Футболга оид чўпчаклар ГАТТУЗО ва чиғаноқ

Футболга оид чўпчаклар  ГАТТУЗО ва чиғаноқ

Ҳозирда «Хайдук» клубини бошқараётган Женнаро Гаттузо футболчилик даврида сержаҳл йигит эди.

Унинг «Милан»ида эса ҳазилкашлар кўп бўлишган. Бир куни Пирло Гаттузонинг телефонини ўғирлаб, вице-президент Галлиани ва спорт директори Брайдига қўнғироқ қилган, Женнаро номидан унинг синглисини тавсия этганди. Мутасаддилар ҳазилни тезда фаҳмлашган, Андреа жазосини олганди.

Чиғаноқ воқеаси янада қизиқ. «Милан» базасида Каладзе Гаттузо билан тирик чиғаноқни ютиб юбориш бў­йича гаров ўйнаганди. Бунинг учун ҳар бир ўйинчи 500 евродан дов тиккан, йиғилган 15000 еврони Женнаро мураббий ассистентига мукофот пули сифатида бериб қўйганди. Каладзе тирик чиғаноқни муаммосиз ютиб юборгач, даврада кулги кўтарилди, жамоадошлари Гаттузонинг феъл-атворини яхши билишарди. Муҳим учрашув арафасида жамоа руҳиятини кўтариш учун гаров ўйнаганлигини Женнаро хуш кўрарди.

Текширув натижаси: ҳақиқат. Воқеани Гаттузо айт­ган бўлса, гаровда ютилган пуллар йил сайин кўпайиб борди.

АЗАР ва ичкилик оқибати

«Лилл»дан «Челси»га ўтишини нишонлаган Эден машғулотга шунчаки, бош оғриғи билан эмас, бироз маст ҳолатда етиб келди. Ўша оқшом бутун жамоа Лига 1нинг сўнгги тури арафасида тунги клубда базми-жамшид уюштирганди. Мураббий ўйинчиларни аввал чўмилиш хонасига, кейин ухлашга жўнатганди. 35 млн. евролик трансфер ҳар куни бўлавермаслигини «Лилл»дагилар яхши тушуниб туришарди. 2012 йилда бу клубнинг рекорд сотуви эди. Азар «Нанси»га қарши баҳсда майдонга тушиб, карахт ҳолатда 3та гол урди.

Текширув натижаси: ҳақиқат. Навқирон Азар маст бўлди, уйқудан сўнг ўзини тиклаб, хайрлашув учрашувида «Лилл»га 3та гол ҳадя этди.

РОМАРИО ва карнавал

Футболдаги кенг тарқалган чўпчаклардан бири. Бир пайтлар Кройф агар Ромарио «Барселона» учун 2та гол урса, танаффусда уни захирага олиб, Бразилиядаги карнавалга бориши учун аэропортга қўйиб юборишга ваъда берган экан. Мураббий шундай воқеа бўлганини тасдиқлаб, ҳужумчи гоҳ «Сарагоса», гоҳ «Реал» дарвозасига гол урганини айтган бўлсада, эртак футбол оламини забт эта бошлади. Ромарио ва унинг танаффусгача урган голлари воқеаси миллионлаб мухлисларга етиб борди. Навқирон ҳужумчи карнавални жуда яхши кўрар, мураббий эса ғайриодатий ҳаракатга йўл қўйган бўлиши мумкин.

Текширув натижаси: уйдирма. Бразилияда карнаваллар ўтказиладиган вақт­да Ромарио «Барселона» сафида дубль ёки хет-трикларга эришган эмас.

ПУШКАШ ва қўзғолон

Телевизорлар кенг тарқалмаган даврда маълумотлар газеталар ва радио орқали етказиларди. Британия матбуоти 1956 йилда жаҳон вице-чемпиони бўлмиш Пушкашни венгриялик аскарлар қўзғолонни бостириш пайтида отиб ўлдиришгани ҳақида хабар берганди. Мухлислар наздида довюрак ҳужумчи сиймосида шаклланган футболчига оид машъум маълумот уларни қаттиқ хафа қилганди.

