Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Миллиардлаб ҳаражат қилиш – футбол ўзгарди, дегани эмас...»

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Миллиардлаб ҳаражат қилиш – футбол ўзгарди, дегани эмас...»

Тадбиркор, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Лолазор» подкастидаги иштирокида жамоатчилик диққат марказидаги бир қатор масалаларга изоҳ ва муносабат билдирди.

Жумладан, «Пахтакор» президенти футболга оид саволларга жавоб бераркан, унда клубни ривожлантирмоқчи бўлгани, шу билан бирга, клуб ва стадионни хусусийлаштириш учун 100 доллар ҳам тўламоқчи эмаслигини айтди.

- Ўзбекистон терма жамоа­сининг ОК-2023 нимчорак финал босқичи доирасидаги Таиландга қарши баҳси ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ҳозиргиси биз кутмаган Таиланд бўлиб чиқди. Улар ҳақиқатдан ҳам жиддий тайёрланган. Аввалги Таиланд эмас улар, футболи ривожланган. Австралия билан эса жуда яхши ўйин бўлди. Лекин ўйинларимизда камчиликлар бор, аввалгилардан ўзгариш йўқ. Тўғри, темп бор, ёшлар етишиб чиқяпти, лекин янги ўйин услуби йўқ, «ўзбекона ўйин» ҳамон мавжуд. Ният қиламиз, Ўзбекистон чемпион бўлсин (интервью Қатар билан ўйиндан олдин олинган). Ҳар доим ниятимизни юқори қиламиз, лекин фактлар ҳамма нарсани кўрсатиб турибди.

- 2019 йили футболга қизиқмаслигингизни айтдингиз. Лекин мана, бир йил бўляпти «Пахтакор» билан яқиндан ишлашни бошладингиз. Буни қандай тушунтирасиз?

- «Пахтакор»ни аввал бир компания бошқарарди, шаҳар ҳокимиятининг бош оғриғи йўқ эди. У компания жамоани топширгач, клуб ҳокимиятга қолди. Мен бошида ҳеч нарсага тушунмадим. Ўзим ёшлигимда футболга роса қизиққанман, кейинчалик ишларим кўпайиб кетиб, қизиқмай қолганман. Лекин, шу даврда ойликлар йўқ, Шота Арвеладзе кетадиган вазият бўлиб қолди. Бир куни стадионга бориб, ўйинни кўриб, ўша ердаги раҳбарлар билан кўришиб, гаплашдим. Улар вазиятни айтишиб, «сиз клубнинг президентисиз» деб қолишди. Ўзим эса президент эканлигимни билмас эканман. «Йўғе?» десам, «Ҳа, шунадай» деб, вазиятни тушунтиришди. Кейин ойликларини ўтказиб бердик. Ундан кўра қиладиган ишлари кўп ҳокимиятни. Очиғи, ўзим пул ўтказгани ҳижолат бўлардим, «Пахтакор»га фалончи пул ўтказди деса, хижолат бўлардим. Ишхонамдагиларга илтимос қилардим, «ёрдам беринглар», «пул ўтказинглар» деб. Кейин билсам улар олаётган ойлигидан солиқ тўламас экан, сўнг ойликларини очиқлашларини айтдим. Очиқлагандан сўнг ҳамма жойда шов-шув бўлиб кетди. Жамоани ташлаб кетмайсиз-ку, шу боис ўтган йили ҳам давом эттирдим.

Куз фаслида 5-6 нафар ёши катта футболчилар жамоада «саботаж» қилишди. Улар чемпион бўлавериб чарчаб кетишганда (кулади). Ўйинни «ташлаб» юборишди. Кейин ёшларни чақирдим. Ва шу жойда Аббос (Файзуллаев) ҳақида бир ҳақиқат: бир куни Қибрайга боргандим. Болаларни кузата туриб Аббосга кўзим тушди - ҳаракатлари, интилишлари ўта юқори даражада - уни ярим соатча кузатдим. Дарров жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Питер Хюистра билан гаплашдим, Аббосни асосий жамоа­га олишини айтдим. У эса: «Йўқ, бўлмайди, унинг жуссаси кичкина, катталарнинг оёғи остида қолиб кетади», деб кўнмади. Илтимос қилсам ҳам бўлмади. Кейин столга мушт тушириб, «Оласан!» дедим. Ва кейинги ўйиндан аста-аста асосий жамоа ўйинларида майдонга тушди... Кейин Диёр (Холматов) ва Азмиддинов (Шаҳзод)ларни чиқиштирмаётганди, Азиз Турғунбоевни сал четлаштириб қўйишганди, уларни ҳам мажбуран қўштирдим. Мана, қаранг ҳозир қандай ўйин кўрсатишяпти улар. Жамоадаги айрим «қариялар»нинг «саботаж»идан кейин «бўлди, чарчадим футбол билан бошқа шуғулланмайман, ўзимни ишимни қилиб юраман», дедим. Шундан сўнг 200 нафарга яқин мухлис уйимга келди. Улар уйимга келиб, ўтириб олди десам ҳам хато бўлмайди. Шундай мухлислар бор эканки, додлаб йиғлайдиган, ҳаёти футболда ўтган. Кейин айтдим, «мен аралашаман, фақат нима десам шу бўлади», дедим. Аввал ҳеч ички ишларига аралашмасдим. Рози бўлишди. Кейин эса Максим Шацкихни чақирдим, кечаси 23:30да! Яна Диёр Холматовни чақирдим. «Диёр, сен кейинги ўйинда жамоа сардори бўласан» дедим. Оёқлари титраб кетди, ёш йигитча ўзи. «Ҳамма чемпионликдан тўйиб кетганлар оиласи билан трибунада ўтиришсин, ёшларни ўйнашини кўришсин, сўкиш эшитса ҳам, шулар эшитсин», дедим.

