Бундан 13 йил олдин молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолган ва аутсайдер жамоага айланган «Қайрат»нинг бугун Қозоғистон футболида етакчилар гуруҳига қўшилиб олганида таниқли бизнесмен Қайрат Боранбаевнинг ҳиссаси беқиёс. Ҳар ҳолда, Олма-ота клуби айнан унинг молиявий кўмаги ва саъй-ҳаракатлари эвазига қайта ривожланди, ҳаттоки ЧЛ гуруҳ босқичида ўйнайдиган даражага кўтарилди. Ҳозирда «Алмали» активларни бошқариш холдинг компаниясини назорат қилиш баробарида «Қайрат»га эгалик қилаётган устамон тадбиркор яқинда Россиянинг сhampionat.com сайти ижодкорлари билан бафуржа суҳбатлашди. Аниқроғи, Боранбаев асосан сентябрь ойида «Реал»га қарши кечган ЧЛ ўйини атрофида юз берган воқеалар ҳақида гапириб берди.
- Ўз тарихида илк марта ЧЛ умумий босқичига чиққан «Қайрат»нинг Олма-отадаги илк ўйинда «Реал»дек даҳшатли рақибни қабул қилиши - бу чинакамига тақдир инъоми. Айтингчи, ўша ҳаяжонли кунлар мобайнида нималарни бошдан кечирдингиз?
- О, буни сўз билан таърифлаш мушкул. Тўғриси, клублар миқёсидаги энг нуфузли турнир гуруҳ босқичида иштирок этишнинг ўзидан бошимиз кўкка етиб турган бир паллада илк уй ўйинини «Реал»га қарши ўтказишимиз маълум бўлгач, ақлдан оздирувчи ҳиссиётлар қуршовида қолдик. Очиғи, «Мадрид» билан учрашувда қандай натижа қайд этилиши бизни заррача ташвишга солмади. Зеро, қандай рақибга қарши ўйнашимизни яхши билардик. Шунинг учун «Қироллик клуби» билан ўйинга шунчаки, бебаҳо тажриба сифатида қарадик.
- Ўша ўйинга қадар 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраган жамоани шараф билан олқишлаган мухлисларни кўрганмидингиз?
- Менимча, мухлисларни алдаш мутлақо иложсиз. Улар ўша ўйинда футболчиларимиз номдор рақибга муносиб қаршилик кўрсатишганини ҳис қилишди. Албатта, учрашув олдидан маълум даражада ижобий натижага умид боғлагандик, лекин «Реал»дан очко олиш осон эмаслигини билардик. Ўйлайманки, ўша куни стадионга йиғилган 23 минг мухлис ҳам буни яхши тушуниб турганди.
- Аслида трибуналарда бундан анча кўп одам бордек туюлди...
- Билмадим, ҳар ҳолда, расмий қайдномада 23 минг мухлис йиғилгани кўрсатилди. Шаҳар полицияси маълумотига кўра, чамаси яна 15 минг киши стадион ташқарисида қолган. Албатта, ўйинга қизиқиш ўта юқорилигини билардик, лекин бу даражада катта оломон тўпланишини кутмагандик. Учрашувдан бир неча соат олдин стадионга бориб, буфетлар, ҳожатхоналар, умуман, барчасини шахсан ўзим кўздан кечирдим. Чунончи, аренамиз бироз эски ва бундай катта оломон тўпланса, айрим қийинчиликлар юзага келиши табиий ҳол. Муҳими, шу баҳона етарли тажрибага эга бўлдик, ўзимиз учун баъзи хулосаларга келдик. Қолаверса, ҳокимлик ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан дўстона алоқа ўрнатдик.
- Ҳаяжоннинг турли шакл-лари бор. Хўш, «Реал»га қарши ўйин олдидан мухлислар орасида қандай муҳит ҳукм сурди?
- «Реал» ташрифини нафақат «Қайрат» мухлислар армияси, балки бутун Олма-ота аҳолиси интиқлик билан кутди. Кўчаларда турли қўшиқлар янгради, спорт атрибутлари сотуви кескин ошди. Айрим тадбиркорлар агар ғалаба қозонсак, футболчилар автомобилларига бир ой давомида бепул ёнилғи қуйиш ҳақида ваъда беришгача боришди.
- Агар «Реал» мағлубиятга учратилса, «Қайрат»нинг ҳар бир футболчисига автомобиль берилиши ҳақида ҳам гап-сўзлар урчиганди...
- Ҳа, бу ҳақда эшитдим, агар ғалаба қозонсак, сартарошхоналарда жамоа футболчиларига бепул хизмат кўрсатишларини ҳам айтишди. Лекин фикримча, барчаси жиддий эмасди. Баъзилар турли мемлар яратишга тушишди. Хуллас, одамлар бир ой давомида ҳаёт ташвишларидан бироз чалғишди. Асосийси, ўша ўйин бутун мамлакатни бирлаштирди. Ахир Қозоғистонга дунёнинг энг яхши клуби келди.
- Айрим дўстларингиз чипта масаласида ёрдам беролмаганингиз туфайли сиздан роса ранжишгандир...
- Ўйиндан олдин қўнғироқ қилган ҳар бир киши асосан 2та савол билан мурожаат қилди: «Аҳволингиз яхшими? Чипта масаласида ёрдам бера оласизми?» Афсуски, ҳамманинг илтимосини бажаролмасдим. Эҳтимол, кимларнидир хафа қилиб қўйгандирман, лекин илож қанча...?
- Ўйиндан бир кун олдинги расмий машғулотда ногиронлар аравачасидаги бола «Реал» юлдузлари билан суратга тушди. Буни қандай ташкиллаштирдинглар?
- Ўша куни меҳмонларни кутиб олиш учун ташқарига чиққанимда, Санжар ота-онаси билан кириш эшиги олдида турганди. Отаси ўғлини «Мадрид» машғулотларига киритишда ёрдам беришимни сўради. Шунда дарҳол «Мадрид» директорига мурожаат қилдим. Муҳими, у бола ногирон эканлигини билгач, рухсат берди. Аниқроғи, Санжар қаерда туриши кераклигини кўрсатди. «Реал» футболчиларидан эса майдонга тушишда бу болага эътибор қаратиш сўралди. Энг таъсирли томони, бирор футболчи унинг ёнидан бефарқ ўтиб кетмади.
- Ўйиндан кейин Хаби Алонсо билан учрашдингиз. Қизиқ, у «Қайрат» эгаси билан гаплашаётганини билдими?
- Алонсо аввалига мени танимади. Шунчаки, саломлашди ва кетишга чоғланди. Шунда бразилиялик Рикардиньо уни тўхтатиб, мени таништирди, кейин бироз суҳбатлашдик, бирга суратга тушдик.
- «Қайрат» янги стадион қуриш масаласида ҳокимият билан музокара олиб бораётган экан...
- Шундай. Ҳозирда барчаси деярли ҳал қилинган. Янги стадион учун шаҳар аэропорти яқинидан жой ҳам ажратилди. Режа бўйича қурилиш ишларини янги йилдан кейин бошлашимиз керак. Тахминан 35 минг мухлисга мўлжалланадиган янги аренани 2027 йилнинг охиригача фойдаланишга топширсак, ажабмас.
- «Қайрат» ўз тарихидаги энг муҳим даврни ўтказаётгани тайин...
- Асл мақсадимиз ҳам шу эди - ЧЛ асосий босқичида ўйнаш. Бироқ бу вазифани уддалаш осон эмас. Чунки Қозоғистон рейтинги пастлиги туфайли клублар 4та саралаш босқичидан ўтиши керак. Жумладан, бизнинг «Селтик» ва «Слован»дек ЧЛ ҳавосини олган тажрибали клубларни енгиб ўтишимизга тўғри келди.
- Маълумотларга қараганда, «Қайрат» жорий мавсум ЧЛ умумий босқичида ғалаба қозонмаса ҳам якунда 20 миллион евродан кўпроқ пул ишлайди. Бу эса клубнинг йиллик бюджетидан икки баравар кўп...
- Ҳа, лекин бу даромад эмас, балки айланма маблағ эканлигини тушуниш керак. Негадир ҳеч ким клубни шу даражага келтиришгача қанча маблағ сарфланганини ҳисобламайди. Масалан, хорижлик футболчилар Қозоғистонга катта маош эвазига келишади. Ваҳоланки, легионерларга сарфланган капитал ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Тан олиш керак, аксарият легионерлар бу ерга фаолиятларининг якуний босқичида келишади. Ёшлар эса маҳаллий лигамиздан кучли чемпионатларга йўл олиш мумкинлигига ишонишмайди. Хуллас, ЧЛдаги иштирок орқали топилган пул клубимиз стратегиясини заррача ўзгартирмайди. Оддий айтганда, шу вақтгача сарфланган маблағнинг маълум қисми қайтди...
- Демак, таркибни янада кучайтириш учун ортиқча маблағ сарфланмайди, шундайми?
- Йўқ, йўқ... Шунчаки, айтмоқчиманки, молиявий имконият кенгайганини ҳисобга олиб, трансферлар бозорида беҳуда пул сарфламоқчи эмасмиз. Таъкидлаганимдек, клубнинг муайян стратегияси бор ва ундан оғишмаймиз. Тўғри, таркибдаги аксарият йигитларнинг шартномаси муддати тугамоқда. Шунингдек, икки ҳужумчимиз жароҳат ортидан узоқ муддатга сафдан чиқди. Умуман, жамоамизда кимлар қолишларини аллақачон ҳал қилганмиз, кетадиганлар рўйхати ҳам маълум. Шунингдек, келаси йил «Челси»га йўл оладиган Дастан Сатпаев ўрнини сифатли ижрочи билан тўлдириш бўйича иш бошлаганмиз.
- Айтганча, Сатпаевнинг «Челси»га трансфери қандай рўй берди?
- Дастан борасида Лондон клубидан баҳорда расмий таклиф тушганди. Айтиш керак, бунга қадар футболчимизга бирор катта клуб жиддий қизиқиш билдирмаганди. Хуллас, «Челси»дан келган хатни Сатпаевнинг ота-онасига кўрсатдим, уларнинг фикрларига қизиқдим. Барча масалалар ижобий ҳал этилгач эса, шартнома имзоланди.
- Александр Кержаковнинг «Қайрат» бошқарувидан кетишига уни ҳақоратлаганингиз сабаб бўлгани ростми?
- Бу борада гапиришни истамайман. Масала фақат Кержаков ва менга тегишли. Назаримда, Александр мураббий сифатида ҳали ўз устида кўп ишлаши керак. Унга муваффақият тилайман. Ишини ҳурмат қиламиз. Дейлик, чемпионликка эришганимиздан сўнг шахсан ўзим Кержаковга қўнғироқ қилдим ва бу ютуқда унинг ҳам ҳиссаси борлигини айтиб, миннатдорчилик билдирдим, ҳатто кечки овқатга таклиф қилдим. Чунки ўша пайт ҳали Олма-отадан кетмаганди.
- Хўш, Кержаковга ҳам олтин медаль берилдими?
- Йўқ, у тақдирланадиганлар рўйхатига киритилмаганди.
- Нега? Ахир жамоани мавсумнинг катта қисмида айнан Кержаков бошқарганди-ку...
- Адашдингиз, у бизда атиги 4 ой ишлади, холос.
- Охирги савол: ЧЛдек нуфузли турнирда иштирок этишни уддалаган «Қайрат»нинг галдаги мақсади нима?
- Асосий вазифамиз - ЧЛ гуруҳ босқичини кучли 24таликда якунлаб, «плей-офф»га йўл олиш. Бутун кураш ҳали олдинда. Муҳими, ўз кучимизга ишончни йўқотмасак, бас. Зеро, «Қайрат» турнир жадвалида катта йўқотишларга дуч келган ягона жамоа эмас.
Манба: championat.com, Х.ЮСУПОВ тайёрлади