«Бавария» - «Барса» учун қўрқинчли туш...

«Бавария» - «Барса» учун қўрқинчли туш...

Хави бошқарувида қаддини тиклашга уринаётган «Барселона» ЧЛда яна «Бавария» босимига дуч келди ва яна енгилди...

 Тўғри, Каталония клуби бу сафар Мюнхенда 2020 йилда кузатилган 2:8даги каби мутлақ ожиз кўринмади, аммо натижа....

Хуллас, «Барселона» 2015 йилдан буён «Бавария»ни енголмаяпти. Охирги ўзаро 9та ўйин — Каталония гранди учун қўрқинчли туш. Умуман, икки жамоа қаторасига 3-мавсумки, ЧЛда ўзаро тўқнаш келмоқда: 

Мавсум-2019|2020 (ярим финал). «Бавария» Испания клубини шунчаки, хўрлади - 8:2.

Мавсум--2021|2022 (гуруҳ босқичи). 2та ўйин ҳам Каталония клубининг 0:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди. 

Мавсум-2022|2023 (гуруҳ босқичи). Биринчи ўйин ортда қолди, «Барса» яна мағлуб ролида (0:2). 

Оддий айтганда, «Барселона» сўнгги 3 йилда «Бавария»га 4 бора дуч келиб, умумий - 2:16 ҳисобида мағлуб бўлди. «Барса»нинг «Бавария»га қарши ўйинлардаги «қора» серия­си эса 2015 йили бошланган эди. Тўғри, каталонияликлар ўшанда Мюнхендаги 2:3 ҳисобига қарамай, ярим финалнинг биринчи ўйинида қайд этилган 3:0 эвазига финалга йўл олишганди. Айтиш жоиз, ЧЛда «Барселона» учун энг ноқулай рақиб айнан «Бавария»: жами 12та ўйинда 9та мағлубият ва 1та дуранг. Мюнхен клуби турнирда бошқа бирор клубни шунча кўп мағлубиятга учратмаган. Ушбу ўйинлардаги голлар нисбати ҳам даҳшат - 30:13.

СЎЗ

- «Бавария»дан яхшироқ кўриндик, аммо рақибни жуда кўп кечирдик. Мезбонлар аксинча, бизни кечириб ўтиришмади - асосий фарқ шу. Ахир 6-7та яққол вазиятдан гол уролмадик. Натижа ўйин равишини англатмайди. Ўзи  ЧЛда шундай. Рақибни кечирдингми, товон тўлайсан. Аслида ғалабага лойиқ эдик. Фақат хатолар ортидан мағлубиятни тан олдик. Демак, ўрганиш ва изланишда давом этишимиз керак. Хави («Барселона» бош мураббийи).