса тўхташади. Бу табиий жараён».

Ўз ҳаётидан мамнун, аммо эрта улғайганидан афсусда. Мбаппе ўзини оддий ишлар билан шуғулланувчи оддий йигитдек тутишга ҳаракат қилади. У ўз ҳаётидан мамнун, фақат эрта улғайганидан афсусда. Ҳар ҳолда, ўсмирлик пайтиёқ омма эътиборига тушиб, машҳурлашгани нигоҳидаги қай­ғудан сезилади. Айни пайт унинг ёнида саноқсиз ёрдамчилари, тансоқчилари бор. Килиан уларсиз ҳеч қаерга боролмайди. «Бу - мен орзу қилган ҳаёт, албатта, бахтиёрман ва шукр қиламан. Лекин баъзан одамларнинг оддий ишларига боқиб, қайғуга ботаман. Масалан, кўчада бемалол музқаймоқ еб бораётганларини кўрганимда. Гоҳо ёлғиз кўчага чиқиб, бамайлихотир сайр қилишни истайман. Бироқ бу иложсиз эканлигини ҳам тушунаман. Қисқаси, фақат битта нарсадан афсусланаман - бу эрта ул­ғайганим».

МУҲАММАДХОН тайёрлади