Англия Чемпионшипи — футбол дунёсидаги энг нотинч саҳна. Энди 15-тур ўтди, аммо воқеалар кино сценарийсидан кам эмас: клублар банкрот бўляпти, мураббий мухлис бошига тўп тепаяпти, «компьютер мураббий» эса ҳаётда ёмон «ўйнаяпти». Аммо айнан шу — Чемпионшипнинг жозибаси. Бу ерда ҳар ҳафта янги драма ва янги қаҳрамон пайдо бўлади. Демак, қуйида шу мавсумнинг энг қизиқ 10 ҳикояси.
1. Мухлислар клуб банкрот бўлганини байрам қилишди
Шеффилднинг «кўк қаноти»да кутилмаган байрам: «Шеффилд Уэнсдей» банкрот деб эълон қилингач, унинг мухлислари ғамга ботишмади — аксинча, қувонишди. Ойлар давомида маошсиз қолган футболчилар, мавсум сатрти арафасида мураббийнинг кетиб қолиши ва майдон бўйлаб хаос - бу клуб учун одатий манзара эди. Фанатлар сабр косасини тўлдиришди: стадионга «жамоа тобути»ни олиб чиқишди, ўйинларга бойкот эълон қилишди. Аммо банкротлик улар учун янги бошланиш бўлди. Ҳозир янги харидорлар пайдо бўлган ва мухлислар трибунага қайтишди, «совалар» эса нолдан қайта қурилишга тайёр.
2. Бахтсизликдаги «биродарлар»
Шаҳарнинг иккинчи жамоаси — «Шеффилд Юнайтед» ҳам шодликдан йироқда. Мавсумни 5 мағлубият билан бошлаб, мураббий Рубен Сельесга жавобини бериб юборишди. Ва... саҳнага яна таниш ном — Крис Уайлдер чиқди. Бироқ «қиличлар»нинг ҳолати унчалик ўзгармади — жамоа ҳануз жадвалнинг остки қисмида. Агар вазият шундай давом этса, келаси йили қўшнилари билан Биринчи лигада «учрашиш»лари мумкин.
3. Уайлдернинг «ноаниқ зарбаси» ва қизил карточка
Қайтишни шов-шув билан бошлаган Уайлдер тез орада Чемпионшип тарихидаги энг ғалати четлатишга сабаб бўлди. «Саутгемптон»га қарши ўйинда пенальтидан ғазабланган мураббий, у томон келаётган тўпни жаҳл билан тепиб юборди — ва у тўппа-тўғри трибунадаги мухлис бошига бориб тегди. Ҳакам ҳам қизил карточкасини кўтарди. Уйлдирнинг жавоби эса футбол тарихида қоладиган ибора бўлди: «Мен ҳакамга тепмадим-ку!» Шундай қилиб, «Шеффилд» 1:2 ҳисобида ютқазди, Уайлдер эса интернет мемларига айланди.
4. «Компьютер мураббий»нинг қийин синови
33 ёшли Уилл Стилл — футбол оламида «компьютер мураббийи» сифатида танилган. У Football Manager ўйини орқали тактика ўрганиб, кейин ҳақиқий мураббий бўлган. Бельгия ва Францияда ажойиб натижалар кўрсатганидан сўнг, ватанига қайтди ва «Саутгемптон»ни қабул қилди. Бироқ Чемпионшип — «ҳақиқий режим». Унинг жамоаси 13 ўйинда атиги икки бор ғалабага эришди ва 21-ўринга тушиб кетди. Натижада «компьютер мураббийи» ишдан бўшатилди. Қизиғи шундаки, бу вазият янги Football Manager ўйини чиқишидан 2 кун олдин содир бўлди. Энди Уиллнинг ўзи «ўйин»ни қайта бошлаш имконига эга. «Саутгемптон» унинг ўрнини эгаллаган Тонда Эккерт билан дастлабки икки ўйинида ҳам ғалабага эришди ва «хавфли зона»дан анча узоқлашиб олди.
5. Табиат «Блэкберн»ни тўхтатди
«Блэкберн» «Ипсвич»га қарши баҳсда 1:0 ҳисобида олдинда эди, рақиб бир киши кам — аммо кучли ёмғир сабаб ўйин тўхтатилди. Майдон сувга тўлиб, тўп ҳаракатланмас даражага келгач, ҳакам баҳсни қайта ўтказишга қарор қилди. «Роверс» табиий равишда норози: улар учун бу ғалаба ҳаёт-мамот масаласи эди. Энди қайта ўйинда очко йўқотса — бу мавсумнинг энг аламли ҳикояси бўлади. Маълумот учун ушбу ўйин 2 декабрь кунига белгиланди.
6. «Уотфорд»да одатдаги «мураббий карусели»
«Уотфорд»да ҳаммаси одатдагидек: 10 ўйиндан кейин мураббий кетди. Паоло Пеццолано жамоани 10 йилдаги энг қисқа муддат бошқарган мураббий бўлди. 2012 йилдан буён клубда 22 нафар бош мураббий алмашган! Янги мураббий — Хавьер Грасия, «Рубин» собиқ бош мураббийи. У «Уотфорд»ни 2019 йилда Англия Кубоги финалигача олиб борганди. Аммо бу ерда ҳеч ким узоқ турмайди — Грасия ҳам ҳар дақиқада хавф остида.
7. «КПР»: ҳамиша ўртада, ҳамиша тинч
«Куинз Парк Рейнджерс» 2015 йилда АПЛдан тушганидан бери доим турнир жадвали ўртасида бўлган. На пастки лигага тушиш хавфи ва на катта мақсадлар бор. Бу йил ҳам 10-16-ўринлар оралиғида юрибди. Мана бу ҳақиқий «барқарорлик»!
8. Лондоннинг кутилмаган етакчилари
«Чарльтон» ва «Миллуолл» — пойтахтнинг иккита «тўсатдан кучайган» клуби. «Миллуолл» 6-ўринда, «Чарльтон» эса 9-ўринда ва АПЛ зонасидан мос равишда 4, 6 очко ортда. Шу ўринда мухлислар ҳам ҳазил қила бошлашди: «Балки «Вест Хэм» келаси йили «Миллуолл» билан АПЛда учрашмаслик учун шундай ёмон ўйнаяптимикин?»
9. Фаворитлар қулади, янги қаҳрамонлар етилади
Сирли бир ҳолат: кучли деб ҳисобланганлар — пастда. «Саутгемптон» — 17-ўрин, «Лестер» — 12, «Бирмингем» — 11, «Ипсвич» — 7. Аксинча, «Мидлсбро» ва «Сток Сити» етакчилар сафида! Бу Чемпионшип — номга эмас, меҳнатга қарайдиган лига.
10. Лэмпарднинг қайта туғилиши
Фрэнк Лэмпард «Ковентри»ни етакчига айлантирди. 15 ўйинда 40 гол — бу лигадаги энг юқори кўрсаткич. Томас-Асанте ва Ҳожи Райт — Чемпионшип тўпурарлар рўйхати пешқадамлари. Фрэнк ҳозирча «қайтиб келган муваффақият қаҳрамони». Аммо Чемпионшип узун йўл — унда ҳатто етакчи ҳам бир кечада қулаши мумкин.
Манба: sports.ru, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади