Search

Манфаат бошқараётган ўйинлардан янги умидлар сари

Суперлига мавсуми якунланишига 2та тур қолган паллада турнир жадвалининг қуйи ва юқори қисмида вазият ўта даражада таранглашди. Дейлик, 14-15-ўринларда бораётган «Бухоро» ва «Хоразм» финишда 10-қаторга кўтарилиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам 10-15-поғонадаги жамоалар ҳар бир очко учун бор имкониятларини ишга солмоқда. Қаранг, 25-тур ўйинини ўз майдонида «Хоразм»га 0:3 ҳисобида бой берган «Машъал» энди «Насаф»ни 2:1 ҳисобида енгди, яна сафарда. «Машъал» - «Хоразм» учрашувида қайд этилган натижа жамоаларнинг ҳозирги ҳолати ва савиясига мувофиқ келса, «Насаф» - «Машъал» ўйини ҳисоби ҳар қандай мухлисни ажаблантириши табиий. «Турнир жадвалининг қуйи қисмида жойлашган жамоанинг натижаси нима сабабдан бу қадар пойма-пой?» қабилидаги ўринли саволга жўяли жавоб беришга ҳам қийналасан киши.

Назаримизда, «Насаф» - «Машъал» қарама-қаршилиги натижасига Муборак клубининг Суперлигада қолиши ва «аждарлар»нинг чемпион бўлишлари масаласи жиддий таъсир кўрсатди. Тарозига қўйилганда, «Машъал» билан боғлиқ сабаб оғирроқ тош босди, шекилли. Рўзиқул Бердиевнинг учрашувдан кейинги матбуот анжуманида жуда шошқин кўриниши ва ўзини ғалати тутиши ҳам шундан далолат. Таъкидлаш керак, 29 очко «Машъал»ни Суперлигада қолиши масаласини кафолатламайди. Ўтиш учрашувида эса «Арал»га дуч келишни унча-мунча жамоа хоҳламайди. Чунки ҳакамлар «Арал»га ён босишлари билан боғлиқ турли гап-сўзлар, миш-мишлар ҳеч қачон исботини топмаса-да, аллақачон мураббийлар ва футболчилар онг-у шуурига маҳкам ўрнашиб олди. «Қўқон-1912» ҳам шундай хавф-хатардан ўзини ҳимоя қилиш учун «Пахтакор»­га қарши учрашувнинг сўнгги сонияларига қадар майдонда тер тўкди. Якунда «Қўқон-1912» дарвозаси томон пенальти белгилаш муҳокама қилинган вазиятда аксарият мухлислар «Тамом! Яна «Пахтакор»ни қутқаришмоқда!» - деган ўй-хаёлга боришди. Ҳакамлар эса 11 метрлик нуқтага ишора қилишмади. Авваллари бундай ҳолатларда пенальти бериларди. Бу сафар эса ҳакамлар шубҳа уйғотадиган қарор чиқаришдан ўзларини тийишди ва жамоатчилик орасида ўзларига нисбатан кучайиб бораётган ишончсизлик кайфиятини бир қадар нари суришди. «Қўқон-1912» «шерлар»дан тортиб олинган 1 очко эвазига Суперлигадаги мавқени мустаҳкамлаш баробарида енгил нафас ростлади. 

Агар Суперлигадаги кичик танаффусдан кейин ўтказиладиган 2та турда «Насаф» ва «Нефтчи» муваффақиятсизликка учраса, охир-оқибат, «Пахтакор» очколар сони бўйича Фарғона клубига тенг­лашсами, улоқ «шерлар»да кетиши аниқ. Чунки «Пахтакор» жорий мавсум «Нефтчи»дан икки марта устун келган. «Шерлар» якуний турларда «Насаф» ва «Навбаҳор»га қарши ўйнашади. Бу жамоаларнинг Суперлига ўйинлари, ўз мухлисларига нисбатан совуққон муносабатини ҳисобга олсак, ҳар икки ўйинда «Пахтакор»нинг ғалаба қозониш имконияти юқори. Бироқ ОКМК ва «Навбаҳор»га қарши баҳсларда дуранг билан чекланган, ўз майдонида «Машъал»дан енгилган, айни шу натижалар таъсирида таъна-дашномлар остида қолган «Насаф» «шерлар»га енгилгина ютқазадими? Ўйлашимизча, 29-турнинг мазкур марказий ўйини ўта оловли ва муросасиз кечади. Бошқача айтганда, «Насаф» наинки ўз шаъни-шавкати йўлида «Пахтакор»дан очко тортиб олишга ҳаракат қилади, балки шу иши билан «Нефтчи»га кўмаклашиб юборади. Яна ким билади?!

«Насаф» - «Машъал» ўйинидан сўнг мантиқ асосида тахмин билдириш бир четга суриб ташланди. Айниқса, «Пахтакор мухлислари Қўқонда 2 очко йўқотилганидан қаттиқ норози бўлишмоқда. Жумладан, 9 ёшидан буён жамоага мухлислик қиладиган қизиққон ва кескин мулоҳаза билдирувчи Ортиқали Маҳмаюсупов яна таҳририятимизга дард-ҳасратга тўла мактуб йўллади: «Пахтакор» Қўқондаги учрашувнинг биринчи бўлимида 10 киши бўлиб тўп сурди, гўё. Яъни Бра­йан Риаскос майдонда нима қилиб ўралашиб юрганини билмади. Муҳаммадқодир Ҳамроалиев ва Дилшод Саитов эса Владимир Назаровга тўп узатиш бобида рекорд ўрнатишди. Башар Ресан иккинчи бўлимда майдонга тушган бўлса-да, тезда чарчаб қолди ва самарасиз финт ишлатишдан бошқасига ярамади. Оқибатда ҳаммаси яна толиққан Ҳожиакбар Алижонов зиммасига тушди. Келгуси мавсум «Пахтакор» ҳужум чизиғида Аденис Шала тўп суриши тарафдориман. «Насаф» ушбу ўта тезкор футболчи потенциалидан етарли фойдаланмаяпти. Агар Шала «Пахтакор»га келса, тайёрига мойил Игорь Сергеевни уйқудан уйғотади!» Кўриниб турибдики, мухлисларнинг мулоҳазалари Суперлига ўйинлари шиддатидан ҳам қизғинроқ.

Ҳа, «Пахтакор» назарий жиҳатдан ҳамон чемпионликка даъвогар. «Аждарлар»да эса яна олтин медаль олиш имконияти «шерлар»никидан кўпроқ. Фақат шуниси борки, «Нефтчи» агар 29-турда «Қизилқум»ни енгишни уддаласа, «Пахтакор» ва «Насаф»нинг умидлари бир зумда йўққа чиқади. Ортда қолган турда «Андижон»дан 3 очко тортиб олган «Қизилқум» турнир жадвалида ўзини хотиржам сезмоқда. Хуллас, «Пахтакор» ва «Насаф» томонидан ўта манфаатли ваъдалар берилсагина «Қизилқум» Фарғонада кучли иштиёқ билан тўп суради ва «интрига»ни мислсиз даражада авжлантириши мумкин. Булар бизнинг шахсий мулоҳазаларимиз. Амалда эса барчасини вақт кўрсатади. Унгача миллий жамоа ва U-17 термаси ўйинларини кузатамиз. 

Аслида ҳам Суперлигадаги муросасиз учрашувлар ёки ишонарсиз ҳисоблардан сўнг Ислом Исмоилов шогирдлари ўйинларини томоша қилиш анчайин мароқли. Ҳа, улар ирландиялик тенгдошларига бас келишолмади. Мағлубият ёқимсиз бўлса-да, мухлислар йигитларимизни хайрихоҳлик билан қўллаб-қувваташмоқда. Негаки, Ислом Исмоилов шогирдлари катта акалари, аввалги терма жамоаларимиздан ўзгачароқ тусда тўп суришга интилмоқдалар. Энг муҳими, ўйин модель бўйича Жанубий Америка ва Европа футболига яқинлашиб бораётгани яққол кўриниб турибди. Тўғри, ёш футболчилар бу йўлда ҳали кўп меҳнат қилишлари керак.  Шарҳловчиларимизнинг ирландиялик ўсмирларни келажакда АПЛда тўп суришлари мумкинлиги ҳақида сўзлаб, ўзимизникиларга келганда, андак тараддудланишгани ҳам ҳозирги ҳақиқий ҳолатнинг ифодасидир. Умид қиламизки, Ислом Исмоилов шогирдлари панамалик тенгдошлари билан баҳсда зафар қучиб, кичик мундиалнинг кейинги босқичига мардонавор йўл олишади. 

Фабио Каннаваро миллий жамоамизни том маънода мустақил бошқаришга киришди. Биз билган, олқишлаган ва бош жамоамизни мундиалга етаклашдек ниҳоятда масъулиятли ишни ўз зиммасига олишдан чўчимаган Темур Кападзе янги мақсадлар сари юз бурди. Унга омад ёр бўлсин. Ишончимиз комилки, Кападзе яқин йиллар ичида яна миллий жамоамиз бошқарувига қайтади. Футбол оламининг табиатини тўла тушуниш қийин ва у бирдан ўзгаришлар сари талпинади. Хусусан, ўзбек футболида ҳам кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар юз берса, бундан ажабланишнинг ҳожати йўқ. Фабио Каннаваро ҳозирча Сардор Баҳромовни миллий жамоамизга чорлади. Бу - янгиланиш сари илк қадам! Ажабмаски, Муҳаммад Салоҳ ва Омар Мармуш каби футболчиларга қарши учрашувлардан сўнг янгиланишлар янада кучайса! Зеро, функционал тайёргарлик бобида Европа ва жаҳон стандартларидан ортда қолаётган миллий жамоамиз янгиланиш, туб ўзгаришларга муҳтож!

Муҳаммад ВАЛИ

Related to this topic: