Хосе Венансио Лопес: «Ўзбекистонлик футзалчилар билан яхши танишман...»

Хосе Венансио Лопес: «Ўзбекистонлик футзалчилар билан яхши танишман...»

59 ёшли испаниялик мутахассис Хосе Венансио Лопес футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинлангач...

ЎФАда испаниялик мутахассиснинг таништирув маросими ва матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда янги мураббий билан бирга ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА қошидаги футзални ривожлантириш қўмитаси раҳбари Жаҳонгир Усмонов ҳам иштирок этиб, ОАВ вакиллари саволларига жавоб қайтаришди.

«Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш учун саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Терма жамоага мураббий танлаш жуда мураккаб, 30дан ортиқ номзодлар билан музокаралар ўтказилди. Дунёнинг 5 карра энг яхши мураббийи Хосе Венансио Лопес номзодида тўхталдик», - дейди анжуманни очиб берган ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов.

Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш учун Андижонда янги арена барпо этилади, машғулот залларига ҳам эга бўламиз. Жаҳон чемпионати туфайли футзал инфраструктурамизни Жаҳон стандартларига мослаштирамиз.

ЎФА қошидаги футзални ривожлантириш қўмитаси раҳбари Жаҳонгир Усмонов:

— Олдимизда бир қанча мусобақалар бор. Хусусан, Жаҳон чемпионатидан аввал Осиё кубогида иштирок этамиз. Ҳозирда бирламчи вазифа Осиё чемпионати. Хосе Венансио маҳаллий мураббийлар билан ҳам ишлайди, футзал инфраструктураси бўйича ҳам ўз маслаҳатларини бериб боради.

Ўзбекистон футзал миллий жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес:

– Аввало, Ўзбекистон миллий жамоасига бош мураббий этиб тайинланганимдан хурсандман. ЎФА раҳбарияти мамлакатда футзал бўйича улкан лойиҳа амалга оширилаётганини айтди. Ҳозирча фақатгина ташкилий ишлар билан банд бўламан, жамоа билан Осиё кубоги саралаш босқичидан сўнг машғулотларни бошлайман. Унга қадар ҳозирги бош мураббий Баҳодир Аҳмедов жамоа билан ишлайди. Ўйлайманки, бир жамоа бўлиб ишласак, албатта, кўзланган натижага эришамиз.

— Ўзбекистон терма жамоаси билан яхши танишман. Чунки Испания терма жамоаси мураббийи сифатидаги дебют ўйиним айнан Ўзбекистонга қарши бўлган. Литвадаги Жаҳон чемпионати олдидан Испанияда ташкил этилган йиғинда ҳам жамоанинг услубини ўрганиб чиққанмиз.

Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес:

— Энг муҳими, Ўзбекистонда футзал пастки боғиндан ривожланиб бормоқда. Испаниялик Хосе Мария Мендез бу ерда фаолият юритган. У менинг яқин дўстим ва жуда кучли мутахассис бўлиб, у бошлаган ишни Баҳодир Аҳмедов ҳам аъло даражада давом эттирди. Яхши шаклланга жамоага бош мураббий этиб тайинланганимдан хурсандман. Футзалчиларнинг даражаси жуда юқори. Ҳимояда ҳаракатланиш ва ҳужумга тезкорлик билан ўтиш устида алоҳида ишлаймиз.

— Баҳодир Аҳмедов ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритади, унинг штабида фаолият юритган барча мураббийлар ўз ошини давом эттирадилар, жамоага физиотерапевт ва таҳлилчи мураббий ҳам таклиф этамиз.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов:

— Жаҳон чемпионатида иштирок этишимиз аниқ, бироқ Осиё кубогида энг юқори мақсадни кўзлаганмиз. Шартнома Жаҳон чемпионати охирига қадар имзоланди. Ўйлаймизки, мундиалда муносиб қатнашамиз. Терма жамоалар марказида футзал учун ҳам шароит яратилади. Барча миллий терма жамоаларимизни биргаликда ривожлантирамиз, - дея Эрматовнинг сўзларини келтирган ЎФА матбуот хизмати.

Маълумот учун, Венансио икки бор Испания миллий жамоасини Европа чемпионига айлантирган, жаҳон чемпионати финалига олиб чиққан. У клублар ўртасида Европа чемпиони, Испания чемпиони, 3 карра кубок эгаси, 3 бор Суперкубок эгаси саналади. Шунингдек, футзалда 5 бор жаҳоннинг энг яхши мураббийи деб топилган.