Жангари «Жирона»нинг сири нима?

Жангари «Жирона»нинг сири нима?

Хаби Алонсо бошқарувидаги «Байер»нинг Бундеслигадаги юриши ўз йўлига.

Ҳар ҳолда, Леверкузен клуби таркиб нуқтаи назаридан ҳам чакки эмас. Лекин камтарин «Жирона»нинг Испанияда даҳшатли «Реал» билан тенгма-тенг кетаётгани кўпчилик миясини чархлаяпти, барибир. Шунинг баробарида статистикага қарасак, Каталония клубининг юриши тасодифга ўхшамаяпти.

Мичель жамоаси юришида бир қатор жиддий аргументлар бор: Дэйли Блинд ва Эрик Гарсиядан иборат марказий ҳимоячилар тандемининг тартибли ҳаракатию, биринчи узатма бобида ажралиб тургани, майдон марказида назорат ўрнатилгани (бош ролларда Алейш Гарсия ва «Манчестер Сити» мактабидан ўтган Анхель Эррера), шунингдек, услуб борасида ақл бовар қилмас хилма-хиллик («Жирона» жорий мавсум нақ 8та тактик чизмадан фойдаланишга улгурди, лекин улардан ҳеч бирини 500 дақиқадан кўп қўлламади). Оддий айтганда, рақиблар Мичель жамоасининг кучли жиҳатларини олдиндан билади, аммо унинг қандай юриш қилишини англолмайди.

Демак, «Жирона»нинг бугунги асосий сири - бош мураббий Мичель томонидан йўлга қўйилган услублар. Яна скаутлар хизматини ҳам эътироф этиш керак. Жамоа асосан истиқболи футболчиларни харид қилди ва уларнинг ўз тизимига мослашишларига зарур шароит яратди. Мисол учун, украиналик Виктор Циганков ва Артём Довбик қисқа вақтда жиддий клублар эътиборига тушишди. Яна бразилиялик ёш иқтидор Савиони унутмаслик керак. Эҳтимолки, «Жирона»нинг City Football Group концерни таркибида эканлиги ҳам ўз сўзини айтаётгандир. Зеро, гуруҳ таркибидаги клублар футболчи алмаштириш асносида бир бирига яқиндан кўмаклашади. Оддий айтганда, «Жирона»да қизиқарли футболчиларни сотиб олиш ёки ижара келишуви асосида ўйнатиш имконияти кенгроқ.