Катта футбол турнирларида нафақат жамоалар, балки спорт экипировкаларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган компаниялар ўртасида ҳам ўзига хос кураш боради. Ҳар 4 йилликнинг бош турнири - ЖЧ ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Хўш, навбатдаги мундиал яқинлашаётган паллада бу борадаги ҳолат қандай?
SamvelKarlenovich каналида ҳозирга қадар жаҳон чемпионати йўлланмасини расмийлаштирган 28та миллий жамоа қайси брендлар экипировкасидан фойдаланиши ҳақида яхлит маълумот берилди. Унга кўра, АҚШ|Канада|Мексика мундиалига бориши аниқ бўлган жамоалардан 22таси атиги 3та етакчи компания томонидан «кийинтирилади». Гап албатта, Adidas (Германия), Nike (АҚШ) ва Puma (Германия) ҳақида кетмоқда. Қолган 6та жамоа эса шунча брендга «тегишли». Эътиборли томони, ЖЧ тарихида илк марта миллий брендимизни ҳам кўрамиз. Яъни ўз дебютини нишонлайдиган Ўзбекистон миллий жамоаси 7Saber ҳамкори ҳисобланади. Хуллас, ҳозирча ЖЧ-2026 брендлари орасида 8та мижозга эга Adidas етакчи бўлиб турган бўлса, Nike ва Puma 7тадан ҳамкор билан яқин таъқибчи ролида. Компанияларнинг жами сони эса ҳозирча 9та.
ЖЧ-2026га йўл олган терма
жамоаларнинг техник ҳомийлари
Adidas (Германия) - 8та жамоа (Мексика, Япония, Аргентина, Колумбия, Жазоир, ЖАР, Қатар, С.Арабистони)
Nike (АҚШ) - 7та жамоа (АҚШ, Канада, Ж.Корея, Австралия, Бразилия, Уругвай, Англия)
Puma (Германия) - 7та жамоа (Янги Зеландия, Парагвай, Марокаш, Миср, Гана, Кот-д~Ивуар, Сенегал)
Majid (Эрон) - 1та жамоа (Эрон)
7Saber (Ўзбекистон) - 1та жамоа (Ўзбекистон)
Kelme (Испания) - 1та жамоа (Иордания)
Marathon (Эквадор) - 1та жамоа (Эквадор)
Kappa (Италия) - 1та жамоа (Тунис)
Tempo (Австрия) - 1та жамоа (Кабо-Верде)