Ажойибот: Қўлда футболка билан...

Ажойибот: Қўлда футболка билан...

ДИЕГО ФОРЛАН ШОУСИ!

Уругвайлик собиқ ҳужумчи, чин голеадор Диего Форлан 2002 йили «МЮ» — «Саутгемптон» ўйини (2:1)да чинакам шоу кўрсатган эди. Аниқроқ айтсак, ўша вақт «қизил иблислар» шарафини ҳимоя қилган тўпурар якунда ғалаба голини урган, кейин маълум муддат футболкасиз ўйнаганди. Қанақасига?

Ғалаба голи. Ўша ўйин тафсилотларига тўхталсак, Диего Форлан 84-дақиқада «Саутгемптон» дарвозасини нишонга олади ва «МЮ»ни ҳисобда олиб чиқади - 2:1. Уругвайлик футболчи ушбу қимматли голини нишонлашда формасини ечади, кейин маълум вақт либоссиз югуришига тўғри келади. Чунончи, Форлан хурсандчиликни давом эттираётган паллада рақиб дарҳол тўпни ўйинга киритади (вазият шуни тақозо этарди). Форлан эса футболкасини кийишга ҳам улгурмайди ва уни қўлида ушлаганча югуришга мажбур бўлади.

Атиги 15 сония, шунда ҳам эффект. Уругвай футболи фахри ярим яланғоч ҳолда атиги 15 сония ўйнайди. Эътиборни тортадиган томони, футболкасиз ҳужумчи шу қисқа вақт ичида рақиб билан яккакурашга киришади ва устун ҳам келади. У шу аснода «МЮ»ни эҳтимолий голдан қутқариб қолади. Лекин Форлан футболкасини ечгани учун жазога тортилмаган. Гап шундаки, ўшанда ўйин вақти майдонда форма ечиш учун сариқ карточка берилмасди. Яъни бундай хатти-ҳаракат ҳали тақиқланмаган эди.