АНА, ХОЛОС! Ҳой, ҳали ўйин якунланмади-ку...

АНА, ХОЛОС! Ҳой, ҳали ўйин якунланмади-ку...

Боливия футболида навбатдаги ғаройибот.

Жамоалардан бири керакли натижани сақлаб қолиш учун ҳакамнинг финал ҳуштаги янграмасидан олдин четга чиқиб кетганига нима дейсиз? Диққат қилинг, бундай кулгули ҳолат қандайдир ҳаваскорлар ўртасидаги учрашув ёки оддийроқ баҳсда эмас, Боливия чемпионати тизимидаги Олий лигага йўлланма берувчи тўқнашувда кузатилди. Ажабо...

Боливия футболи шунақа. Бу сафар мамлакатда элит лигага чиқиш учун кураш чинакамига қизиқарли тус олди. «Плей-офф» босқичининг илк ўйинини ўз майдонида «Реал Оруро»га қарши ўтказиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган «Роял Пари» сафарга хотиржам ҳолда борди. Бироқ жавоб учрашуви жамоа учун омадсиз кечди. Хуллас,  «Роял Пари» 0:3 ҳисобида ортда қолаётган паллада, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида унинг дарвозаси томон пенальти белгиланди. Айни шу онда жамоа бош мураббийи ҳакамликка эътироз ўлароқ, шогирдларини майдондан олиб чиқиб кетди. Ваҳоланки, бу вақтда ҳам умумий ҳисоб «Роял Пари» фойдасига 4:3 эди. Эҳтимол, меҳмонлар эрта чиқиб кетиш асносида ижобий натижани сақлаб қолишни ҳам ўйлагандирлар. Чунончи, аввалига вазиятга полиция аралашуви ҳам ҳеч қандай натижа келтиргани йўқ. Яъни жамоа ўйинни якунлаб қўйиш таклифини қатъий оҳангда рад этди. 

Энг қизиғи, Боливия футбол федерацияси расмий вакиллари бундай ҳолатда клуб Тартиб-интизом кодексига биноан жазоланиши, юқори дивизион йўлланмаси эса ҳисобга қарамай, «Реал Оруро»га берилишини тушунтиришгач, меҳмонлар бирдан қатъиятни йиғиштириб қўйиб,  майдонга қайтишди. Аммо кеч бўлганди. Чунончи, бу орада ҳакамлар бригадаси расман тугамаган ўйин жамоалардан бирининг бош тортиши туфайли давом эттирилмаслиги ҳақида баёнот тўлдиришга улгурган ва 20 нафар полициячи қуршовида майдондан чиқиб кетганди...