Ёқимли трансферлар ортидаги агентлик

Ёқимли трансферлар ортидаги агентлик

Жорий йил футболимизда мухлисларимизни анча хурсанд қилган бир қатор халқаро трансферлар рўй берди.

Хусусан, миллий жамоамизнинг истиқболи  баланд умидли ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов «Энергетик-БГУ»дан ЕЧЛ иштирокчиси «Ланс»га ўтдики, нигоҳларимиз беихтиёр Франция томон бурилди. Қолаверса, Ҳусниддин Алиқуловнинг «Насаф»дан Туркиянинг «Ризеспор» клубига трансфер қилингани ҳам кўпчиликка ёқиб тушди. Ҳар ҳолда, Туркия Суперлигаси еврофутболда охирги ўринларда эмас. Маълум бўлишича, шу икки ўтиш ҳам битта агентлик воситачилигида амалга ошди.

Гап Football Group LLC гуруҳи ҳақида кетмоқда. Transfermarkt.world сайти маълумотлари асосида айтсак, ушбу агентликнинг манзили сифатида Тошкент шаҳри кўрсатилган. Расман рўйхатдан ўтган гуруҳда жами 21 нафар мижози (футболчи) бор. Шулардан 16 нафари элит лига вакилларидир. Football Group LLC қаноти остидаги футболчиларнинг жами трансфер баҳоси эса 7,13 млн. еврога тенг. Transfermarkt порталида ФИФА лицензиясига эга агентлик ходимлари ҳам келтирилган: ҳамюртларимиз Болат Бердибеков (агент) ва Ғайрат Хасбиулин (раҳбар) ҳамда германия­лик Мирон Гохман (скаут). Демак, Football Group LLC гуруҳи championat.asia сайти асосчиси Ғайрат Хасбиулинга тегишли. 

Бунга қадар Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери 100 минг еврога баҳолангани, «Рези­спор» эса Ҳусниддин Алиқулов учун «Насаф»­га 400 минг евро тўлаши ҳақида хабарлар чиққанди. Трансферлар билан шуғулланувчи Германия порталида қайд этилишича, ҳозирда айнан Алиқулов Football Group LLC агент­лигининг энг қимматбаҳо мижозларидан бири ҳисобланади. Унинг трансфер суммаси 1 млн. еврога тенг. «Энергетик-БГУ» орқали «Ордабаси» сафига қўшилган ҳужумчи Бобур Абдухолиқов ҳам Хасбиулин гуруҳи мижози ва унинг трансфер баҳоси Алиқуловники билан тенг. Яна бир эътиборли томони, Football Group LLC билан ҳамкорлик қилаётган футболчилар орасида 19-21 ёшли иқтидорлар кўпчиликни ташкил этишади. Шундай экан, яқин келажакда яна бир қатор ёқимли трансферлар гувоҳига айлансак, ажабмас. 
fg-agent.jpg

Шу жойда мулоҳаза ўрнида айтиш керак, агентлик хизмати узоқ йиллар футболимизнинг оқсоқ нуқтаси бўлиб келди, қанчадан-қанча иқтидорли йигитларимиз хорижга чиқолмай, ўсишдан тўхтаб қолишди. Бундан эса футболимиз, айниқса, миллий жамоамиз зарар кўрди. Мана, охирги йилларда Россиянинг ProSports Management агентлиги аралашуви билан вазият анча ўзгарди. Ҳар ҳолда, Элдор Шомуродов шу гуруҳ ёрдамида Европанинг кучли лигасига йўл олди. Энди маълум бўляптики, ўзимизда ҳам футболчиларни яхши иш жойи билан таъминлаш салоҳиятига эга агентлик тобора қад кўтармоқда. Охирги трансферлар бунга далолат. Ҳа, футболчининг кучли клубга ўтиши аввало, ўзига боғлиқ. Лекин бугунги ҳаётда реклама ўта муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, футбол бозорида ҳам маҳсулотни тарғиб эта олиш муваффақиятнинг бирламчи асосларидан ҳисобланади, албатта. Бу йўлда Ғайрат Хасбиулин бошқарувидаги Football Group LLC агентлигига омад. Чунончи, бундай гуруҳларнинг самарали иши охир-оқибат, миллий жамоамиз манфаатларига хизмат қилишига ишонамиз.