Ўша куни у 16 ёш, 362 кунлик йигитча эди. Табриклаш учун уни қучиб олган Хесус Навас Ямалдан 22 ёшга каттароқ. «Барселона»нинг сўнгги сенсацияси муаллифи бўлажак ЖЧ-2026нинг дастлабки ярим финали арафасида 19га чиқади ва албатта, ўз маҳоратини илк бор мундиалда намойиш этишга уриниб кўради. Биз эса ажойиб голлари билан футбол оламини лол этган энг ёш футболчиларни эсга олишга қарор қилдик.
ПЕЛЕ - Швеция-1958
ЖЧлари тарихидаги арбоблар ва футболчилардан бири бўлган Пеле (Эдсон Арантес ду Насименто) чемпионлик кубогини 3 марта боши узра баланд кўтарган рекордчидир. Ўзининг дастлабки тарихий совринини қўлга киритган даврида бўлажак қирол 17 ёшда бўлсада, чорак финалда гол урган, ярим финалда дублга эришганди. Унинг энг ёрқин ҳаракати эса ҳал қилувчи баҳсда, узатилган тўпни кўзни қамаштирадиган даражадаги зарба билан дарвозага жой олганида кузатилди. Шу зайлда Пеле ЖЧ финалида гол урган дастлабки энг ёш ҳужумчи бўлди. Бўлажак қиролнинг иккинчи голи эса энг ёш жаҳон чемпиони унвонини ҳадя этди.
Буни билармидингиз?
Гарчи Пеле ёруғ оламга Бразилия терма жамоасининг 10-рақамли ҳужумчиси мақомида танилган бўлсада, аслида унга ўзи билмаган ҳолда эга бўлганди. Боиси, Бразилия футболчилар рақамларини рўйхатга олишни унутган ва шошилинчда 10-рақам Пелега насиб этганди. У эса рақамни бутун дунёга танитди.
Жузеппе БЕРГОМИ - Испания-1982
«Биз рондо тайёрладик ва оёқларим қалтираб кетди», деганди Бергоми ўзининг Италиядаги дастлабки машғулот лагери хусусидаги саволга жавобан. Гарчи у «Интер»нинг асосий таркибидаги мўйловдор ўйинчи бўлсада, ўзи эндигина 18га чиққанди. Ҳа, универсал ҳимоячи жамоа сардори бўлмиш Дино Зоффдан қарийб 22 ёшга кичикроқ эди. У Энцо Беарзот жамоаси таркибидан жой олган бўлсада, бошланғич таркибда майдонга тушишни бир оз кутишига тўғри келганди. Гуруҳ босқичининг 2-турида Колловати жароҳат олиб майдонни тарк этгач, Бергоми унинг ўрнини тўлдириб, жамоанинг 3:2 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди. Кейин ярим финал ва финалда ҳам тўп суриб, Пеледан кейинги иккинчи энг ёш жаҳон чемпиони бўлди.
Сиз билармидингиз?
Терма жамоанинг 81 учрашувида майдонга тушиб, 4та ЖЧларида тўп сурган Бергоми бирорта саралаш босқичида иштирок этмагани ажабланарли ҳол, албатта. Испания мундиалига у кечикиб етиб келганди. Италиянинг зафар қучгани ва мезбонлик мақоми унга кейинги 2та турнирда тўғридан-тўғри финал босқичида майдонга тушиш имкониятини берганди.
Майкл ОУЭН - Франция-1998
Бу афсона 20 ёшлилар ўртасидаги ЖЧ-1997 турнирида 4та ўйинда 3та гол урган ва бир йилдан кейин Гленн Ходдл жамоаси таркибида Франция-98 мундиалига йўл олганди. Ўшанда у 18 ёшда эди. Майкл мундиалдаги голлари ҳисобини Руминияга қарши баҳсда очди. 1|8 финалда эса у Хосе Шамот ва Роберто Айяла каби рақибларини алдаб ўтиб, Аргентина дарвозасини ишғол этганди. Тўғри, «уч шерлар» якунда пенальтилар сериясида имкониятни бой беришди, лекин Оуэннинг ажойиб ўйини унга турнирнинг энг ёш футболчиси унвонини келтирди.
Сиз билармидингиз?
1998 йилнинг февралида терма жамоадаги дебютини нишонлаган 18 ёш, 59 кунлик Оуэн Англиянинг ХХ асрдаги энг ёш ўйинчиси бўлди. У ўзининг дастлабки голини турнир арафасидаги Марокашга қарши ўртоқлик учрашувида амалга оширган, Руминия дарвозасига йўллаган аниқ зарбаси эса мундиалнинг финал босқичида гол урган энг ёш тўпурар мақомини берганди. Рекорд ҳанузгача янгиланган эмас.
Лионель МЕССИ - Германия-2006
Мессининг жаҳон Кубоги турниридаги фаолияти унга улуғвор даҳо мақомини бергани бежиз эмас. Лео «Альбиселесте» таркибида илк марта захирадан майдонга тушиб, афсонавий Диего Марадонанинг синчков назорати остида Сербия-Черногория термасини таслим этишга (3:0) муносиб ҳисса қўшганди. Ўшанда 18 ёш, 357 кунлик ҳужумчи аввалига чап қанотдан ҳужумга ўтиб, Эрнан Креспони самарали узатма билан таъминлаган, орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас, ўзи ҳам гол урганди.
Сиз билармидингиз?
Гельзенкирхендаги дебютидан кейин Месси ЖАР-2010, Бразилия-2014, Россия-2018 ва Қатар-2022 мундиалларида сермаҳсул ўйинлар намойиш этиб, 5та мундиалларда самарали узатмаларни амалга оширган ягона футболчи унвонига сазовор бўлди.
Килиан МБАППЕ - Россия-2018
Франциялик бўрон икки йил давомида «Кўҳна қитъа»даги барча рақиблари ҳимоясини парчалаб, Россия мундиалидаги Перуга қарши беллашувда ўз голлари ҳисобини очганди. Кейин у 1|8 финалда Аргентинанинг додини берди - ўнг ва чап оёқларида биттадан гол урди, Антуан Гризманнга пенальти ишлади ва 4:3 ҳисобидаги ғалабани таъминлади. Ниҳоят, ёмғирли Москва заминида ўтган финалда 19 ёш, 207 кунлик тўпурар рекордлар китобида Пеле ёнидан жой олди.
Сиз билармидингиз?
Тўрт йилдан кейин Килиан терма жамоага қаторасига иккинчи марта финалга чиқишида ёрдам бериб, сўнгги 56 йил ичида хет-трикка эришган дастлабки футболчига айланди ва англиялик Жефф Хёрст билан тенглашиб олди.
Манба: fifa.com, А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади