Анвар Бердиев: "Асосий мақсад - курашувчан жамоани шакллантириш"

Анвар Бердиев: "Асосий мақсад - курашувчан жамоани шакллантириш"

2024 йилги футбол мавсуми Ғузорнинг «Шўртан» клуби учун ҳам омадли бўлди.

Жамоа Про-Лигада муваффақиятли иштирок этиб, ўтиш ўйинида зафар қучди. Бу эса 7 йиллик танаффусдан сўнг жамоага Суперлига эшикларини очди. Мухбиримиз «Шўртан» бош мураббийи Анвар Бердиев билан ана шу хусусда суҳбатлашди.

- Анвар Бердиевнинг йўли Суперлигага чиқиш учун «Турон», «Истиқлол» жамоаларига ҳам кесишгани рост. Эътиборлиси, бу «Шўртан»да ўзининг амалий натижасини берди. Ана шу муваффақият, дадил қадам билан табригимизни қабул қилинг.

- Раҳмат, ўзинг туғилиб ўсган масканда ютуққа эришишнинг гашти бўлакча бўлар экан. «Шўртан» раҳбариятининг таклифи билан бу ерда иш бошлаш бахти менга ана шундай қутлуғ қадамни келтирди. Бундан беҳад хурсандман.

- Ғузор футболининг ҳам ўз анъанаси бор. Бу футбол фидоийси ва ташкилотчиси Шамил Яруллин келганидан сўнг ўзгача кўриниш олди.

- Нимасини айтасиз, Шамил Самигулович ҳақиқий футбол ташкилотчиси. Ўзига хос билим ва тажрибага эга мутахассис, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. У кишининг «Насаф»даги фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. Қисқа муддатда барча ишни жой-жойига қўйиш, академия ташкил этиб, иқтидорларни саралаш, уларни «чарм тўп»га ошно қилиш қобилиятига тан бермасдан илож йўқ. Энг аввало, клубнинг оддий хизматчисидан тортиб, футболчи-мураббийларнинг ҳар бир мурожаатига қулоқ тутиши барчада касбга бўлган меҳрни оширди. Техник директор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Нурали Султоновнинг ҳам бу борадаги фаолияти мақтовга сазовор. Қаерда одамларни рози қилиш ҳисси кучли бўлса, ўша ерда ютуққа ютуқ қўшилиши бежиз эмас экан.

- «Шўртан»ни олдинга етаклаш осон кечмади. Бунинг машаққатини қандай таърифлайсиз?

- Ҳар бир ишнинг машаққати бор. Бу меҳнатни талаб этади. Интилишимиз, астойдил олиб борган кенг кўламли ишларимиз бесамар кетмади. Танлаган йўлимизни исботлаб берди. Барча машаққатларни биргаликда босиб ўтдик. Футбол жамоасидаги барчанинг орзуси, кўп сонли ғузорлик мухлисларнинг мақсади амалга ошганидан мамнунмиз.

- Жамоани янгидан шакллантиришда нималарга эътибор қаратдингиз?

- Асосийси, маҳаллий футболчиларга суяндик. Жамоамизда легионерлар йўқ эди. Бундан ташқари Қашқадарё футболида тобланган йигитларнинг яшил майдондаги мардонавор ҳаракати қўл келди.

- Давралар оралиғидаги натижалардан кўнглингиз тўлдими? Қайси давра ўйинларидан қониқиш ҳосил қилдингиз-у, сизни қаноатлантирмаган ўйинлар ҳам бўлдими? Ана шу камчиликларни бартараф этишда нималарга эътибор қаратдингиз?

- Про-Лига ўйинлари 4 даврада ўтди. 1-2-давраларда «Бухоро» ва «Машъал»да 26, бизда эса 24 очко бор эди. 4-даврада ўйинимиз пасайди. 4 нафар футболчимиз сариқ карточка олди. Жасур Ўринов ва Шукурали Пўлатов жароҳатлари туфайли ёрдам бера олишмади. Шунга қарамасдан ягона мақсад йўлида олдинга интилдик. Гарчи, турнир жадвалида 4-ўринда бўлсакда ўтиш ўйинида «Олимпик»ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратиб, кучлар сафига йўл олдик.

- Суперлига Про-Лигадан кескин фарқ қилади. Кучлилар сафида тўп тепиш осон эмас. Таркибни такомиллаштириш, қишки ўқув-йиғин машғулотларини ўтказишда нималарга эътибор бериш керак деб ўйлайсиз?

- Анча йилдан буён футбол ичидамиз. Биринчи ўринда жисмоний ҳолатга эътибор бериш керак. Асосий мақсадларимиздан яна бири таркибни такомиллаштириш талаб этилади. Бу йўлда билим ва тажрибамизни ишга соламиз. Режа бўйича ишлаймиз. «Шўртан», албатта яхши жамоа бўлади.

- Анвар Бердиев ҳам ҳамкасблари сингари фарзандларини ортидан етаклаяптими?

- Уч нафар ўғлим бор. Тўнғичи Амирбек 15 ёшда. Ҳозирги кунда Фарғона ихтисослаштирилган футбол мактабига қатнаяпти. 14 ёшли Азизбек, 11 ёшли Анзурбек «Одил Жуниор» футбол мактаби ўқувчилари. Албатта, улардан умидим катта. Келажакда яхши футболчи бўлиши ниятидаман. Энг асосийси, одоб-ахлоқда муносиб ворис бўлишидан умидворман.

- Футболимизда оғриқли нуқта - бу ҳужумчи масаласи. Сизнинг даврингизда Жаъфар Ирисметов, Зафар Холмуродов, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Умид Исоқов сингари тўпурарлар бўлган. Ҳозирги кунда уларнинг издошлари яққол кўринмаяпти. Буни нима билан изоҳлайсиз?

- Бизда яхши ҳужумчилар бор. Энг асосийси, уларга эркинлик бериш керак. Ўз устида ишлашда чарчаш, толиқиш нималигини билмаслиги лозим. Шунингдек, ютуқлардан ҳаволаниб кетиш ҳам бу борада панд бериши табиий. Умид қиламизки, яқин келажакда жойлардаги футбол академияларида тарбияланилаётган ёшлар орасидан моҳир ҳужумчиларнинг катта авлоди етишиб чиқади. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Фурсатдан фойдаланиб, сизни ва сиз орқали жамоани ҳамда кўп сонли мухлисларни янги 2025 йил билан чин юракдан қутлаймиз. Янги йил тинчлик, тан сиҳатлик, футболимизда ҳам омадли йил бўлсин.

- Раҳмат, футболимиз янада равнақ топсин. Миллий терма жамоамиз мундиалга йўл олсин. Бахтли кунларни кўриб, бахтиёр бўлиб яшайлик.

ДАРВОҚЕ...

Сўнгги кунларда «Шўртан» бош мураббийи Анвар Бердиевнинг клубдан кетиши ҳақида турли хабарлар пайдо бўлди. Championat.asia сайти Ғузор клуби бош директори Шамиль Ярулин билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди:

«Анвар Бердиев жуда яхши мураббий ва жуда яхши инсон. У билан бирга жамоамиз яна Суперлигага қайта олганидан хурсанд бўлдик. Айни пайтда Бердиев Про лицензиясига ўқимоқда ва ўз билимини янада кучайтирмоқда. Бироқ Суперлигада «Шўртан»ни тажрибалироқ мураббий бошқариши керак деб ҳисобладик. Анвар билан бу борада гаплашиб олдик ва уни клубимиз тизимида қолдиришга қарор қилдик. У агар клубда қолса, мураббий сифатида янада ўсарди ва бизга ҳам ёрдами теккан бўларди. Ҳозирга қадар ҳеч қайси мураббий билан келишувга эришганимиз йўқ. Бир нарсани таъкидлаш керакки, «Шўртан» клубида Суперлига грандларидек катта смета йўқ. Шу сабаб хорижлик мураббий вариантини ўйламаяпмиз ҳам. Маҳаллий, ниманидир исботлашга ҳаракат қилаётган мураббий бўлса яхши бўларди. Асрор Алиқуловми? Тўғриси у билан бу борада гаплашганимиз йўқ. Бундан ташқари Алиқулов «Машъал» билан Суперлигага чиқди ва менимча Муборакда қолса керак».

Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди