Уэльс чемпиони - ТНС («Нью-Сейнтс») ЧЛ саралаши биринчи раундидан ўрин олган ўйинда формасига оддий ручкада рақам ёзилган футболчини майдонга туширди. Наҳотки? Цивилизация бўйича аллақачон чўққига кўтарилган асосий еврокубокда ҳам шунақа бўлиши мумкинми?
«Нью-Сейнтс» ўтган мавсум Конференциялар лигаси гуруҳ босқичига чиқиш асносида Уэльс футболи тарихида янги саҳифа очганди. Чунончи, бунга қадар Уэльс вакили еврокубокларнинг асосий раунди юзини кўрган эмасди. Мана, «янги авлиёлар» (жамоа лақаби) жорий мавсум яна ўзларини кўрсата бошлашди, фақат бошқача йўл билан. Македониянинг «Шкендия»сига қарши кечган уй ўйинининг биринчи бўлими охирида Рори Холден рақиб билан тўқнашиб кетди ва формаси қонга беланди. Футболчига тезда тиббий ёрдам кўрсатилди ва у ўйинни давом эттиришга тайёр эди, аммо либоси... Хуллас, бош ҳакам Холдендан формасини алмаштиришни сўради. ТНС ходимлари эса муаммони ҳал қилиш йўлини тезда топишди: шунчаки, захира футболканинг орқасига оддий ручка билан 18 рақамини ёзишди. Ҳакамлар бригадаси эътироз билдирмади ва Рори майдонга қайтди.
«Сохта» формага узоқ вақт эҳтиёж сезилмади: орадан кўп ўтмай, биринчи бўлим якунланди. Танаффусда эса «Парк Холл» стадионида янги футболка тайёрлашга улгуришди. Шу тариқа Холден иккинчи бўлимга фамилияси ва ўйинчилик рақами босилган либосда тушди. У 80-дақиқагача анча яхши ҳаракатланди ва трибуналар олқиши садоси остида захирага чиқди. Айни шу воқеа ўйиннинг энг ҳайратланарли томони бўлиб қолди. Бинобарин, мухлислар гол кўришмади - 0:0. Демак, ҳаммаси 15 июль куни (бугун) Скопьеда бўладиган жавоб учрашувида ҳал этилади.
Рори Холден кетма-кет 2-йил кўпчилик эътиборини Уэльснинг камтарона клубига қаратмоқда. Дейлик, у ўтган мавсум «Астана» дарвозасини нишонга олган ва ТНС еврокубоклар гуруҳ босқичи ўйинида ғалаба қозонган Уэльснинг биринчи вакили бўлганди. Энди «авлиёлар» ўша натижани ЧЛда ҳам такрорлашлари мумкин, фақат аввалига Скопьеда ғалаба қозонишлари талаб этилади. Кейинги босқич («плей-офф»)да эса Уэльс чемпиони «Стяуа» (Руминия) - «Интер Эскальдес» (Андорра) жуфтлиги ғолибига қарши ўйнайди.
Манба: sports.ru