Search

Ракурс. Эндрикнинг "Реал"даги оғир старти

Агар биз футболдаги камбағал бола ҳақида гапирадиган бўлсак, унда ёш бразилиялик «Бобби» Эндрик Михаил Мудрик билан «асосий қайғу» унвони учун баҳслашиши мумкин. Бу мавсум у ҳали майдонга тушмади ва атиги 5та ўйинда қайдномага киритилди. Мбаппе ва ҳатто ёш Гарсияга ҳам рақобатда очиқчасига ютқазди.

Аслида у «Реал»га ёш бразилияликлар учун одатдагидек, катта шов-шув билан келди. 16 ёшида ўзи тарбия топган «Палмейрас»да ўйнашни бошлади ва «Янги Пеле» лақабини олди. Ташқи кўринишидан ҳам, майдондаги ҳаракат услубидан ҳам «Футбол қироли»га ўхшайди. Мадрид клуби ҳам унинг потенциалига ишонди ва бунинг учун иккиланмасдан 47,5 миллион евронинг баҳридан кечди. 

«Мадрид»даги старт анча кучли чиқди. Медиада бразилиялик иқтидор дарҳол «Галактикос» руҳига эга эканлигини аниқ кўрсатди: Эндрик афсонавий интервью берди, у ерда Роналду ва Чарльтонни ўз кумирлари деб атади ва шу сабабли «Бобби» лақабини олди. Бунинг устига бир йилдан камроқ вақт давомида учрашиб юрган моделга уйланди. Табиийки, бу воқеъликдан кейин барча оммавий ахборот воситаларида катта шов-шувга сабабчи бўлди.

Футбол майдонида ҳам ёмон эмасди, Ла Лигадаги дебют ўйинида гол урди. Кейин буни Европа Чемпионлар лигасидаги дебют ўйинида ҳам такрорлади. Бу орқали клублар бош турнирида «Реал»нинг энг ёш гол муаллифи бўлди. Шу билан бирга, у терма жамоага мунтазам чақирилди ва ҳатто асосий таркибда ўйнади. Аниқ нарса шундаки, жонли Мбаппе билан «Реал»нинг асосига кириш мумкин эмас, аммо мухлислар у ҳеч бўлмаганда ўйинлар охирида ўз дақиқаларини олишига ишонишди.

Бошида шундай бўлди ҳам, лекин кейин у таркибда жуда кам кўриниш бера бошлади. «Бобби» шунчаки «Реал»нинг гипер-рақобатбардош ҳужумида ўз ўрнига эга эмасди. У мемлар қаҳрамонига айланди, эҳтимол сиз ҳам унинг захира ўриндиғидаги фотосуратини кўргандирсиз, гўё онаси уни желе ейишга мажбур қилаётгандек... Ўтган мавсумдан унинг ҳисобида жами 900 дақиқа ва 7та гол бор, аммо улардан 5таси кубокда. Март ойидан эса «Бобби» терма жамоага ҳам чақирилилмай қолди.

Май ойида жароҳат олди ва 2 ойга кетди. У тикланаётган пайтда эса унинг ҳужумдаги рақобатчиси, клуб тарбияланувчиси - «Янги Раул» Гарсия Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида порлади. Табиийки, у Алонсога ёқди ва Гонсалони асосийда қолдирди. Эндрик эса энди унда ўйин вақти кам бўлиши ҳақида огоҳлантирилди. Аммо бразилиялик иқтидор қолишга ва орзулар клубида жой олиш учун курашишга қарор қилди.

Бироқ августда яна жароҳат олди. Ва ҳозирча «Реал»нинг янги «тўққизлиги» клуб режаларига мутлақо мос келмайди. Албатта, уни хато трансфер ва янги Рейньер деб аташга ҳали эрта, у атиги 19 ёшда, Винисиус ҳам шу даражага етгунча узоқ вақт ишлаган.

Шуни тан олиш керакки, Эндрикнинг Европадаги фаолияти бошланиши жуда оғир бўлди. Унга фаол қизиқаётган «Марсел»га ижарага кетиш ёш иқтидор учун нажот йўли бўлиши мумкин. Аммо у ерда ҳам асосий таркибдан жой кафолатланмайди.

Манба: sports.ru, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Related to this topic: