Кўпгина спорт турларида Эло рейтингидан фойдаланилади. Ушбу ишончли тизим футболга шахматдан келган ва венгриялик профессор Арпад Эло номи шарафига берилган. Тизимда баллар берилади, шунинг учун ҳар бир клуб учун унинг энг юқори кўрсаткичини ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу динамик тизим бўлиб, унда етакчилар доимо ўзгариб туради. Бироқ, мезонларни сақлаб қолиш туфайли Европа футболи тарихидаги энг юқори рейтингга эга 11 жамоани ажратиш мумкин. Рўйхат иккита таниқли жамоанинг очколари тенглиги билан бошланади.
10-ЎРИН. «МЮ» ва «Челси»-2008
Баллар: 2029.
ЕЧЛ-2007|08нинг «Лужники»даги финали иштирокчиларнинг кучи билан ажралиб турди. ЖЧ-2002да футбол тарихидаги энг кучли миллий жамоалардан бири - ўша буюк Бразилия терма жамоасини тузган Луис Фелипе Сколари «Челси» билан сэр Алекс Фергюсон раҳбарлигидаги «Манчестер Юнайтед»га пенальтилар сериясида мағлуб бўлади. Терри «нуқта»дан зарба беришда сирғалиб тушди ва дуэлда ван дер Сар ғолиб чиқди. Роналду ва Лэмпард, Руни ва Дрогба билан жамоалар бир—бирига жуда мос эди.
9-ЎРИН. МТК Будапешт-1955 йил
Балл: 2037.
Бу ерда сиз рейтингга шунчаки ишонишингиз керак, чунки ўша даврдаги МТК ўйинларининг барча ёзувларини топиш мумкин эмас. Будапештдаги қўзғолондан бир йил олдин, одамлар коммунистик ҳукуматни ағдаришга уринишганида, маҳаллий МТК жамоаси ажойиб футбол намойиш этган эди. Улар ўша пайтдаги Венгрия футболининг супер юлдузларисиз ёрқин ижро этишди. Форвард Кубала «Барселона»да ўйнаган, Пушкаш эса «Реал»га қочишга тайёргарлик кўраётган эди. МТКда Хидегкути, Лантош ва Шандор бор эди, жамоани эса Тибор Кемень бошқарган.
8-ЎРИН. «Милан»-1993 йил
Балл: 2052.
Бу жамоани Сакки Капелло учун тайёрлади, Фабио эса уни ўзига мослаштирди. Ўша «Милан» дастлаб «Марсел»га тарихдаги биринчи Чемпионлар Лигаси финалида мағлуб бўлди, фақат бир йилдан сўнг Афинада турнирнинг ҳал қилувчи ўйинида Кройфнинг «Барселона»си 4:0 ҳисобида йўқ қилинди. Аммо тарихидаги энг юқори баллни «Милан» 1993 йилнинг баҳорида тўплади. Таркибда Тассотти, Мальдини, Барези ва Костакуртадан иборат метин ҳимоя, буюк голландлар - Райкард ва ван Бастенлар бор эди.
7-ЎРИН. «Бавария»-2020
Балл: 2066.
Шляпани ечамиз - Ханси Флик «Бавария»ни жаҳон пандемияси даврида тайёрлаганди. Немислар ЕЧЛ плей-офф босқичида «Барселона» устидан 8:2 ҳисобидаги ақлбовар қилмас ғалабалари билан ёдда қолишди. Финалда эса Нойер, Боатенг, Алаба, Киммих, Алькантара, Мюллер ва Левандовскилардан иборат жамоа Мбаппега турнирдаги илк ғалабасига эга чиқишига йўл қўйишмади.
6-ЎРИН. «Реал Мадрид»-1961
Балл: 2069.
1961 йилнинг баҳорида ақл бовар қилмайдиган даражада Элонинг юқори рейтингини қўлга киритганида, «Реал»ни Мигель Муньос бошқарган. Қизиғи, ўша «Реал» Европа Чемпионлар Кубогини юта олмади, чунки Ди Стефано, Пушкаш, Хенто ва Сантамариялар қариб қолишганди, янги юлдузлар эса кучайишга улгурмаганди. Муньос 1966 йилда ЕЧКни қўлга киритади, «Реал» ўзининг энг юқори чўққисида эса Ла Лигада «Барселона» устидан қозонилган ғалаба билан кифояланмоқда.
5-ЎРИН. «Ливерпуль»-2020
Балл: 2091.
«Бавария» Флик билан энг юқори рейтингга 2020 йилнинг кузида эришди, Клоппнинг «Ливерпул»и эса клуб тарихидаги илк АПЛ ғалабаси йўлида ўз формасини тиклади. Пандемия авж олди, аммо чемпионат танаффусдан сўнг якунига етказиб қўйилди. «Ливерпуль» ван Дейк, Вейналдум, Хендерсон ва машҳур ҳужумчилар учлиги - Салоҳ, Мане ва Фирминога таяна олди. ЕЧЛни кутилмаганда «Атлетико»дан мағлуб бўлиб, эрта тарк этишди, аммо Европадаги муваффақиятсизликни АПЛдаги 99 очко билан қоплашди. Ўша «Ливерпуль» чиндан ҳам ажойиб эди.
4-ЎРИН. «Манчестер Сити»-2023
Балл: 2093.
Кучли бешликда учта жамоа бор - барчасини кўпчилик ҳурмат қиладиган мураббий Гвардиола бошқарган. «Манчестер Сити» ЕЧЛда ғалаба қозонган йили энг юқори даражасига чиқди. Рейтингнинг барча иштирокчилари ҳам Европа футболида устунлик қилганларида қатор-қатор совринларни қўлга кирита олишмаган, аммо «шаҳарликлар» ёқимли ва фойдали нарсаларни бирлаштирганди. ЕЧЛдан ташқари, улар «Арсенал»ни ортда қолдириб, АПЛда ҳам ғолиб чиқишди.
3-ЎРИН. «Реал Мадрид»-2014
Балл: 2099.
Классикага ўтамиз: зеро, Анчелотти бошчилигидаги 2014 йилги «Реал» «қаймоқранглилар» мухлисларига ЕЧЛдаги кетма-кет ғалабалар сари йўл очди. «Барселона» ва АПЛ клублари билан рақобат туфайли Мадриднинг ажойиб жамоаси «Атлетико»га қарши камбэк ва қўшимча вақтда ғалаба қозониш учун куч топа олди. Рамоснинг голи ҳеч қачон унутилмайди. Таркибда Касильяс, Карвахаль, Варан, Хедира, Ди Мария ва Модричлар бор эди. Ҳужумда буюк ВВС учлиги - Карим Бензема, Гарет Бэйл ва Криштиану Роналду. Анчелотти 12 йиллик муваффақиятсизликдан сўнг «Реал»га ЕЧЛ кубогини қайтариб берди.
2-ЎРИН. «Бавария»-2014
Балл: 2106.
Кимки «Бавария»нинг Гвардиола қўл остидаги ўта тоза ишидан ҳайратланса, юқори баҳога шубҳа қилмайди. Немисларда клуб тарихида буюк жамоалар етарлича бўлган, аммо айнан Гвардиола ва Флик билан мавсумларда устунлик қилишган. Бироқ, Хосеп «Бавария» билан ЕЧЛда ғалаба қозона олмади. Аммо жамоа чиройли ўйнади, ярим финалда «Реал»га ютқазса ҳам майли. 4:0 ҳисобидаги мағлубият Гвардиола шогирдлари учун шок бўлди. Мюнхенда ҳимоячи Рамос ва ҳужумчи Роналдунинг дублларидан кейин мағлуб бўлди. Аммо рейтингда ўша «Реал»дан бир поғона юқорилади.
1-ЎРИН. «Барселона»-2012
Балл: 2110.
Гвардиола Каталония жамоаси футболчиларини ақл бовар қилмас даражада тушунишга эришди. Шунингдек, 2014 йилда «Реал» билан бўлгани каби, «Барса»да ҳам ўзига хос ёрдамчи бор эди. Месси 2012 календар йилида клуб ва терма жамоа сафида 91та гол урди - бу футболдаги энг таъсирчан рекордлардан бири. Ўша «Барселона» ўйинларини жонли эфирда кўрмаган ҳар бир кишига ҳамдардлик билдираман. Майли, ЕЧЛда ғолиб бўлишмади - уларни бўлажак триумфатор «Челси» чиқариб юборди, аммо Пуйоль, Бускетс, Хави, Иньеста ва Мессининг классига шубҳа йўқ.
Кўриб турганингиздек, соврин йиғувчилар ҳар доим ҳам чўққига чиқавермайди. Бу ерда замонавий футболни яратган «Аякс» йўқ, Беккенбауэрнинг «Бавария»си ва 80-йилларидаги «Ливерпуль» йўқ. Аммо рўйхатдаги барча жамоалар ўйин тарихида катта из қолдирган. Икки мартадан «Реал» ва «Бавария», энг юқорисида «Барселона» номи тилга олинган. Ўшанда янги юлдузлар томонидан ҳурматга сазовор бўлган Месси барчани йўқ қилган, аммо «Челси» дарвозабони Чех билан курашда қоқилганди. Рўйхат иштирокчиларининг мағлубиятлари ҳам илоҳий ўйиннинг инсоний табиатини таъкидловчи гўзал деталдир.
Манба: soccer.ru, А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади