Қизиқ савол: агар ҳар бир клубнинг фақат ўз тарбияланувчилари томонидан урилган голлар инобатга олинса, АПЛ-2024|2025 жадвали қандай кўриниш оларди? Sports.ru сайти ижодкорлари айни шу йўналишда таҳлилий-статистик мақола тайёрлашди. Улар шунинг баробарида легионер футболчиларнинг голларини четга сурган ҳолда ҳам алоҳида жадвал тузиб чиқишди. Хўш, натижалар қандай?
«АРСЕНАЛ» - ЧЕМПИОН!
Ҳа, агар фақат клуб тарбияланувчилари голлари инобатга олинса, «Арсенал» чемпион! Яна бирор мағлубиятсиз. Ҳаттоки, гол қўйиб юбормаган ҳолда. Ҳа, бу АПЛнинг муқобил талқинидир, аммо хаёлий кубокни бемалол совринлар витринасида «xG бўйича «ПСЖ» устидан қозонилган 3та ғалаба», «Деклан Райснинг «Реал» дарвозасига жарима нуқтасидан урган 2та чиройли голи» ва албатта, «Манчестер Сити» билан ўйиндаги 5:1» каби «соврин»лар қаторига қўйиш мумкин. Ушбу виртуал лигада «МЮ» ҳам енгилмас мақомига эга. Бироқ мағлубиятсиз мавсум «қизил иблислар»га кучли учликка киришнигина кафолатлади. Умуман, 20та клубдан 8тасининг гол устунида «0» порлаб турибди. Яъни шунча иштирокчида гол урадиган тарбияланувчи топилмаган. Афсус, бугунги трансферлар бозори жамоаларни ўз юлдузларини ривожлантиришга ундолмайди, ҳатто молиявий «фэйр-плей» қоидалари ҳам ожиз...
ФИЛ ФОДЕН - БОШ ТЎПУРАР!
«Манчестер Сити» вакили Фил Фоден ўз даражаси бўйича омадсиз мавсум ўтказганига қарамай, клублар тарбияланувчилари орасида яққол тўпурар. Топ-10 шаклидаги рўйхатда 1 йил муқаддам ҳам деярли эшитилмаган исм-фамилиялар кўп: Жек Хиншелвуд, Итан Нванери, Тайлер Диблинг. «Челси»нинг марказий ҳимоячиси Ливай Колуилл эса якунланган мавсум «Спартак» (Москва)даги адаши Ливай Гарсиядан икки баравар кўп гол урди.
ФАҚАТ МАҲАЛЛИЙ ФУТБОЛЧИЛАР ГОЛЛАРИ БИЛАН
Агар фақат англиялик футболчиларнинг голлари инобатга олинса, унда «Астон Вилла» 69 очко билан турнир жадвалининг 1-қаторига жойлашади. Бирмингем жамоасида голларнинг ярмидан кўпи маҳаллий футболчилар ҳисобига ёзилди. Эътиборли факт: Олли Уоткинс ва Морган Рожерс биргаликда 24та гол уришди. Бу эса АПЛдаги 17та жамоанинг жами «инглизча» голидан кўпдир. Бундай жадвалда «Челси» ишонч билан 2-ўринни эгаллайди. Асосан Коул Палмер (15та гол), Нони Мадуэке (7та гол) ва Жейдон Санчо (3та гол) туфайли. Қизиғи, легионерларнинг голлари четга суриб қўйилса, Чемпионшипга тушиб кетган «Ипсвич» нақ 7-ўринга кўтариларди. Бироқ жамоанинг «инглизча» голларининг ярмидан кўпи (12та)ни урган Лиам Делап кетишга улгурди - у энди «Челси»га тегишли. Бу жадвалда «Тоттенхэм» ва «МЮ»нинг асл позицияси бироз ўзгаради, асосийси, ҳар икки клуб қуйи лигага тушиб кетмайди виртуал ҳисоб-китоб бўйича. Амалдаги чемпион «Ливерпул»га қаранг: Арне Слот жамоаси атиги 4та ғалаба ва 7та гол билан 15-ўринда. Боз устига, голларнинг деярли ярми айни пайт Мерсисайднинг қизил томонида исмини талаффуз қилиш тақиқланган футболчи томонидан урилган. Жадвални «Саутгемптон», «Брентфорд» ва «Вулверхэмптон» ёпиб турибди. «Бўрилар» ҳисобида ҳаттоки, 1та ҳам «инглизча» гол йўқ. Клубда марказий ҳимоячи Крейг Доусон атиги 1032 дақиқалик ўйин вақти билан англияликлар орасида энг кўп амалиёт олган футболчи бўлганини ҳисобга олсак, бунда ажабланадиган томони йўқ.
ОЛЛИ УОТКИНС РАҚОБАТДАН ХОЛИ
Олли Уоткинс англиялик тўпарарлар орасида мутлақ пешқадам. Коул Палмер ундан 3та гол даражасида орқада. АПЛ фахрийлари Данни Уэлбек ва Жейми Вардини алоҳида эътироф этиш керак. Ушбу рўйхатга назар ташласак, англиялик функционерларнинг легионерларга нисбатан чеклов ўрнатиш ҳақида жиддий ўйлаб кўришлари керакдек туюлади. Дейлик, бошқа чемпионатларда синовдан муваффақиятли ўтган «6+5» шаклида. Бироқ АПЛда об-ҳавони айнан хорижликлар белгилаётганларини унутмаслик керак...
Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади