Хомяков яна «Андижон» бош мураббийи сифатида таништирилди

Хомяков яна «Андижон» бош мураббийи сифатида таништирилди

2022 йил якунида Про лигадан Суперлигага қайтган «Андижон» жамоасига янги бош мураббий тайинланди.

Клуб хабарига кўра, жамоа билан хайрлашган Виктор Кумиков ўрнига Александр Хомяков бош мураббий этиб тайинланган. 

«Суперлигага қайтган «Андижон» футбол клубида янги мавсум учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Шу мақсадда жамоа аъзолари бугун клуб қароргоҳида тўпланиб, бўлажак чемпионат учун дастлабки машғулот босқичини бошладилар. 
Жамоада эътиборга молик ўзгаришлар юз берди. «Андижон» клуби бош директори Улуғбек Мирзаев бугун янги мавсумга тайёргарлик бошланиши олдидан жамоа аъзолари  ҳамда клуб ишчи-ходимлари билан йиғилиш ўтказди ва унда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.  Бир ярим мавсум давомида бош мураббий сифатида фаолият олиб борган россиялик Виктор Кумиковнинг клуб билан тузган шартномаси ниҳоясига етгани сабабли у «Андижон» билан хайрлашди.  
Россиялик 59 ёшли мутахассис фаолиятини яна Қозоғистон чемпионатида давом эттирадиган бўлди. Кумиков Қозоғистон Премьер-лигасига йўлланма олган «Қайсар» клуби бош мураббийи этиб тайинланди. 
Улуғбек Мирзаев бошчилигида ташкил этилган йиғилишда «Андижон» жамоамизга янги бош мураббий сифатида Александр Хомяков расман таништирилди» , - дейилади клуб хабарида.

53 ёшли россиялик Александр Андреевич 2019 ва 2020 йилги мавсумларда ҳам «Андижон» клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб борган. Охирги иш жойи эса Муборакнинг «Машъал» клуби ҳисобланади. У воҳа клуби билан 2021 йил Про лигага тушиб кетганди.

Эслатиб   ўтамиз жорий   мавсум   якунида « Андижон »  раҳбариятида   ўзгариш   бўлиб Журъатбек   Қувватов   клубни   тарк   этганди Унинг ўрнига эса Улуғбек Мирзаев бош директор этиб тайинланганди.