Аслида, Ференц тирик бўлган, ҳибсга олишларидан қўрққани сабабли, бир ойдан кейин Венгрияни тарк этганди. Кейин венгриялик афсона узоқ йиллар давомида «Реал» сафида тўп сурди, ҳатто Испания терма жамоаси либосида 4 марта майдонга тушишга ҳам улгурди. Лекин 25 йил она-ватанидан йироқда юришга мажбур бўлганди. Ниҳоят, 1981 йилда Венгрия ҳукумати расман Пушкашни Будапештга таклиф этди ва у кексалик йилларини ўз юртида ўтказди. Агар Ференцни ўлдиришганида, «Реал»нинг тарихи тамоман ўзгача бўларди.

Текширув натижаси: уйдирма. Ференц Пушкаш 2009 йилгача Венгрияда ҳаёт кечирди.

ПЕЛЕ ва футболка

60-йиллар ўрталарида Пеленинг ўйин савияси пасайиб кетганди. Иримчи бразилияликлар буни икки карра жаҳон чемпиони ўзининг омадли футболкасини «Сантос» мухлисига совға қилгани сабабчи, деган хулосага келишда. Таажжубки, Пеленинг ўзи ҳам майдондаги муваффа-қият қандайдир либосга боғлиқ эканлигига ишонди ва ўзига махфий агент ёллади. Агент эса ҳужумчидан катта маблағ олиш эвазига ўша омадли футболкасини қайтариб олиб келди. Ишониш қийин, лекин факт - либосни кийгач, Пеле ўзини қирол мақомида ҳис эта бошлади ва сермаҳсул ўйинларни намойиш этди.

Текширув натижаси: ҳақиқат. Лекин қизиқарли бурилиш ҳам йўқ эмас. Махфий агент Пелега бошқа эски футболкани бериб кетганди.

ДУКАДАМ ва қўл

Пенальтилар сериясида «Барселона» маҳв этилгач, «Стяуа»нинг руминиялик дарвозабони Гельмут Дукадам мамлакат қаҳрамонига айланди. Кейин посбон бирданига ғойиб бўлди. Миш-мишларга биноан, ғалаба шарафига уюштирилган банкетда ҳукумат томонидан совға қилинган автомобил Гельмутга ёқмаган, шу боис диктатор Чаушески унинг қўлини кесиб ташлашга буйруқ берган экан. Шу сабабли дарвозабон жамоада ҳам кўринмай қолганди. Воқеа тез орада бутун дунёга тарқалиб кетди. Дукадамни суд ва терговларсиз қатл этишди, деган миш-мишлар пайдо бўлди. Аслида эса Гельмутда кам­қонлик хасталиги бўлган, муолажа 3 йилга чўзилган экан. Дукадам ҳозир ҳам тирик, 65 ёшда.

Текширув натижаси: уйдирма. Чаушеску Дукадамга тегинмаган, аксинча, 3 йилдан кейин диктаторнинг ўзи ва рафиқасини отиб ташлашган.

ГАСКОЙН ва амакивачча

Бир куни Пол одатдагидек ёлғиз ўзи телевизор қаршисида ичиб ўтирарди. Шошилинч хабарлар каналида бир йигит ўзининг собиқ маъшуқаси ва унинг янги ошиғини ўлдиргани эълон қилинди. Гаскойн сергак тортди - йигит унга танишдек кўринди. Тез орада қотил Полнинг амакиваччаси эканлиги маълум бўлди. Шошиб қолган Пол таксига ўтирди, қариндоши полиция қуршовида оч қолмаслиги учун йўлдан нон ва товуқ гўшти сотиб олди. Қўшалоқ қотиллик жойида Гаскойн қариндоши ёнига ўтмоқчи бўлди, лекин полициячилар уни ўтказишмади. Эрталаб уйғонган Пол тунда қаерга боргани ва нима қилганини эслай олмади.

Текширув натижаси: ҳақиқат. Нон ва товуқ гўштини кўтариб олган Гас-койннинг фотосурати ва видео тасвири бор. Лекин қотил футбол юлдузининг таниши эмас.

 Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади