Жасурнинг катта юбилейи

Жасурнинг катта юбилейи

Суперлигадаги «отахон» футболчилардан бири Жасур Орзиқулович Ҳасанов 19 май куни Ўзбекистон чемпионати олий дивизиони ҳисобидан катта юбилейни нишонлади - 500та ўйин!

Бу марра сари чемпионатда нақ 23 мавсум йўл босган фахрий ярим ҳимоя­чи «Бухоро» - «Сўғдиёна» ўйини (0:2)да тўлиқ вақт фаол ҳаракатланиб, юмалоқ рақамни жамоаси ғалабаси билан безади. Тасанно!  
Аввало айтиш керак, Жасур Ҳасановнинг 500та ўйин маррасига етгани ҳақида олдинроқ маълумот берилди. Жумладан, Жиззах матбуотида шундай хабар чиқди ва ярим ҳимоячига ҳаттоки, 500 рақами босилган махсус футболка топширишга ҳам улгуришди. Бироқ афсуски, бу масалада бироз шошма-шошарлик кузатилди. Ҳар ҳолда, статистика бўйича Ҳасанов айнан 19 май куни Бухородаги ўйинда маррага етди. Статистика ихлосмандлари ўз ҳисоб-китобларида шуни эътиборга олиб қў­йишлари керак. 
Жасур Ҳасановнинг Ўзбекистон    чемпионати элит лигасидаги 500та ўйини (мавсумлар кесимида)

Мавсум-2001 - 32та («Сўғдиёна»)

Мавсум-2002 - 25та («Сўғдиёна»)

Мавсум-2003 - 22та («Навбаҳор»)

Мавсум-2004 - 25та («Навбаҳор»)

Мавсум-2005 - 25та («Машъал»)

Мавсум-2006 - 15та («Машъал»)

Мавсум-2007 - 28та («Бунёдкор»)

Мавсум-2008 - 24та («Бунёдкор»)

Мавсум-2009 - 27та («Бунёдкор»)

Мавсум-2010 - 11та («Бунёдкор»)

Мавсум-2011 - 4та («Бунёдкор»)

Мавсум-2012 - 12та («Бунёдкор»)

Мавсум-2013 - 20та («Бунёдкор»)

Мавсум-2014 - 23та («Локомотив»)

Мавсум-2015 - 26та («Локомотив»)

Мавсум-2016 - 5/15та («Локомотив»/«Қизилқум»)

Мавсум-2017 - 14/14 («Қизилқум»/«Насаф»)

Мавсум-2018 - 11/17та («Насаф»/ОКМК)

Мавсум-2019 - 8/13та (ОКМК/«Сўғдиёна»)

Мавсум-2020 - 26та («Сўғдиёна»)

Мавсум-2021 - 25та («Сўғдиёна»)

Мавсум-2022 - 23та («Сўғдиёна»)

Мавсум-2023 - 10та («Сўғдиёна»)
jas-h.jpg

Асосий факт шуки, вақтида Қатар Юлдузлар лигасида ҳам ўйнаб қайтган Ҳасанов чемпионатимиз тарихида 500та ўйин маррасига етган 3-футболчи бўлди. Айтганча, толмас ярим ҳимоячи яқин орада миллий лигамиз гвардиячилари рўйхатида 2-ўринга чиқиб олиши мумкин. 20 май ҳолати бўйича айтсак, уни мутлақ пешқадам Асрор Алиқуловдан эса 20та ўйин ажратиб турибди. 

Ўзбекистон чемпионати элит лигасида 500та ўйин маррасига етган футболчилар

1. Асрор Алиқулов - 520та

2. Анвар Бердиев - 505та

3. Жасур Ҳасанов - 500та

Сергей КНЯЗЕВ