Мадрид клуби ўзининг расмий сайтида молиявий ҳисоботи эълон қилди. Унда клуб 2024/2025 йилги мавсумни 24 миллион евро соф фойда билан якунлаётгани, яъни ўтган йилга нисбатан 56 фоиз (9 миллион еврога) ўсиш қайд этилгани ёзилган. Ўтган молиявий йилдаги трансферларни ҳисобга олмаганда клуб даромади рекорд қийматни — 1,185 миллиард еврони ташкил қилди, бу аввалгисига нисбатан 10 фоизга кўп. Бунгача ҳеч бир футбол клуби 1 миллиард евролик маррани забт этмаганди. Айтганча, бу суммага трансферлардан тушган даромадлар киритилмаган. Қайд этилишича, «Реал»нинг ўз капитали 598 миллион еврога ошган. Қарз коэффициенти 0 га тенг, бу клубнинг молиявий мустақиллигини кўрсатади. Ўз навбатида, клубнинг соф қарзи, стадионни реконструкция қилиш учун олинган кредитларни ҳисобга олмаганда, 12 миллион еврони ташкил этди. Кредитлар бўйича тўланмаган қолдиқ 1,132 миллиард еврога тенг.
«Реал» мавсумни рекорд даражадаги даромад билан якунлади