Уч кундан сўнг ўйин бўлди, Диёр жамоа сардори, Ҳожимат Эркинов, Шаҳзод Азмиддинов ва яна иккинчи жамоадан футболчиларни чақирдим. Ўша ўйинда (20 октябрь кунги «Турон»га қарши ўйин) 3:0га ютишди. Навбатдаги ўйинни 1:0га - 3та ўйинни кетма-кет ютишди. Кейин ўша ёши катталарни олиб чиқиб, «Кўрдингларми, сенларсиз ҳам эплаймиз, сенлар хоинлик қилдиларинг», дедим. Ва ўзига келган фахрийларимиз, охирги ўйинларда яхши ўйнаб чемпион бўлишди. Шундан сўнг футболга қизиқиб кетдим.

- «Пахтакор»ни сотиб олишдан мақсадингиз?

- Фақат «Пахтакор» эмас, президентимиз қарорлари билан кўп клублар хусусийлаштирилиши керак. Шу жойа бир нарсани айтишим керак: давлатдан хусусийга ўтиши - футбол ўзгаради, дегани эмас. Миллиардлаб харажат қилиш - футбол ўзгарди, дегани эмас. Агар пул билан ҳал бўлганида, бугун Саудия энг зўр терма жамоа бўларди. Ёки «Ульсан Хюндай» клубини олайлик: биргина Hyundai компанияси 200 миллиард «оборот» қилади. Пул билан бўлганида, улар бўлган бўларди. Футболимизни кардинал ўзгартирмасак, у ўзгармайди. «Пахтакор»ни 100 долларга берса, сотиб олмайман. Текинга берса оламан. Стадионига ҳам гап шу! Мен футбол федерацияси раҳбари Абдусалом ака Азизов билан ҳам кўп гаплашдим, нима қилса бўлади, деган маънода. Бошқаларни билмадиму, менинг таклифим шундай: майли, стадионни олишим мумкин, лекин пулга эмас, чунки ўзи стадионга 70-80 миллиард пул тикиб бўлдим. Умуман 200 миллиард­га яқин пулим кетди ва буни қайтариб ололмайман. Яна пулга сотиб оламанми стадионни? Нима қиламан уни?

- Бу борада қандай режаларингиз бор эди?

- Биринчи таклифим: футболни ўзгартиришимиз керак. Иккинчиси: мухлисларни футболга чақиришимиз керак. Тошкент - менинг киндик қоним тўкилган жой. «Пахтакор»да 12 ёшимдан чипта олиб, сотиб юрган одамман. Бошқага эмас, айнан менга қадрли бу жой! Ёшлигим шу ерларда ўтган. «Пахтакор»нинг номи бор, уни йўқотиб бўлмайди. Нима қилмоқчи эдим? Биласиз, Қибрайда клуб базаси бор ва мен у ерга 100-120 ўринли меҳмонхона қурмоқчи эдим. Тўртта майдони бор, иккитасини ўзгартирмоқчи эдим. Чилонзорда академия бор, майдони сунъий, болаларнинг оёқлари шилиниб кетяпти - чим экиб бермоқчи эдим. «Пахтакор» стадионини эса янгилаб, остига дўкон, кафелар очиб, атрофини боғ қилиб, одамлар кечки пайт ҳам кафега келсин, ҳам ҳеч бўлмаса бирор шоу қилиб, бир амаллаб стадионга олиб чиқиб оламиз. Кўнгилочар жой бўлсинки, одамлар ичкарига киришсин, яъни уларни чақириш керак.

Болаларни эса 14, 15, 18, 20 яшар болаларни олиб келиб, Қибрайга меҳмонхонага тиқиб, ота-онаси билан келишиб: «Гўшти менга, суяги сизга», «3 ойда 1 марта уйингизга боради», «алкоголь ичиш йўқ», «кечаси юриш йўқ»... қабилида 3 йил мана шундай чиллахона дейдими, «казарма» режимида боқмоқчи эдим.

Кейин «Пахтакор»да ўйнатиб, маълум даражага етказилгач, сотардик, масалан. Шундан ҳаражатларимни эҳтимолки қоплардим. Лекин хоҳласанг уйингга бор, хоҳлаган пайтинг кел, машғулотга ҳа хоҳлаган пайтинг кел - бу билан биз футболни кўтара олмаймиз. Қаттиқ режимда машқ қиладиган болаларни ёшлигидан етиштириб, вилоятлардан, ўзимиздан йиғиб келиб, зўр академия қилмас эканмиз, биз футболни катта пул билан ривожлантиролмаймиз. Мана, куни-кеча бир ўйинчини (Муҳаммадали Ўринбоев) Ўзбекистон тарихида биринчи марта Англия Премьер-лигаси ижарага бердик. Мен уни Ўзбекистонда ёки «Пахтакор»да олиб қолиш ниятим йўқ. У ва унга ўхшаган болаларни ривожлантириб, йилига 5-10 нафарини чет элга олиб чиқиш ниятим бор. Чет элда ўйнаса, хоҳлаган вақтда терма жамоага чақирса, етиб келади-ку. Фараз қилинг, 11 нафар ўйинчингизнинг 11таси Англия, Франция, Португалияда ўйнаяпти. Менинг ниятим шу эди.

Лекин бу борада ижтимоий тармоқларда айланган гаплардан кейин, тўғрисини айтаман, менга керакмас футболиям, жонимга тегди, менга керакмиди шу, деган фикр­га бордим ва ҳозир ҳам шу фикр­даман.

Манба: @XushnudbekXudoyberdiyev Youtube канали