ПЕПНИНГ ТУҒИЛГАН КУНИГА 6 ГОЛ ёхуд InterFUTBOLнинг сешанба сони АНОНСи
Сизга яхши маълумки, миллий термамиз Қатарда йиғинга киришди.
«Металлург»даги ҳолатдан бироз хабари бор кишилар билан гаплашдим.
Ҳаммаси оддий: «Ўзметкомбинат» иқтисод режимини ёққан ва футбол клубига бошқа миллиардлаб сарфламасликка қарор қилган. Барча футболчилар билан шартнома ўз-ўзидан бекор қилинган. Энди нима бўлади? Кутилишича, клуб минимал бюджет билан фаолиятини давом эттиради, таркибини фақат ўз академияси тарбияланувчилари ҳисобига тўлдирилади. Айтганча, «Металлург» академияси вақтида испанияликлар билан ҳамкорлар шартномаси тузган ва бу катта қадам сифатида баҳоланган эди. Ҳозир ҳамкорлик борми ва келажакда давом эттириладими? Очиғи, буни билмайман, лекин бир киноқаҳрамон айтганидек, мени хира шубҳалар қийнаяпти.
***
«Металлург» билан рўй берган воқеа сенсация эмас. Эртами-кеч, шундай бўлиши керак эди. Нима, «Металлург» хавф остида қолганмиди? Аксинча, Бекобод клуби анчадан буён молиялаштириш нуқтаи назаридан энг барқарорларидан бири бўлиб келган. Янги асрнинг илк 10 йиллиги ўрталарида клуб доимий алғов-далғов даврни бошидан кечирганида ҳам, бунга «Ўзметкомбинат» томонидан молиялаштириш ишлари эмас, балки профессионаллик йўқлиги ёки ўша вақтдаги жамоа менежментининг ғаразли нияти сабаб бўлган. Яъни доимий тарзда лигада қолиш кун курашишда хира сувда ўз балиғини овлаш осон ҳисобланган. Барчаси 2007 йили Олий лигадан тушиб кетиш билан якунланди ва клуб фақат «Трактор» ҳамда «Тўполанг»нинг тарқатиб юборилиши туфайли қайтди. Энди эса вазият мутлақо тескариси: «Металлург» қуйи лигага тушиб кетмаслик миссиясини бажарди, аммо ўз ўрнини қайсидир жамоага мерос қолдирмоқда. Бу факт охирги вақтлар «Металлург»да ишлаганлар учун бироз аламли. Бекобод клуби 2018 ва 2019 йилларда элитада 5-ўринни эгаллаганида, қандайдир 5 мавсумдан сўнг унинг фаолияти барҳам топишини ҳеч ким тасаввур қилолмасди.
Аммо такрор айтаман, «Металлург»нинг таназзули - янгилик эмас. Одатга кўра, Ўзбекистонда футбол клублари ўз хўжайинларига қизиқарли туюлсагина мавжуд бўлади. 6 йил олдин мутахассисларнинг маълум бир гуруҳи барча давлат клубларини аукционда сотувга қўйиш билан улар дарҳол хусусий соҳибларга эга бўлишига ҳаммани ишонтирганида, Ўзбекистонда футбол саноати қандай ишлашини ҳатто тассаввур ҳам қилмаганди. Футболимиз муаммоси шуки, ўша пайт соҳа бошқарувида бўлган баъзи инсонлар ҳалигача ўз лавозимларидалар. Мана, «Ўзметкомбинат» раҳбарияти «Металлург»ни молиялаштиришни тўхтатишга қарор қилди ва негадир клубни хусусий мулк сифатида олишга хоҳишмандлар йўқ. «Металлург»-ку майли, хусусий футбол клуби намунаси сифатида тақдим этилган «Турон» ҳозир қаерда? Ўзбекистон футбол иқтисоди шундай тузилганки, бирор хусусий инвесторда клубга пул тикиш хоҳиши йўқ. Чунки у сармояси қайтмаслигини билади. Футбол клуби - бу бутунлай зарар. Зарар критик даражага етишига қадар клуб (хоҳ хусусий, хоҳ давлатники) фаолияти давом этади. Зарар ақлга сиғадиган чегарадан ошиб кетса ёки бизнес манфаатларига зид келиши билан эса клуб ёпилади. «Металлург» билан содир бўлган воқеа эртами-кеч, Ўзбекистоннинг аксарият (агар ҳаммаси бўлмаса) клубларида кузатилиши мумкин. Шунчаки, «Металлург» мисолида кўриш мумкин: «Ўзметкомбинат»дек ташкилот клубни молиялаштириш иштиёқини йўқотган экан, демак, мамлакатда бирор жамоа таназзулдан ҳимояланмаган. Эслатиш керак, 2019 йили ҳукумат ҳужжати эълон қилинган бўлиб, унда 2030 йилгача давлат ташкилотлари иштирокидаги бирорта клуб қолдирмаслик вазифаси кўрсатилган. Рўйхатда «Металлург» биринчи бўлди. Эҳтимол, кейинги 5 йил ичида бу рўйхат яна бир нечта ном билан узаяди. Савол шуки, клублар ёпилгандан кейин нима қолади?
Йўқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар давлат хоҳламаса, клубларни умумий бюджет ҳисобидан сақлашга чақирмайман (айтганча, «Металлург» давлат бюджетидан бир тийин ҳам олмаган). Бинобарин, барчамиз ўз маблағимизни хоҳлаганча тасарруф этишга ҳақлимиз. Лекин ҳозирча тарихи, анъаналари ва тайёр инфратузилмаси бор клублар камайишида ҳеч қандай яхшилик кўрмаяпман. Савол: ҳаммаси қандай ишлаши кераклиги ҳақида ўз нуқтаи назарим борми? Аввало, ёлғон гапириш ва очко ўғирлашлик билан шуғулланишни тўхтатиш керак. Яна ўнг ва чапга қарамай, клубларга лицензия беришни ҳам. Қоғозда ҳаммаси яхши, лекин амалда ҳақиқий профессионал клублар йўқ. Собиқ иттифоқининг қулаши сабабларидан бири ҳам айнан шу - қўшиб ёзишлар ва ёлғон ҳисоботлар. Шундан сўнг мавжуд вазиятни тўғри ва танқидий баҳолаш муҳим. Лиганинг телеҳуқуқлар ва ҳомийлик шартномаларидан тортиб, стадионлар ва академиялар ҳолатию, клублар менежерлари малака даражасигача... Шунда муаммолар рўйхати ва даражаси аниқланади, ҳаракатлар дастури ўз-ўзидан қоғозга тушади.
***
Ўзбекистонда футбол йилининг асосий қаҳрамонларидан бири - Ильгиз Танташев, албатта. Унга Осиё кубоги, ОЧЛ финали ва Олимпиада турниридан иборат ноёб «хет-трик» қайд этиш насиб этди. Ваҳоланки, Ильгиз 2023 йилнинг ёзида ўзаро учрашувимизда дангалини айтганди: «Агар Осиё кубогига боролмасам, фаолиятимни якунлайман». Миллий футболимиз бахтига Танташев фаолиятини якунламади. Олимпиадада орттирган жароҳати туфайли деярли 6 ой танаффус олишга мажбур бўлганига қарамай. Ёш ҳамкасблар Ильгиз билан суҳбатлашишди ва айтишларича, у Қатарда футбол ўйинига қандай борганимиз ҳақида гапириб берибди. Тўғри, камералар ўчирилган пайтда. Шундай экан, ўша воқеани эшитмайсиз, лекин «Финт Тураева» подкастидаги интервьюсидан кўп нарсаларни билиб олишингиз мумкин.
***
Футзал федерациясининг учинчи туғилиши (дастлабки икки ҳолатда ассоциация эди). Ассоциация биринчи марта раҳбарлар лойиҳага қизиқишни йўқотишгани ортидан ёпилганди. Уюшманинг иккинчи ҳаёти ҳар томонлама - ҳам ташкилий, ҳам молиявий жиҳатдан анча муваффақиятли бўлди. Футзал ассоциацияси футбол федерациясидан вақт, молиявий ва инсон ресурсларини тортиб олмаган ҳолда, ҳам терма жамоа, ҳам футзал ривожи билан шуғулланди. Аммо бу сафар ҳам узоқ яшаш насиб этмади 2017 йили ЎФФга жангари ҳаваскорлар раҳбарлик қилишгани фонида. Улар футболни яхши томонга ўзгартириш эмас, балки шунчаки, ҳокимият учун келишгани тезда кўриниб қолди. Қисқаси, ҳаваскорлар ўзларидан олдин яратилган ҳамма нарсани буздилар, ўрнига ҳеч нарса қурмадилар ҳам. Яхшики, бу қоронғу давр узоқ давом этмади ва кўплаб бузғунчилар келган жойларига қайтиб кетишди - ҳеч қаерга. Тўғри, бир нечта чуқурликлар қолди, муҳими, энди лоақал улардан зиён кўп эмас. Ҳар ҳолда, футзал федерациясини қайта жонлантиришди. Умид қиламанки, ҳозирда эътиборсиз қолаётган аёллар футболига масъул ташкилот ҳам қайта тикланади. Ўз ўрнида, 8 йилдан буён футбол лойиҳалари орқали эмас, балки мақсадли инсон сифатида билганим - Бекзод Маматқуловга янги лавозимда муваффақият тилайман. Ўзбекистонда футзал улкан салоҳиятга эга ва янги ташкилот барчасини юзага чиқаришидан умидворман.
