Search

Қашқадарёда футболни ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишилди

 Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудларда футбол оммавийлигини ошириш, болалар-ўсмирлар, оммавий ва аёллар футболини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди. 

 Куннинг биринчи қисмида Қаршидаги “Геолог” спорт мажмуасида жойлашган “Севинч” қизлар академиясининг фаолияти, инфратузилмаси ҳамда футболчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Масъуллар билан ушбу йўналишда бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, мураббийлар билан суҳбатлар ўтказилди ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди. “Севинч” тажрибаси асосида қизлар академиялари сонини ошириш таклифи илгари сурилди. 

 Бугун, шунингдек, Қашқадарё вилояти футбол академиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Муроджон Азимов, ЎФА раҳбарияти, фахрийлар, футболчи ва мураббийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 Мазкур академия бир вақтнинг ўзида 154 нафар ёш футболчини қабул қилиб, уларни тайёрлаш имкониятига эга. Мажмуа таркибида замонавий ётоқхона, футбол майдонлари, спорт зали, конференция зали ва ўқув бинолари мавжуд. Маскан замон талабларига мос тарзда жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди. 

 Очилиш маросимида академия тарбияланувчилари орасидан келгусида терма жамоаларимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган футболчилар етишиб чиқишига ишонч билдирилди. 

 ЎФА раҳбарияти футбол фахрийси Наримон Жалолов хотирасига бағишланган фахрийлар ўртасидаги Республика мусобақасининг тақдирлаш маросимида иштирок этди. Тадбир давомида бир қатор футбол фахрийларига “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонлари топширилди.

Манба: ЎФА

Related to this topic: