Томас Вулф адабиётда фақат битта мақтовга арзийдиган сюжет - уйга қайтиш бўлади, деганди. Футболда июнь ойидаги асосий камбэкни 24 йиллик узоқ танаффусдан кейин Ла Лигага қайтган «Овьедо» жамоаси амалга оширди. 8 йил аввал оёқларидан жудо бўлишига бир баҳя қолган Санти Касорла эса, Карбайон эртагининг қаҳрамони бўлганди. Ҳа, агарда ёшингиз 30га етмаган бўлса, «Овьедо» ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлишингиз мумкин. Ахир ўша даврда нақ 7 йил давомида 221та учрашувда «кўклар» шарафини Виктор Онопко ҳимоя қилганди. Боз устига, сардорлик боғичи билан, албатта. Янги асримизнинг дастлабки йилида россиялик ҳимоячи билан клубнинг ҳамкорлиги ниҳоясига етди - жамоа Сегундага тушиб кетди, Виктор «Райо Вальекано»га йўл олди.
Санти Касорланинг энг сермаҳсул мавсумлари (гол+пас)
• «Арсенал», 2014|2015 (12+12);
• «Ал-Садд», 2020|2021 (13+11);
• «Вильярреал», 2010|2011 (11+10);
• «Арсенал», 2014|2015 (7+11);
• «Вильярреал», 2010|2011 (5+10).
Шундан бери «Овьедо»нинг ҳаёти жаҳаннам азобига айланди: клуб молиявий манбаларидан жудо бўлди, 7 йилни тўртинчи дивизион машаққатлари билан ўтказиб, қарийб банкрот ҳолатига тушиб қолди. Ниҳоят, 2012 йилда клуб акциялари пакетини харид қилган мухлислар беминнат халоскорларга айланишди. Ўша серҳиммат фанатлар орасида Хуан Мата, Мичу ва албатта, Санти Касорла каби машҳур тарбияланувчилар бор эдилар.
Касорла бутун фаолияти давомида жонажон жамоаси сафида ўйнаш орзусини гапириб юрарди. Ўсмирлик чоғида бунга эриша олмади - 17 ёшли йигитчани «Вильярреал» сўниб бораётган «Овьедо»дан сотиб олганди. Сантининг яшил майдондаги фаолияти ўта машаққатли ўтди: 20 йил ичида 5та клубда тўп сурди, 2 марта Европа чемпиони бўлди, жуда кўп оғриқли жароҳатларни бошдан кечирди.
Шикастланишлар билан боғлиқ фалокатлар 2013 йилда, терма жамоа сафида майдонга тушган Касорланинг тўпиқ суягида дарз пайдо бўлиши билан бошланганди. Сантининг эътирофига кўра, шундан кейин доимо кучли оғриқ билан тўп суришга мажбур бўлган. Бир қатор оғир жароҳатлар орасида тиззалари ҳам баъзан унга бўйсунмай қоларди. Бироқ у учун болдир ва товон суякларини бириктирувчи бўғин асосий муаммо бўлиб қолганди.
Жарроҳлик муолажалари ёрдам бермагач, «Арсенал»да тўп сураётган Касорла ўзининг она-шаҳри - Саламанкага йўл олганди. У ерда маҳаллий шифокор Сантининг оёғига инфекция тушгани ва товон суягига микроб киритганини аниқлаганди: «Агар сен футбол ўйнаш эмас, ўғлинг билан боғда сайр қилишга ярасанг, хурсанд бўлавер!»
Касорла яна жарроҳлар ҳомийлигига муҳтож ҳолатга тушиб қолди. 2017 йилнинг май ойида қўл терисини олиб, оёғига ўрнатишди ва реабилитация бўлимига жўнатишди. Оқибатда Санти тўлиқ мавсумни ўтказиб юборди. Умидсизликка тушиб қолган «Арсенал» ярим ҳимоячининг шартнома муддатини узайтириш режасидан воз кечди. Бироқ испаниялик футболчи қандайдир мўъжиза кўмагида спорт формасини тиклаб, «Вильярреал»га қайтди.
Орадан 2 йил ўтгач, Касорлани «Ал-Садд» клуби ўз сафига таклиф этди. Ўшанда бу 36 ёшли футболчи учун сўнгги бекатдек кўринганди. Қатарда Санти 3 мавсум тўп сургач, унга яна пул тўла халтани тақдим этишди ва яна 2 йил ўйнашни илтимос қилишди. Бироқ Касорла «Овьедо»га қайтишни маъқул кўрди.
«Афсуски, қоидага биноан текинга ўйнаш мумкин эмас. Ҳозир минимал даражада маош оляпман. Менинг шарифим ёзилган футболкалар сотувидан келадиган даромаднинг 10 фоизини академиянинг эҳтиёжларига ажратишларини илтимос қилдим», - деганди афсонавий футболчи қадрдон клубига келгач.
Ўзининг дебют мавсумида Касорла асосан захирадан майдонга тушди. Лекин шундай вазиятда ҳам «Овьедо»га тўқнашув финалига чиқишда ёрдам берганди. Дастлабки уриниши самара бермаган бўлсада, фахрий футболчи тушкунликка тушмади: «Кейинги мавсумда ҳаммаси яхши бўлади».
Санти ёлғон гапирмаганди: карбайонликлар «Мирандес»ни маҳв этиш баробарида Ла Лига йўлланмасини ҳам нақд қилишди. Касорла эса 35та ўйинда 10та голли ҳаракатни амалга ошириб, ҳақиқий етакчига айланганди. Табиийки, триумф арафасида ҳал қилувчи синов юз берди: финал тўқнашувнинг дастлабки баҳсини Касорла тиззасидаги жароҳат туфайли ўтказиб юборди. Шуни инобатга олганда, жавоб учрашувида ҳам Санти майдонга тушмаса тўғри бўларди. Бироқ у руҳий азоб-уқубатларга кўника олмайдиганлар тоифасидан: «Мен майдонга тушаман. Бу менинг фаолиятимдаги энг муҳим, ўзига хос ажойиб ўйин. «Овьедо»га бўлган муҳаббатим менга қўшимча куч-қувват беради».
Якунда Касорла 39-дақиқада пенальтини голга айлантирди, жамоа эса дастлабки учрашувдаги минимал мағлубиятга 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан жавоб қайтарди. Шундан кейин Санти қалбини очди: «Энди мен чинакамига бахтиёрман!»
Манба: sovsport.ru, А.АҲМЕДОВ тайёрлади