«Реал»ни, «Манчестер Сити» ёки «Бавария»ними? Албатта, биз ҳам шундай фикрда эдик. Бироқ етакчилик роли тўсатдан... «Брест»га насиб этди. Эрик Руа жамоаси аввалги мавсумни совриндор учликда якунлаганди. Лекин ҳозир 11-поғонада бормоқда. Яъни, ўртамиёна. Ана шу камтарин клуб Лига 1даги омадсизлик аламини халқаро мусобақада олмоқда. 2-турда «Брест» сафарда «РБ Зальцбург» дарвозасига 4та жавобсиз гол урди.
1-турда французлар тенг курашлар остида кечган беллашувда Австриянинг бошқа клуби - «Штурм»ни маҳв (2:1) этишганди. Бу сенсация мақомидаги натижа эмас. «Ливерпул»нинг собиқ устози Пепейн Лейндерс раҳбарлигидаги «РБ Зальцбург» эса анча йиллардан бери ички чемпионат гегемони. Лекин бинойидек таркибга эга бўлган жамоа аввалги турда ҳам Прагадан йирик (0:3) ҳисобдаги мағлубият билан қайтгач, ўз майдонларида «Брест»ни енгиш билан мухлислар кўнглини хушнуд этишни мақсад қилганди. Амалда бунинг акси бўлди. Ҳа, биринчи бўлимда устунлик майдон эгалари томонида бўлди. Улар зарбалар сони (8:3) ва тўп назорати (53 фоиз) бўйича олдинда эдилар. Бироқ ҳисобни 24-дақиқада «Брест» ҳужумчиси Абдалла Сима очди: сенегаллик футболчи рақиб жарима майдончаси ичидан дарвозанинг паст бурчагини ишғол этди.
Танаффусдан кейин австрияликлар ўйинни ижобий томонга ағдармоқчи бўлишганди, французлар уларни «ағдариб» қўя қолишди. 66-75-дақиқалар оралиғида меҳмонлар яна 3та гол уришди. Аввалига Махди Камара мезбонлар ҳимоя чизиғидаги сусткашликдан самарали фойдаланиб, тўпни тўхтатмаган ҳолда зарба йўллади. Орадан 5 дақиқа ўтгач, Сима дублга эришди: дарвозабон Янис Бласвихадан қайтган тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Кейин Матиас Перейра Лаж жарима майдончаси ичидан дарвозани нишонга олди. Зарба унчалик мураккаб бўлмасада, дарвозабон тўпни қайтара олмади, 0:4.
Ортда қолган 2 турдан кейин 6 очкога эга бўлган «Брест» ЕЧЛнинг асосий сенсацияларидан бири сифатида пешқадамлар сафига кўтарилди. Дарҳақиқат, Франциянинг ўртамиёна жамоаси мўъжиза кўрсатмоқда. Энди жамоа 3-турда «Байер»ни ўз майдонида қабул қилади. Мўъжизанинг давом этиш-этмаслигини 22 октябрдаги Германия чемпионига қарши беллашувдан кейин билиб оламиз.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади