Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 8,332

Турнир жадвалида уч манзара

Турнир жадвалида уч манзара

ёхуд футболнинг тинч ва нотинч дунёси

Бир истеъдодли шоира мавжуд қулайликлардан ноқулайликлар туйиши ҳақида ёзганди. ХХ асрнинг 30-40-йилларида кузатилган қатағон даҳшатлари гувоҳига айланган устоз адиб, раҳматли Асқад Мухтор эса ўз вақтида репрессияга учраган ижодкорларни эслаб, ҳаётидан мамнун яшолмаслигини изтироб билан сўзлаганди. 8 март – Хотин-қизлар байрами оқшоми, футбол дунёсидаги сўнгги янгиликлар билан боғлиқ мулоҳазаларни ёзиш чоғи бизда ҳам шунга яқин туйғулар жўш урди. Очиғи, на сулоламиздаги катта-кичик хонимлар, на қадрдон қаламкаш аёлларни байрам билан тантанали тарзда табриклай олмадик. Урушни қўмсаётган кимсалар кирдикорлари бир тараф, Эрондаги қизлар мактабида рўй берган фожеа бир тараф… Журналист Илёс Сафаровнинг айни шу мавзудаги кўрсатуви эса  юракларни эзиб юборди. Футбол томоша қилиш қийин бундай вазиятда. Футбол ҳақида ёзиш эса бундан-да мушкул вазифа. Недир сабаб юзингга қувонч кулгуси ёйилса, бирдан ўзингни айбдор сезасан киши. Балки шунинг учундир таниқли ижодкор Темур Тўрабоев бир даста гул кўтариб, Чиғатойдаги қабристонда мангу уйқуга чўмган  ардоқли адибалар ва санъаткор аёлларни йўқлабди…

Ҳа, дунё қалқиб турибди. Осуда ҳаёт омонатдек туюлади. Бироқ футбол тинмаяпти, тўхтамаяпти. Аксинча, янада авжланмоқда. Қаранг, кўз очиб-юмгунча Суперлигада мавсумнинг 2та тури ортда қолди. 10 кунча аввал Эронда тўп сурадиган футболчиларимиз хавфсизлиги ҳақида ўйлагандик. Бугун эса уларнинг ўйин амалиётисиз қолишаётганидан хавотирга тушмоқдамиз. «ИнтерФутбол»нинг ушбу сони мухлислар қўлига етиб борганида, Суперлигада 3-тур учрашувлари бошланади. Мазкур мулоҳазаларни ёзишдан аввал турнир жадвалига бир қур назар ташладик. Тавба,  жамоалар гўё буюриб қўйилгандек  уч гуруҳга ажралиб турибди. Жадвалнинг бошида 6 очкодан жамғарган 5та жамоа жойлашган – «Нефтчи», «Локомотив», «Пахтакор», «Насаф», «Бухоро». Ўрта бўғинда 3 очко билан «Навбаҳор», «Қизилқум», «Динамо», «Хоразм», «Андижон» ва «Бун­ёдкор» турибди. Жадвалнинг қуйи қисмида жойлашган «Қўқон-1912», ОКМК, «Сурхон», «Машъал» ва «Сўғдиёна»да эса очко йўқ. ОКМК ва «Сўғдиёна»нинг  турнир жадвали қуйи қисмида тургани ажабланарли, кутилмаган ҳодиса, албатта.

Умуман, эътибор билан қарасангиз, жадвалда ажратилган ҳар уч гуруҳда кутилган ва кутилмаган жамоалар мавжуд. «Локомотив» ҳамда «Бухоро»нинг дастлабки икки турдан сўнг етакчилар гуруҳига бош суқишини стартдан олдин кўпчилик кутмаганди. Қарангки, «Андижон» ва «Нав­баҳор» тахминларга терс ўлароқ, 2-турда мағлубиятни тан олиб, етакчилар гуруҳида «Локомотив» ва «Бухоро»га жой бўшатиб берди. Боз устига, «лочинлар» ҳам, «бургутлар» ҳам ўртамиёна рақибларга ютқазишди. Бошқача айтганда, Александр Хомяков Тошкентда Темур Кападзега, Акмал Рустамов эса Навоийда Самвел Бабаянга муайян ўйинга қандай тактика танлаш бобида сабоқ бериб қўйишди. Наманганлик ва андижонлик мухлислар воқеалар ривожи бундай тус олишини мутлақо кутишмаганди ва эҳтимол, шунинг учун мағлубиятлардан ортиқ даражада асабийлашишди. Уларнинг жазавага тушганлари бежиз эмас. Чунки  Суперлига 3-турида «Навбаҳор»ни «Пахтакор»га, «Андижон»ни эса «Нефтчи»га қарши сафар ўйини кутмоқда. «Пахтакор» дастлабки икки турда қийинчилик билан 6 очко олган бўлса, «Нефтчи» бунга нисбатан осонроқ эришди. Мухлислари қаршисида уялиб қолган «Андижон» ва «Навбаҳор» энди сафар ўйинида бор имкониятларини ишга солиши тайин. Ҳар икки учрашув натижаси бўйича ўзларига ишонган мутахассислар ҳам тахмин биллдиришдан тийилишмоқда.

3-турда марказий ўйин мақомига мансуб яна бир тўқнашув бор. Стартда, яна ўз майдонида мағлубиятга учраган «Динамо» тажрибали футболчиларисиз қолган «Насаф»ни синовдан ўтказади. Кўриниб турибдики, нафақат «Андижон», «Навбаҳор», «Динамо»ни, балки  етакчилар гуруҳида бораётган «Нефтчи», «Пахтакор» ва «Насаф»ни ҳам натижасини олдиндан тахмин қилиш қийин ўйинлар кутиб турибди. Эҳтимол, ҳеч кутилмаганда, «Нефтчи», «Пахтакор» ва «Насаф» ҳам илк мағлубиятга юз тутар… Бундай ҳолатда «Локомотив» ва «Бухоро»да 9 очкодан жамғариб, яққол етакчига айланиш имконияти туғилади. Чунки  «темирйўлчилар» 3-турда «Қўқон-1912»ни, бухороликлар эса  «Хоразм»ни қабул қилишади. «Локомотив» ва «Бухоро» мезбонлик мақомидан ташқари,  таркиб масаласида ҳам рақибларидан нисбатан устун кўринаётганини назарда тутсак, 3-турдан сўнг Суперлига турнир жадвалининг юқори қисмида янада кутилмаган манзара кўриниши эҳтимоли катта.

Бугун Форс кўрфази мамлакатларида футбол мухлислар кўнглига сиғмайди. У томонларда  футбол бир четга сурилган, ҳамма фақат тинчлик ҳақида қайғурмоқда. Суперлигада эса клубларимиз тинч ва осуда стадионларда тўп сурмоқда. Форс кўрфази мамлакатлари ёки Украина стадионлари билан солиштирганда, бу ҳолат яққолроқ сезилади. Лекин  аксарият клубларимизни ўраб турган молиявий пардани бир четга суриб, ичкарига назар ташласангиз, хотиржамлик йўқлиги, вазият анчайин чигал эканини тушуниб етасиз. 4 ойдан буён маош олмаётган «Динамо» футболчиларини руҳлантира олаётгани учун Вадим Абрамовга  фақат тасанно айтиш лозим. Айни чоғда шарт­номада кўрсатилган маошни вақтида олмаган ва шунинг учун ўйиндан бош тортган «Сурхон» футболчиларини айблаш ҳам ноўрин. Ҳа, кимлардир «Кун келиб, мавриди билан ўз ҳақларини олишади-ку, барибир!» қабилида «Нефтчи»га қарши учрашувда  майдонга тушмаган «Сурхон» футболчиларини айблашмоқда. Шундай вазиятда ўша айбловчиларга битта савол бериш ўринли: «Ўзингиз маош олмай, неча ой ишлашингиз мумкин?» Айтишга осон, 4-5 ой маошсиз ўйнаш! Катта миқдорда маош беришнинг имкони йўқ экан, демак, вақтинча катта мақсадлардан ҳам тийилиб турмоқ афзал.

Аслида камтарона харажат билан ҳам футбол клубини юргизиш мумкин. Ҳозирги ҳолатда Суперлигада маош сметаси бошқа соҳаларники билан қиёслаганда, жуда юқори. Балки ўзини катта маошга лойиқ ҳисоблаган тажрибали ва маҳоратли футболчи Суперлигадан воз кечиб, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари томон юз бурар… Ҳар ҳолда, вазиятга қараб иш тутган маъқул. Ортиқча чиранишдан, қарғанинг юришини қилиш илинжида қийналиб қолган чумчуқ ҳолига тушишдан нима маъно?! Ортиқча чиранишлар ҳақида сўз борганида, доно халқимизнинг кўрпага қараб оёқ узатиш ҳақидаги ҳикмати ёдга тушади беихтиёр. Ҳаммага аён бўлиб турибдики, энди бошқа клублар молиявий масалаларда «Пахтакор» ва «Нефтчи» ёки «Андижон» ва «Навбаҳор»га тенглашолмайди. Охир-оқибат, Суперлига клублари молиявий рақобат исканжасида икки қутб­га ажралади. Бири юқори, иккинчиси қуйи молиявий қутб­даги жамоаларнинг ажралиш жараёни ва ўзаро рақобати осон кечмайди асло. Бу жараёнда Суперлига мароми ҳам издан чиқиши ҳеч гап эмас. Хўш, маромни сақлаб туришнинг иложи борми? Жиддий бош қотирилса, табиийки, чораси топилади. Қисқаси, бу фоний дунёда футболни бошқариш қийинлашиб бормоқда ўйнашга нисбатан…

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *