Карим Бензема ЕЧЛ жорий мавсуми тўпурарлари рўйхатида етакчига айланди

Карим Бензема ЕЧЛ жорий мавсуми тўпурарлари рўйхатида етакчига айланди

Чемпионлар Лигаси ярим финал дастлабки ўйинида «Реал» ҳужумчиси Карим Бензема «Манчестер Сити» дарвозасига 2 та гол урди.

Франциялик ҳужумчи мусобақа жорий мавсумидаги голлари сонини 14 тага етказди ва Роберт Левандовскини (13 та гол) ортда қолдириб, тўпурар рўйхатида 1-ўринга кўтарилиб олди.

Бу Бенземанинг Чемпионлар Лигасидаги 84 ва 85-голлари бўлди. Карим мусобақа тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 4-ўринда бормоқда. Фақатгина Роберт Левандовски (86), Лионель Месси (125) ва Криштиану Роналду (140) ундан олдинда.  

Шунингдек, франциялик футболчи 2021/22 йилги мавсум «Реал» сафидаги голлари сонини 41 тага етказди. Шу тариқа Бензема мадридликлар тарихидаги бир мавсум давомида 40 ва ундан кўп гол урган бешинчи футболчига айланди. «Реал» тарихида Альфредо ди Стефано, Ференц Пушкаш, Уго Санчес (икки мартадан) ва Криштиану Роналду (8 марта) бир мавсумда 40 та голлик довондан ошган.

Карим Бензема «қаймоқранглилар» сафидаги 600-ўйинини ўтказди ва бу борада 1953—1971 йиллар давомида «Реал» шарафини ҳимоя қилган Франциско Хентога етиб олди. Мадридликлар сафида фақат Фернандо Йерро (601), Сантильяно (645), Серхио Рамос (671), Маноло Санчис (710), Икер Касильяс (725), Рауль (741) Бенземадан кўпроқ ўйин ўтказган.