Бу ўринда савол тушди: «Футзал ассоциацияси президенти лавозимига футзал клубларидан бири раҳбарини тайинлаш қанчалик тўғри?» Қўшиламан, бу ерда манфаатлар тўқнашуви бор. Лекин бу Ўзбекистонда оддий ҳолат. Фақат футболда эмас. Шунинг учун асосийси, футзал ассоциациясининг тиклангани. Ташкилотга ким раҳбарлик қилиши унчалик муҳим эмас. Айтганча, эътибор беринг, ўқувчи «тайинлаш» иборасини ишлатди, гарчи гап сайланадиган лавозим ҳақида кетсада. Ўқувчи бу борада ҳам ҳақ. Бизда сайлашмайди, тайинлашади...
ФИФА ҳаками Ильгиз Танташев «Финт Тураева» подкастида жумладан, Олимпиада ўйинларида Тьерри Анри билан юз берган ҳодиса ҳақида сўзлаб берди: «Франция - Гвинея учрашуви биринчи бўлими охирида африкаликлар гол уришди. Ёрдамчи ҳакам байроқчани кўтармади, лекин мен голни ҳисобладим. Ке-йин эҳтимолий ўйиндан ташқари ҳолатни кўриб чиқа бошладик. VAR вазиятни 1 дақиқа текширди, 2 дақиқа текширди... Франция олимпия термаси бош мураббийи Тьерри Анри бу пайт майдон четида дарғазаб бўлиб, ўзини йўқотиб қўйди, гўё. У захира ҳакамига «ёпишди»: «Бу нимаси? Нега вазиятни кўриб чиқиш бунча узоққа чўзиляпти?!» Гап шундаки, Олимпиада ўйинларида «офсайд»ни аниқлашда яримавтоматик тизим қўлланилганди. Қулоқчинда «офсайд» бор-йўқлиги дарҳол эшитилади. Аммо бу тизим ҳам мукаммал эмасди, яъни қурилма аниқлай олмайдиган ҳолатлар ҳам бор. Қисқаси, бизнинг ўйинимизда шундай ҳолат юз берганди: гол урган футболчи тўп узатилган пайт «офсайд»да эди, у бироз орқага, ўйинчилар йиғилган нуқтага қайтиб, яна олдинга югурди. Тизим буни аниқлолмади ва «офсайд» чизиғини қўлда чизишга мажбур бўлдик. Шу паллада VAR хонасидаги оператор аллақандай тугмани босди-ю, ҳаммаси йўқолди. Бутун тизим ўчиб қолди. Биз эса майдонда кутиб турибмиз. Анри чизиқ ёнида бақир-чақир қиляпти, жамоа сардори Лаказетт менга яқинлашиб, бир нималар деяпти. Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмаяпти, ўйин нега қайта бошланмаяпти. Охир-оқибат, «офсайд» борлиги ва голни бекор қилиш кераклигини етказишди. Барчасига 3 дақиқача вақт кетди. Ўйиндан кейин ҳакамлик бўйича раҳбаримиз буни оддий изоҳлади: «Дисастер» (фожиа)».
Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»
Сизга яхши маълумки, миллий термамиз Қатарда йиғинга киришди.
Яшин тезлигида ўзгариб турадиган ҳозирги замонда вақтинчаликдан доимийроқ нарса йўқ ибораси актуал бўлиб қолди.
Боливия футболида навбатдаги ғаройибот.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789