Зайниддин Зидан: «Бенземани доимо яхшироқ бўлиш истаги бошқаради»

Зайниддин Зидан: «Бенземани доимо яхшироқ бўлиш истаги бошқаради»

«Реал Мадрид»нинг собиқ футболчиси ва мураббийи L~Equipe нашрига берган интервьюсида дунёнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган шогирдини мақтади.

Зайниддин Зидан ва Карим Бензема биргаликда учта Чемпионлар Лигаси ва икки марта Ла Лига чемпионлигини қўлга киритишган. Улар бир-бирларини ака-ука деб билишади ва муносабатлари футбол майдонидагидан анча узоқда.

Биродарлик ҳақида

- Карим учун деярли акадекман. Иккаламиз бир-биримизни шундай ака ва ука, деб чақиришни яхши кўрамиз. Туғилиб-ўсган жойимиз озми-кўпми бир-бирига ўхшаш: у Лиондан, мен эса Марселданман... Иккаламиз ҳам шу ҳудудда ўсганмиз ва дастлаб осон бўлмаган. Биз шаҳар четидаги оддий, профессионал футболчи бўлишни орзу қилган ёшлар эдик ва буни ўз меҳнатимиз билан амалга оширдик. Келиб чиқишимиздан бошлаб, умумий томонларимиз ҳақиқатдан ҳам кўп: оилаларимиз Жазоирдаги қўшни қишлоқлардан бўлади ва бу ҳақда биз бир неча бор гаплашганмиз.

Ўзаро муносабатлари ҳақида

- Турли авлодларга мансублигимизга қарамай, бизни деярли ҳамма нарса бирлаштиради ва шунинг учун бўлса керак, муносабатларимиз анча мустаҳкам. Мен уни мураббий бўлгунимга қадар, «Реал» клуби спорт директори бўлганимда ва клубни Жозе Моуриньо бошқарган пайтларда билардим. Биз бир тилда гаплашганимиз сабабли яқин бўлиб қолдик ва кўп мулоқот қила бошладик.

Ўхшашликлари ҳақида

- Болалигида бразилиялик Роналдо унинг мутлақ кумири эди, ҳақиқатан ҳам унга ўхшашни хоҳларди, лекин мен ҳам уни ҳайратда қолдирган ва илҳомлантирган футболчи эканлигимни биламан. Бизда мукаммал техник фазилатлар бор, лекин доимо ишлашимиз кераклигини ҳам билганмиз. Футболчилик фаолияти давомида мен каби у ҳам айниқса, дарвоза томон зарбаларни яхшилаш учун доимо машғулотлардан сўнг майдонда қоларди. Машғулотга ҳар куни 45 дақиқа олдин келар ва тугатганимиздан бир соат ўтиб кетарди, битта ҳам машғулотни ўтказиб юборишни хоҳламайди - уни доимо яхшироқ бўлиш истаги бошқаради.

Карим билан шуғулланиш ҳақида

- Унга мураббий бўлганимда, у билан бирга майдонда бўлиш, у билан юзма-юз бўлиш ажойиб эди. Менга мураббийликда ёқадиган нарса айнан шу. Унга маслаҳатлар берардим, лекин ўзи шундоқ ҳам ҳаммасини жуда яхши бажарарди. Маслаҳатларим, шунчаки кичик тузатишлар, тафсилотлар эди. Унинг тўпга тегиши мени доим ҳайратда қолдирган, жуда зўр... Тўпни ажойиб тарзда бошқаради. Унинг ҳаракатини назорат қилиши жуда яхши. Буларни ундан атиги уч метр узоқликда томоша қилиш ёқимли.

Афсусланиш ҳақида

- Баъзида бирга ўйнашни хоҳлашимизни айтардик. Бу эса унга янада кўпроқ голлар уришига ёрдам берарди. Афсуски, бу содир бўлмади, лекин биз мураббий ва футболчи сифатида бунинг ўрнини босдик.

Миннатдорчилик ҳақида

- Мураббийлик фаолиятимда Карим муҳимроқ рол ўйнади. Бош мураббий бўлганингизда Тони Кроос ёки Лука Модрич каби ўйинчилар борлигидан хурсанд бўласиз. Улар бир соатлик машғулотда бирор марта ҳам тўп йўқотишмайди ва ўйин давомида исталган вақтда вазиятни ўзгартиришга қодир. Карим 10 ёки 15 дақиқада унчалик яхши ҳаракат қилмаслиги мумкин, лекин бир сонияда гол уришга ва ақл бовар қилмайдиган ишларни амалга оширишга қодир.

Мадриддаги қийин дамларда

- Унинг «Реал»даги тарихи меникига ўхшамайди. Мен 29 ёшимда шартнома имзоладим, ўз ўрнимга эга бўлган футболчи эдим, жаҳон чемпиони эдим... У Мадридга жуда ёш келган. Ҳатто муаммоларга дуч келганида ва одамлар уни таслим бўлади, деб ўйлашганда ҳам, у ўзига: «Мен бу ерда ғалаба қозонишни хоҳлайман ва энг зўри бўламан», деди. Ва у муваффақиятга эришди. «Реал» каби клубдаги танқидлар ва улкан босимларга қарамай, у ҳеч қачон кўнглини йўқотмаган, у жуда кучли. Унинг ҳеч қачон таслим бўлмагани, одамларга гапиришга имкон бергани менга жуда ёқади ва бугун унинг тажрибаси-ю, статистикаси қандай даражада эканлигини айтиб турибди.

Бенземанинг буюклиги ҳақида

- У «қироллик клуби» афсонасига айланди, ақл бовар қилмас ютуқларга эришди ва одамларнинг хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади. Мен у учун хурсандман, чунки у бугунги ютуғига лойиқ эди. Баъзилар «Карим 9-рақамли бўлишга етарлича гол урмайди» дейишса ҳам у доимо ўзига ишонган. Бу эса адолатсизлик эди, чунки у гол ура олмаса, бошқаларни ҳамиша яхши ўйинга мажбур қилади. Ва мен учун бу муҳим эмас. Карим ўйинни яхши кўрадиган ва ҳис қиладиган, бошқаларни кучайтира оладиган жамоавий ўйинчи. Мен эса ўйинчи сифатида унга ўхшаганман, фақат камроқ гол урдим.

Етуклиги ҳақида

- Бугун у ҳамма нарсада доимий, тўлақонли етакчи. Ҳамма Криштиану Роналдунинг кетиши «Реал»да ҳаммасини ўзгартирганини айтади, лекин мен буни ўйламайман. Карим Криштиану жамоада бўлганида ҳам яхши эди, голлар урарди, Криштиануга голли узатма берарди... Менимча, у бугунга келибгина ривожланиб, ўзига бўлган ишончни оширди.

Етакчилиги ҳақида

- У кўп гапирмайдиган, бизни ҳам бирлаштирган лидер, лекин доимо тўғри сўзларни айтади. У футбол ҳақида гапирса, нима ҳақида гапираётганини билади. Ўйин ҳақидаги мунозараларимиз ҳар доим жуда қизиқарли бўлган. Футбол ҳақидаги фикрларимиз бир хил эди.

«Олтин тўп» ҳақида

- Унга устозлик қилган пайтимда, бир кун келиб «Олтин тўп»ни қўлга киритишини айт­гандим. У ҳеч қачон бу мукофотга ҳавас қилмаган, лекин мен унга агар таслим бўлмаса, охир-оқибат уни қўлга киритишини айтдим. У «Олтин тўп»га мутлақо лойиқ эди ва бу ғалаба мени тўлқинлантирди, мен у учун жуда хурсанд­ман.

Франция тарихидаги энг яхши ҳужумчи ҳақида

- Француз футболи тарихидаги энг яхши ҳужумчи? «У энг зўр» дейишни ёқтирмайман, ҳар кимнинг ўз севимли футболчиси бор. Баъзилар Папенни, бошқалари эса Платинини айтишади... Мен учун бу Карим, ҳа, чунки мен у билан ишлаганман ва унинг қадрини биламан. Ҳар ҳолда, у жуда юқори бўлишга лойиқ ва у янада юқорига кўтарила олади.

Манба: fondoruso.ru,