Search

14 кун оралиғи: икки қитъа, уч мамлакат ва 360 дақиқа ўйин

«Челси» ярим ҳимоячиси Мойсес Кайседонинг ФИФА кунларидаги ажойиб саёҳати. FIFPRO (жаҳон профессионал футболчилар уюшмаси) ҳисоб-китобига кўра, «Челси» клуби ва Эквадор миллий жамоаси вакили Мойсес Кайседо охирги вақтлар ҳаммадан кўп «ортиқча юклама»га тўқнаш келмоқда.

Профессионал футболчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи FIFPRO ҳисоботида келтирилишича, Кайседо 2024 йилнинг октябрь ойида атиги 14 кун оралиғида клуби ва терма жамоа­си билан нақ 25 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтган ва икки қитъадаги уч мамлакатда ўтказилган 3та ўйинда тўлиқ ҳаракатланган. «Кайседо ўтган йили 14 кун ичида икки қитъа ва уч мамлакатда ташкиллаштирилган 4та ўйинда жами 360 дақиқа тўп сурди. Умуман, футболчи Ер экваторининг ярмидан кўпига тенг масофага парвоз қилди, унинг ўртача тикланиш вақти эса атиги 110,8 соатни ташкил этди», — дейилади ҳисоботда. Шунингдек, Кайседо ўтган мавсум давомида мамлакатлар ўртасидаги чегарадан 27 марта ўтгани қайд этилди. Транзит вақти - 175 соатдан кўп. Айтиш керак, «Челси» футболчилари бу йил ёзда атиги 20 кун дам олишди. Бу тавсия этилган меъёрдан 8 кун кам. Янги мавсум олдидан эса 13 кунлик таътил берилди (меъёрдан 15 кун кам). Гап шундаки, АҚШда ўтказилган Клублар ўртасидаги ЖЧда охиргигача борган «Челси» жами 7та ўйинда майдонга тушди. 

Айтиш керак, Кайседо «Челси» сафига қўшилганидан буён яқинда илк марта Эквадор термаси йиғинидан четда қолди. Айнан юклама ва чарчоқ туфайли, албатта. Бунгача эса Мойсес миллий жамоасининг КОНМЕБОЛ зонасидаги ЖЧ-2026 саралаш босқичида 2-ўрин (Бразилия термасидан ҳам юқори)ни эгаллаб, мундиал йўлланмасини қўлга киритишига катта ҳисса қўшди.

Эквадорда қашшоқ оилада улғайган Мойсес Кайседо (у 10 нафар фарзанднинг энг кичиги) футбол воситасида нафақат ўз ҳаёти, балки барча яқинлари тақдирини ўзгартирганини алоҳида айтиш жоиз. У айни пайт ўз мамлакатида миллий қаҳрамон сифатида эътироф этилади. Кайседо бугун реклама орқали ҳам катта пул топмоқда. Дейлик, охирги 1 йил ичида нақ 9та бренд билан йирик келишувларга эришди. Мисол учун, футболчи Banco Guayaquil банки ва Хитойнинг илғор интернет компанияси билан шартномага эга. Шунингдек, яқинда Кайседонинг болалик тарихига асосланган Mini Moi мультфильми тайёрланаётгани маълум қилинди. Мақсад - Лотин Америкасидаги болаларга Кайседонинг оғир ҳаёт йўлини кўрсатиш асносида уларни катта орзулар сари илҳомлантириш.

Related to this topic: