Юбилей: Олег Синелобов 60 ёшда!

Юбилей: Олег Синелобов 60 ёшда!

Новотроицк шаҳрида Ўзбекистон ва Россия футболининг таниқли вакили Олег Викторович Синелобовнинг юбилейи нишонланди.

У 5 октябрь куни 60 ёшга тўлди. Синелобов - бу футболга қоришиб кетган фамилия. Ўтган асрнинг 60-йилларида Виктор ва Анатолий Ўзбекистон клубларида ўйнашган. Улар жумладан, мавсум-1962да Чирчиқнинг «Химик» клубида бирга тўп суришган.

Олег Синелобовнинг клуб футболидаги фаолияти

1980-1982 йиллар - «Соҳибкор» (Тошкент вилояти)

1983-1984 йиллар - «Звезда» (Жиззах)

1985-1989 йиллар - «Пахтакор» (Тошкент)

1990-1993 йиллар - «Сўғдиёна» (Жиззах), «Навбаҳор» (Наманган), «Бухоро», «Пахтакор» (Тошкент), «Зарафшон» (Навоий)

1993 йил - «Перлис» (Малайзия)

1994-2003 йиллар - «Носта» (Россия)

Виктор Синелобовнинг ўғли Олег 10 ёшидан 50-йиллардаги «пахтакорчи» Вадим Терешенко қўл остида футбол сир-асрорларини ўзлаштира бошлаган. У 18 ёшга тўлгач, «Соҳибкор» (Халқобод, Тошкент вилояти) сафига қабул қилинади ва 3 мавсум шу жамоада ўйнайди. Ўша пайт кичик Синелобовнинг майдондаги роли дарҳол аниқланади - ҳужум! Чунончи, дадил ва тезкор йигитча рақиб дарвозаси олдида узоқ ўйлаб ўтирмасди. Шу сифатлари ўлароқ, жамоадошлари билан тезда чиқишиб кетади ва ўйини ҳам енгил ривожланади. 1985 йили «Пахтакор» сафига қўшилган ҳужумчи дарҳол асосий таркибга кириб, голлар уришни пайсалга солмайди, яна клубдошларини зарба позициясига чиқаришни ҳам ўрнига қўяди. Олег «Пахтакор»да жамоа учун мураккаб давр - биринчи лигадаги 5 мавсум давомида ўйнайди. Ўша вақт ҳафсаласизлик домига тушган мухлислар футболчининг ҳар қандай хатосидан ғазабланадиган ҳолатда эдилар. 

«Пахтакор» мавсум-1987да ўзига хос юбилейини нишонлайди. Аниқроқ айтсак, Тошкент жамоаси лигадаги 200-расмий ўйинини ўтказади. Бу иккинчи давра ҳисобидан пойтахтда Ростов армия жамоасига қарши кечган учрашувга тўғри келади. Ўшанда «пахтакорчилар»да жами 297та гол йиғилганди. Хуллас, ўйин 2:0 кўринишида тугайдигандек кўринган паллада, том маънода сўнгги сонияларда Олег Синелобов меҳмонлар дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни йириклаштиради. Тан олиш керак, бундай ҳодисот футбол статистикаси тарихида ҳам жуда кам учрайди: 200-учрашувда 300-гол. Икки карра юбилей! Шу ўринда бир қизиқ факт: «Пахтакор»нинг собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасидаги 300-голи ҳам Тошкентда ва ўйиннинг сўнгги сонияларида урилганди (1968 йили жамоанинг машҳур тўп­урари Геннадий Красницкий «Заря» дарвозасини нишонга олган).

Синелобовга қайтамиз. У «Пахтакор» либосидаги яна бир муҳим голини Ўзбекистон миллий чемпионати илк ўйинида уради. Олег ўшанда «Косонсойчи»га қарши сафар ўйи­нида ягона голни ўз ҳисобига ёзиб қўйиб, тарихга «Пахтакор»нинг миллий чемпионатдаги биринчи голи муаллифи сифатида кирди ва бу жамоага ғалаба келтиргани билан ҳам аҳамиятли. Қолаверса, Олег Синелобов миллий чемпионатнинг илк мавсуми якунида мамлакат чемпионига айланади. Умуман, у «Пахтакор»нинг чемпионатдаги жами 166та ўйинида қатнашиб, 35та гол урган. Шунингдек, кубок турнири ва халқаро ўйинда 5 мартадан майдонга тушган. Ўзбекистон миллий жамоаси либосида ҳам 5та ўйин ўтказган.

Юбиляримиз 1994 йилдан Россияда ўйнай бошлайди ва узоқ вақт «Носта» (Новотроицк) шарафини ҳимоя қилади. Футболчилик фаолиятини якунлагач эса, айнан шу жамоада мураббийлик соҳасига бош суқади. Хусусан, 2004 йилдан «Носта» мураббийлар штабида меҳнат қилган Олег Викторович мавсум-2008да «Носта-2» (ўринбосарлар жамоаси) бошқарувини қўлга олади. 2010-2015 йиллар оралиғида эса «Носта» бош мураббийи лавозимида ишлайди. Бу орада, 2012 йилнинг 29 март куни «Шарқий Оренбург» болалар футбол лигаси президенти лавозимига ҳам сайланади. Бугунги кунда унинг ўғли - кичик Олег «пўлатчилар» сафида муваффақиятли тўп сурмоқда. Олег Викторовичнинг ўзи эса фаолиятини Новотроицк болалар-ўсмирлар футбол мактабида давом эттирмоқда. Ўзбекистонлик миллионлаб мухлислар ҳам ўз даврининг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири саналган Олег Синелобовни яхши эслашади, албатта. 

Мавлон ШУКУРЗОДА